Мусулмон оламида тартибсизликлар: барчаси режа бўйича кетмоқда…

Мусулмон оламида тартибсизликлар: барчаси режа бўйича кетмоқда…

30 йил муқаддам америкалик стратеглар истеъмолга “Катта Яқин Шарқ” (The Greater Middle East) тушунчасини киритдилар. Бу ҳудуд Мағрибдан Бангладешгача бўлган майдонни ўз ичига олиб, у ерда, асосан, АҚШнинг бирламчи манфаатлари муҳим ўрин тутади.

2006 йилда бу ҳудудда Америка устунлиги ҳақидаги дастур бутунлай янгиланди ва унга янада аниқлик киритилди: АҚШнинг ўша пайтдаги давлат котиби Кондолиза Райс ҳудудни “Янги Яқин Шарқ” деб номлади.  Режага кўра ҳудуд майдони Яқин Шарқда Ливандан Сурия, Ироқ, Эрон ва ҳатто Афғонистон чегараларигача бўлиши кўзда тутилган эди. Буларнинг барчаси “ижодий тартибсизлик” дея номланди. Ўша йилнинг ўзидаёқ Американинг Armed Forces  (Қуролли кучлар) журналида полковник Ралф Питерс тузган “Янги Яқин Шарқ”нинг харитаси чоп этилди. У ҳукуматнинг, сиёсатчиларнинг, ҳарбийларнинг ва бошқа ижтимоий давраларнинг эътиборига ҳавола этилиши асносида келажакда Яқин Шарқда содир бўладиган ўзгаришларга нисбатан жамиятнинг муносабати шакллантириб борилди.

“Араб баҳори” бошланиши билан америкаликлар ҳудудни геосиёсий жиҳатдан қайта шакллантиришга киришдилар. Бу, ўз навбатида, Исроилнинг таъсири масаласини ҳам четлаб ўтмади. Муаммо ўша пайтдан бери кун тартибидан тушгани йўқ. Мазкур масала қандай шаклни олмасин, у фақатгина битта кўринишда бўлади: Исроил қурбон сифатида тақдим этилади. 2011 йилнинг баҳорида, Ливияга қарши уруш авж олган ва Фаластин муҳторияти ўзининг БМТга аъзолик масаласини кўтариб чиққан маҳал, ғарб ОАВлари бир ёқадан бош чиқариб Вашингтонни сотқинлик ва “яҳудийлар давлатини Исломни ниқоб қилганларга бой берган”лиги ҳақида шовқин сола бошладилар. Бу каби даъволарнинг асоссизлиги барчага маълум бўлган бугунги кунимизда эса, Суриядаги вазиятнинг тобора ёмонлашиб бораётгани сабабли Эроннинг Исроилга таҳликали таҳдид қилаётганига урғу берилмоқда.

Ваҳоланки, энг муҳим омил, парда ортида қолиб кетмоқда. У ҳақида ҳеч нарса дейилмаяпти. У ҳам бўлса, Исроилнинг ўзини ўраб турган араб-мусулмон давлатларидаги мавжуд вазиятни издан чиқариш ва улар ичида уруш оловини алангалатишдан манфаатдорлигидир.

 

***

Бундай манфаатдорликнинг сабаблари ҳақида, Исроилнинг таъсири кенг элитаси ичида шакллантирилган “гиперсионизм” доктринасининг асосчиларидан бири бўлмиш Раввин Авраам Шмулевич 2011 йилдаги суҳбатида очиқчасига маълум қилган эди. Унинг “араб баҳори” ҳодисасини Исроилнинг фойдасига содир бўлди, деб баҳолаганлиги жуда қизиқ. “Мусулмонлар дунёси, − деб ёзади Шмулевич, − тартибсизлик ҳолатига чўмади. Бу яҳудийлар учун ижобий омилдир. Тартибсизлик − назоратни қўлга олиш ва яҳудийларнинг ривожланган тизимини ҳаракатга келтириш учун жуда қулай фурсатдир…

Биз нафақат араблар элитасини сотиб оламиз, балки уни қўлимиздан таомлантириб, ўзимиз тарбия қиламиз. Эркинликни қўлга киритган одам, бу эркинликдан қандай фойдаланиш ҳақидаги кўрсатмаларни ҳам олиши керак. Инсоният фойдаланадиган бу кўрсатмаларни биз ёзиб берамиз. Яҳудийларнинг гуллаб-яшнаши араб инқилоблари олови ила юзага келади”.

