Ҳиндистон сафари (фотолавҳалар)

Ҳиндистон сафари (фотолавҳалар)

Ҳиндистон сафари

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Яхшиликнинг яхшиси – отанинг дўстлари билан силаи раҳм қилишдир», дедилар.
Имом Муслим ривоят қилган.

Уламолар ушбу ҳадиснинг шарҳида ота деганда устозлар, шайхлар ҳам назарда тутилишини таъкидлашган. Демак, динимизда киши нафақат отасининг, балки устозининг дўстлари ва яқинлари билан ҳам яхши муносабатда бўлиши матлубдир.

Фазилатли шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг бир гуруҳ шогирдлари устознинг ўғиллари Исмоил Муҳаммад Содиқ бошчилигида ана шундай хайрли ният билан жорий йилнинг 3-7 декабрь кунлари Ҳиндистон Республикасининг Керала вилоятига сафар қилди.
4 декабрь куни шайх ҳазратларининг шогирдларидан иборат бу гуруҳ устознинг дўсти шайх Абу Бакр Аҳмад Муслиёрни зиёрат қилдилар. Мезбон бу ташрифдан ниҳоятда мамнун эканини билдириб, дўсти билан сўнгги бор 2014 йилда учрашганини кўп эслади, ўшанда ҳазратнинг Мовароуннаҳр диёри ва унинг уламолари ҳақида маъруза қилганлари, университет битирувчилари, ўқитувчилари ва меҳмонларидан иборат минглаб тингловчилар бу маърузани диққат билан эшитиб, кўплаб фойдалар олганларини таъкидлади. Суҳбат сўнггида шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг ҳақларига дуолар қилинди. Шундан сўнг шайх меҳмонларни эртаси куни, 5 декабрда у киши раислик қиладиган «Сунний маданият» марказига, робиъул аввал ойи муносабати билан уюштириладиган мавлид маросимига таклиф қилди.
Сўнгра меҳмонлар марказ қошида очилган университетда бўлиб, мажлислар залида профессор-ўқитувчилар билан учрашишди, унинг факультетлари, таълим тизими ва ўқув жараёни билан танишишди. Шу куни гуруҳ аъзолари шайх ҳазратларининг ўша шаҳарда истиқомат қилувчи бошқа дўст-биродарларини зиёрат қилишди. Хусусан, Керала вилояти, Кундури қишлоғига бориб, у ерда шайх Сулаймон Кундурий ҳузурида меҳмон бўлишди. Шайх Сулаймон Кундурий шайх ҳазратларининг шогирдларига имом Ҳафс қироати бўйича ва тўққизта ҳадис тўпламлари бўйича ижоза берди. Кундури қишлоғига уюштирилган сафар асносида илмий гуруҳ мавлид муносабати билан ташкил этилган катта мажлисда иштирок этди. Мажлисда гуруҳ аъзолари ҳам сўзга чиқиб, юртимиздаги қадимий шаҳарлар, улардаги исломий ёдгорликлар, юртимиздан етишиб чиққан машҳур уламолар, фазилатли алломалар хақида батафсил маълумотлар беришди, талаби илм ниятидаги сафарнинг аҳамияти ҳақида тўхталиб ўтишди.

5 декабрь куни тонгда илмий гуруҳ «Сунний маданият» марказида ташкил этилган катта мавлид маросимига ташриф буюрди. Маросимда Керала вилоятининг кўзга кўринган уламолари иштирок этишди. Шайх Муҳаммад Содиқ Мухаммад Юсуф ҳазратларининг шогирдлари Қуръон тиловат қилиб, дуолар қилишди, юртимизда мавлид маросими қандай нишонланиши ҳақида сўз юритиб, соҳибқирон Амир Темур ва у зотнинг устози Мир Барака ҳақида, Амир Темурнинг ўз юртида илм-фан тараққиёти йўлида олиб борган ишлари, турли мамлакатлардан етук мутахассисларни олиб келгани ҳақида сўзлашди. Куннинг иккинчи ярмида гуруҳ «Сунний маданият» маркази қошидаги болалар боғчалари, инглиз тили ва табиий фанларга ихтисослашган мактаб, имконияти чекланганларга ихтисослашган мактаб ва бошқа таълим муассасаларида бўлишди.

6 декабрь куни илмий гуруҳ аъзолари шайх Абу Бакр Аҳмад билан учрашишди. Шайх гуруҳ аъзоларига ўзининг араб тилидаги бир неча китоблари, хусусан, «Саҳиҳи Бухорий»нинг баъзи бўлимларига ёзган шарҳини, «Ҳиндистон ярим оролида Ислом даъвати» номли рисоласи ва бошқа китобларини совға қилди.
Аммо сафарнинг энг муҳим ҳодисаси ўн тўрт асрлик Ислом тарихи давомида узилмай келаётган ва қиёматга қадар узилмайдиган ҳадис ривоят қилиш анъанасига уланиш маросими бўлди. Шайх Абу Бакр Аҳмад меҳмонларга ўз шайхидан илк бор эшитган мусалсал ҳадисини ривоят қилиб берди. Унинг ровийси Абдуллоҳ ибн Амр ибн Осс розияллоҳу анҳу бўлиб, ушбу ҳадис унинг ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитган биринчи ҳадисидир. Ҳадис шу тариқа ровий ўз шайхидан эшитган биринчи ҳадис шаклида бизгача етиб келган бўлиб, гуруҳ аъзоларининг шайх Абу Бакрдан биринчи эшитган ҳадислари ҳам ана шу ҳадис бўлди. Шу тариқа меҳмонларимиз мусалсал ҳадис ривоят қилиш бахтига муяссар бўлишди. Шайх ҳазратлари суҳбат асносида меҳмонларга ўзининг барча марвиётлари ва китобларини ривоят қилиш учун ижоза берди. Учрашув сўнггида шайх Абу Бакр Аҳмад юртимизнинг,  халқимизнинг ҳаққига, хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида ғалаба қозонган Шавкат Мирзиёевнинг хаққига ҳам кўпдан-кўп хайрли дуолар қилиб, Ватан равнақи йўлидаги хайрли ишларида омад ва зафарлар тилади. Исмоил Муҳаммад Содиқ гуруҳ номидан, халқимиз номидан шайх ҳазратларига ташаккурлар айтиб, у кишини Ўзбекистонга таклиф қилди.
Шундан сўнг яна бир давра суҳбати уюштирилди. Унда илмий гуруҳ шайх Абу Бакрнинг ўғли, «Сунний маданият» маркази мудири, университетнинг катта ўқитувчиси, доктор шайх Абдулҳаким Абу Бакр Азҳарий билан учрашишди.
Шу куни Исмоил Муҳаммад Содиқ бошчилигидаги илмий гуруҳнинг Ҳиндистон сафари ўз ниҳоятига етди.
Аллоҳ таоло устозларимизнинг руҳини шод қилсин, сафарларимизни бехатар қилсин, илм йўлидаги саъй-ҳаракатларимизни бардавом қилсин, хайрли ишларимизга ажру мукофот, баракот бериб, икки дунёмиз учун манфаатли қилсин!

 

Юқорига