Шмулевич Исроилнинг ташқи-сиёсий мақсадлари ҳақида гапирар экан, у “Тавротда белгиланганидек, Нил ва Ефрат дарёлари бўйлаб табиий чегаралар” ўрнатиш зарурлигини таъкидлаб ўтди. Ундан кейин эса иккинчи − Яқин Шарқ минтақасида Исроил етакчилигини ёйиш босқичига ўтилади. Шмулевич бу борада ҳам ўз фикрини очиқчасига баён қилган: “Параллел равишда Яқин Шарқ минтақасида таназзулнинг занжирли жараёни ва тизимларнинг қайта шаклланиши бошланади. Асад… икки йилдан ортиқ муддатга дош беролмайди. Иорданияда инқилоб бошланади. Курдлар ва Кавказ минтақаси ҳам Яқин Шарқнинг ажралмас қисми сифатида жунбушга келади…” Бу ҳодисаларнинг барчаси Ироқ ёки Афғонистонда бўлганидек кўриниши керак.

Агар Шмулевич “Инона режаси” номи билан машҳур 1982 йилдаёқ баён этилган исроиллик етакчиларнинг стратегик ғоясида ифода этилган асосий тушунчаларни такрорламаганида, уни маргинал (жамият қонунлари билан яшамайдиган одам) деб аташ мумкин бўлар эди. Қўшни араб давлатларини “болқонлаштириш”, яъни яккалаштириш ҳамда улардаги вазиятни издан чиқариш орқали Исроил ҳукуматининг минтақавий етакчилигига эришишга йўналтирилган бу режа, Кондолиза Райс ва полковник Ралф Питерс тақдим этган “Янги Яқин Шарқ” лойиҳасида деярли тўлалигича ўз аксини топди.

Гап Исроилнинг ташқи ишлар вазирлигига бириктирилган исроиллик журналист Одед Инон тайёрлаган “Исроилнинг 1980 йиллардаги стратегияси” режаси ҳақида бормоқда. Режа биринчи марта Бутунжаҳон сионистлик ташкилотининг ахборот хизматига тегишли “Кивуним” (Йўллар) журналида 1982 йилда иврит тилида чоп этилган. Шу йилдаёқ Араб-Америка университети бирлашмаси таржимасини шарҳлаб берган машҳур исроиллик публицист Израэл Шахак амалга оширган матн таржимасини чоп этди. 2013 йилнинг куз фаслида Шахакнинг мақоласи интернетда маълум қилинди.

Мақоланинг кириш қисмида, хусусан, шундай дейилган эди: “Ушбу маълум қилинган ҳужжат “Буюк Исроил”ни яратишга тааллуқли бўлиб, бугунги кунда Нетаняху ҳукумати томонидан илгари сурилаётган (“Ликуд” партияси фракцияси) ҳамда Исроилнинг интеллектуал юқори қатлами ва ҳарбийлари орасида кенг тарқалган кучли таъсирга эга сионистлар ҳаракатининг муҳим асоси ҳисобланади… 2006 йилдаги Ироқ ва Ливан уруши, 2011 йилдаги Ливия уруши, шунингдек, Сурияда давом этаётган жанговор ҳаракатлар ва Мисрдаги ҳукуматнинг алмашиниш жараёнлари бугунги кун нуқтаи назаридан, сионистларнинг Яқин Шарқ бўйича режасининг бир қисми эканлиги англаниши керак”.

Бу режа Исроилнинг араблар қуршовида тирик қолиши шартларини белгилаб берувчи икки асосий тамойилга асосланади: биринчиси, Исроил минтақавий империалистик давлатга айланиши керак; иккинчиси, Исроил ўзига чегарадош бўлган барча араб давлатларини таназзулга учратиб, бўлакларга ажратиб ташлаши керак. Бу давлатларнинг майдони уларнинг этник ва диний таркибига боғлиқ бўлади. Зеро, янги давлатларни диний асосга кўра шакллантириш Исроилга маънавий устунлик жиҳатини берган бўлар эди.

Араб дунёсидаги давлатларни парчалаш фикри янги бўлмай, балки у анча олдин тузилган сионист стратегик режасининг таркибий қисмидир. 1982 йилда Израэл Шахак тақдим этган Инона режаси аниқ ва мукаммал режани – “бутун минтақани кичик-кичик давлатларга бўлиб ташлаш ва амалдаги араб мамлакатларини парчалаш орқали Яқин Шарқ минтақасида сионистлар режими”ни ўрнатишни кўзда тутади. Шахак эътиборни икки муҳим ҳолатга қаратади: биринчиси,  Исроилнинг стратегик режаларида араб давлатларини кичик қисмларга бўлиб ташлаш; иккинчиси, “Ғарбни ҳимоя қилиш” фикрини илгари сурувчи АҚШнинг неоконсерватив қатлами билан алоқа қилиш; Бу алоқа шунчаки расмиятчиликдан ўзга нарса эмас, режа муаллифининг ҳақиқий мақсади эса, Исроил империясини яратиш ва уни дунёнинг энг қудратли давлатига айлантиришдир, яъни “Бошқа сўзлар билан айтганда, − деб изоҳ беради Шахак, − режадан мақсад, америкаликларга фириб беришдир, ундан кейин эса Исроил қолган барчани алдайверади”.

Одед Инон асосланаётган энг асосий ёндашув − дунёнинг янги тарихий даврга етиб келгани ва “Уйғониш асридан бери ғарб тамаддуни ривожи ва ҳаёт тарзига пойдевор бўлиб хизмат қилаётган мантиқий ва умуминсоний дунёқарашни таназзулга учратиш”дан иборат эканлигидадир.

Дунё табиий бойликлар учун глобал уруш сари одимламоқда ва бу, аввало, Форс кўрфазида ўз аксини топади. Ушбу ҳолатнинг араб-мусулмон дунёсидаги вазият билан боғликлигини баҳолар экан, Одед Инон: “Охир-оқибатда биз билган бу дунё атрофимизни ўраб турган замонавий тузулмалар билан келиша олмайди ва, албатта, инқилобий ўзгаришлар босқичи билан тўқнашади. Араб-мусулмон дунёси хорижликлар (ХХ асрнинг йигирманчи йилларида Франция ва Буюк Британия) билан биргаликда қум устига қурилган қасрга ўхшайди ва бу давлатларнинг аҳолиси ўзларини жиддий қабул қилишларига истаклари йўқ ва бунга ҳаракат ҳам қилмайдилар”,деб ёзади. Минтақа шартли равишда 19 та давлатга бўлинган бўлиб, уларнинг ҳар бирида камчиликни ташкил қилувчи миллат вакиллари ва этник гуруҳлар бир-бирига нисбатан душманлик кайфиятида бўлиши керак, ва бунинг исботини ҳозирда араб-мусулмон давлатларининг, ўз ҳудудида вужудга келган этник ижтимоий зиддиятларга дуч келганлиги ва айрим мамлакатларда тобора оловланиб бораётган фуқаролик урушлари тимсолида кўриш мумкин.

Араб ва  араб бўлмаган мусулмон диёрларининг турли манзараларини таҳлил қилар экан, Одед Инон қуйидагича хулоса қилади: “Марокко ва Сомалидан Туркия ҳудудигача ёйилган кам сонли миллатларнинг ушбу миллий этник манзараси ўзаро турғунликнинг мавжуд бўла олмаслиги ҳамда бутун минтақада вазият тобора ёмонлашиб боришига далолат қилади. Бу манзарага иқтисодий омил қўшиладиган бўлса, бутун бошли бу минтақа қум устига қурилган қасрдек нозик эканига ва жиддий муаммоларга дош бера олмаслигига гувоҳ бўламиз”. Айнан мана шу ерда Одед Инон Исроил келаси ўн йилликда амалга ошириши керак бўлган ва “вазиятни бутунлай ўзгартиришга қодир бўлган янги имкониятлар”ни тасвирлаб беради.

Синай ярим ороли масаласи эса янада муҳимроқ аҳамият касб этади. Узоқ муддатга кўзланган стратегик, иқтисодий ва энергетик захира сифатида ярим орол устидан назорат қайта тикланиши керак. “Миср ўзининг ҳозирги ички-сиёсий вазияти туфайли “ўлик” давлатга айланди, агар тобора жиддийлашиб бораётган мусулмонлар ва христианлар ўртасидаги зиддиятни ҳам ҳисобга олинса, ҳолат ундан-да мураккаблашади. Мисрнинг ҳудудий белгиларига кўра турли жуғрофий бўлакларга бўлиниб кетиши, Исроилнинг ўз ғарбий фронтидаги сиёсий мақсади ҳисобланади”.

Ғарбий фронтдан кўра мураккаброқ бўлган Исроилнинг шарқий фронти ҳақида эса Одед Инон қуйидагича ёзади: “Ливаннинг бутунлай таназзулга юз тутиши ва бешта провинцияларга парчаланиб кетиши, бутун араб дунёси, жумладан, Миср, Сурия, Ироқ ва Араб ярим ороли учун туртки бўлиб хизмат қилади ва вазият тобора айнан шу томонга қараб илдамламоқда. Сурия ва Ироқнинг қулаши, кейинроқ эса ҳудди Ливанда бўлгани каби унинг этник ёки диний ҳудудларга бўлиниб кетиши Исроилнинг шарқий фронтдаги узоқ муддатли бош мақсади ҳисобланади. Бу давлатларнинг ҳарбий қудратини йўққа чиқариш эса қисқа муддатли вазифадир. Ливанда ҳозирда кўзга ташланаётганидек Сурия ҳам, ўзининг этник ва диний таркиби туфайли бир нечта майда давлатларга бўлиниб кетади. Натижада, Алеппо ҳудудида шиа-алавийлар давлати, Дамашқда эса суннийлар давлати ва бизнинг Голан тепаликларимизда давлатларини қуриш эҳтимоли бўлган ҳамда шимолдаги қўшнилари билан душманчилик кайфиятида юрган друзлар мамлакатлари вужудга келади…”

“Бир томондан нефтга бой бўлган, иккинчи томондан ички зиддиятлар туфайли емирилиб бораётган Ироқ Исроилнинг мақсадларига эришишдаги кафолатланган номзод ҳисобланади. Унинг қулаши, бизга Суриянинг қулашидан кўра муҳимроқ. Араблар ўртасидаги ҳар қандай келишмовчилик, Сурия ва Ливанда бўлганидек Ироқнинг бир нечта бўлакларга парчаланишидек муҳим вазифа томон бўлган муддатни анча қисқартиради. Ироқ ҳам, Сурия Усмонлилар империяси вақтида бўлганидек, этник ва диний белгиларига кўра провинцияларга бўлиниб кетиши эҳтимолдан ҳоли эмас. Натижада, учта давлат (балки кўпроқ) учта катта шаҳарлар: Басра, Бағдод ва Мосул атрофида вужудга келади ва жанубдаги шиалар вилояти шимолдаги суннийлар ва курдлар вилоятларидан алоҳида ажратилади”.

“Бутун Араб ярим ороли ички ва ташқи босимлар оқибатида таназзулга юз тутиш учун табиий “номзод” ҳисобланади ва бундан қочиб қутулиб бўлмайди, айниқса Саудия Арабистони. У нефтга таянган ҳолда ўзининг иқтисодий қудратини сақлаб қоладими ёки узоқ муддат давомида унинг қудрати заифлашадими, бу унчалик аҳамият касб этмайди. Амалдаги сиёсий тузулма оқибатида ички зиддиятлар ва қарама-қаршиликлар воқеаларнинг аниқ ва табиий равишда ривожланишига туртки бўлади”.

“Қулаганидан кейин жиддий хавф туғдирмайдиган Иордания муаммоси қисқа муддатда эришиладиган стратегик мақсадлар туркумига киради ва узоқ муддат ҳукумат тепасида турган қирол Ҳусайн бошқаруви тамом бўлгач, жуда қисқа муддатда давлат фаластинликлар қўлига ўтади. Иордания ҳозирги таркибий қисми билан узоқ муддат мавжуд бўлишига ҳеч қандай кафолат йўқ ва Исроилнинг уруш пайтида бўлганидек, тинчлик вақтидаги сиёсати Иорданияни амалдаги тузуми ила йўқ қилиш ва бошқарувни фаластинликлар қўлига олиб беришга йўналтирилиши керак. Иордан дарёсидан шарққа томон бир давлатнинг йўқ бўлиши натижасида, Иорданнинг ғарбий соҳилларидаги ҳудуднинг араб миллатига мансуб аҳоли билан банд бўлиш муаммоси ҳам ўз-ўзидан ҳал бўлади. Араблар Иордан дарёси ва денгизи ўртасидаги яҳудийларнинг давлатисиз мавжуд бўла олмасликларини ҳамда ўзларини хавфсиз сеза олмасликларини тушуниб етганларидагина биргаликда аҳил яшаш мумкин ва ер юзида тинчлик ҳукмрон бўлади”.

***

Шунингдек, Одед Инон, дунёда жиддий ўзгаришлар содир этилиши керак, деган даъво билан ички стратегик мақсадлар ва уларга эришиш усулларини ифодалаб беради: “Аҳолини жойлаштириш олий даражадаги муҳим стратегик мақсаддир, акс ҳолда ,биз ҳар бир ҳудуддан аста-секинлик билан йўқолиб борамиз. Иудея, Самария ва Галилея миллат сифатида мавжуд бўлишимизнинг ягона кафолатларидир. Шарқий фронтдаги мақсадларимизга эришиш учун, энг аввало, ички стратегик мақсад ва режаларимизни амалга оширишимиз керак. Ушбу ички мақсадларимизни юзага чиқаришга имкон берувчи сиёсий ва иқтисодий тузулмаларнинг қайта шакллантирилиши, барча ўзгаришларни амалга оширишдаги пойдевор бўлиб хизмат қилади. Биз давлат бевосита назорат қилиб турувчи марказлашган иқтисодиёт тизимидан воз кечиб, очиқ ва эркин бозор сиёсатига ўтишимиз, шунингдек, америкалик солиқ тўловчиларга умуман боғлиқ бўлмаган ҳолда ўзимизнинг миллий маҳсулдор иқтисодий инфраструктурамизни яратишимиз керак. Агар биз ўзимиз ушбу ўзгаришларни эркин ва кўнгилли равишда амалга оширишга қодир бўлмасак, унда бу ўзгаришлар дунёдаги воқеалар ривожи ёрдамида амалга оширилиши керак бўлади ва, айниқса иқтисодиёт, энергетика, сиёсат соҳаларига катта эътибор беришимизга тўғри келади”.

“Дунёдаги тез содир бўлаётган ўзгаришлар жаҳон яҳудийлиги шартларининг қайта шаклланишига сабаб бўлади ва натижада Исроил бу борада охирги умид эмас, балки сўнгги танлов бўлиб қолади ”.

 

***

Бу режани баҳолаб, қуйидагиларни хулоса қилиш мумкин. Биринчидан, бу ерда баён қилинган стратегик мақсадлар узоқ муддатга мўлжалланган. Ҳозирда бу борада ишлар олиб борилмоқда. Иккинчидан, ифодалаб берилган ташқи стратегияни амалга ошириш бу соҳадаги жиддий ўзгаришлар, Исроилнинг ички ва жаҳон миқёсидаги ҳолатига боғлиқдир. Бу 1980 йилларнинг ўрталаридан бошлаб амалга оша бошлади.

Жаҳондаги етакчилик мақомидан неолиберал стратегияга ўтиш билан Исроилда жиддий ўзгаришлар содир бўлди. Натижада давлат 18 та энг нуфузли ва бой оилалар назоратига ўтди ва Исроил капитали хорижий сармоя сифатида давлатдан чиқиб кета бошлади, чет эл маблағлари эса, аксинча, кенг очиқ бўлган Исроил бозорига бемалол кириб келаверди. Мамлакатнинг жаҳон иқтисодий тизими билан фаол бирлашуви оқибатида Исроилнинг миллий капитали трансмиллий капитал билан шу даражада уйғунлашиб кетдики, натижада “Исроилнинг миллий иқтисодиёти” ўз моҳиятини йўқотиб қўйди. Ушбу вазиятдан фойдаланиб, Исроил фаол экспансияни − ўз ҳудуди ва таъсирини кенгайтиришни бошлаб юборди. Ваҳоланки, бунда ҳарбий назорат ва куч ишлатиш муҳим ўрин тутмас, балки интеллектуал ҳамда иқтисодий таъсир кўрсатиш етакчи ўрин тутарди. Энг муҳими, маркази Исроил бўлган умумий майдонга, минтақадаги барча ҳудудларни бирлаштириш. Бу ҳақида яҳудийлик қўлланмаларида ҳам айтилганидек, “инсоният тамаддунини тўғри йўлга бошловчи ва унга тартиблар белгилаб берувчи куч бўлиш” керак эканлигини Шмулевич ҳам ўз нутқида таъкидлаб ўтганди.

Бу каби араб-исроил бирлашмасига мисол қилиб бир миллиард доллар миқдордаги маблағга эга бўлган Markets Credit Opportunity (EMCO) инвестиция фондини олишимиз мумкин. Бу фонд Швейцариянинг Credit Suisse AG банк гуруҳи бошчилигида учта улкан акциядор банклар − Исроилнинг IDB Groupe тадбиркорлар гуруҳи, Qatar Investment Authority - Қатар давлат инвестиция фонди, шунингдек, Саудия Арабистонидан Olayan Group хусусий инвестиция компанияси ҳамкорлигида тузилган. Яна бир муҳим факт шуки, Саудия Арабистони Исроилнинг қадимий хавфсизлик компанияси бўлмиш G4Sга Макка шаҳридаги ҳаж вақтида зиёратчиларнинг хавфсизлигини таъминлаш вазифасини юклаган (хавфсизлиги таъминланиши керак бўлган ҳудуд − Амирликдаги Дубай аэропортидан Жидда ҳудудигача). Компаниянинг Саудиядаги бўлими 2010 йилдан бери махфий равишда иш олиб боради. Ҳожилар ҳақида шахсий маълумотларни йиғибгина қолмай, балки Дубай орқали учадиган йўловчилар ҳақида ҳам ахборот тўплайди.

***

Режалаштирилган “мусулмон диёридаги тартибсизликлар”га келадиган бўлсак, Исроил уни ўзгаларнинг қўли билан, махсус хизматлардан фойдаланган ҳолда, “Исломни ниқоб қилганлар қурбони” афсонасини байроқ қилиб олиб амалга оширмоқда. Бу борада Израэл Шахакнинг нега Исроилнинг стратегик режаси ўзи учун хавф солмаслиги ҳақидаги тушунтиришлари ўз исботини топмоқда.

Хавф фақатгина араб дунёси ва АҚШдан содир бўлиши мумкинлигини таъкидлаган ҳолда у “Араб дунёси исроил-яҳудий жамиятининг тўлалигича ва рационал таҳлилига умуман қодир эмаслигини ҳозиргача кўрсатиб келмоқда. Бундай вазиятда Исроилнинг экспансионизм сиёсати хавфи ҳақида (содир бўлиши реал ҳодиса) шовқин солганлар, факт ва далилларга асосланмай, афсонага ишонганликларидан шундай қилмоқдалар. Исроиллик мутахассисларнинг тахминларича, араблар умуман уларнинг келажак ҳақидаги жиддий тортишув ва баҳсларига эътибор қаратмаяптилар”, деб ёзади. Шунга ўхшаш вазият АҚШда ҳам мавжуд бўлиб, Исроил ҳақидаги ахборот тўлалигича либерал исроилпараст матбуотидан олинади. Шахак қуйидагича хулоса қилган: “Исроилда ҳақиқатда ташқи дунё учун ёпиқ жамият бўлган вазият мавжуд экан, бу каби режани нашр қилиш ва ҳаттоки амалга оширишнинг етарлича имкони бор”.

                                                                  

Абдулатиф Иргашев  таржимаси

Юқорига