Шайх ҳазратларининг Ҳиндистон сафари

Шайх ҳазратларининг Ҳиндистон сафари

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари Ҳиндистоннинг Керала штатидаги Сунний маданият марказининг таклифига биноан  шу йилнинг 18 декабрь куни «Иттиҳод» ҳаво йўлларининг 254-сафар рақамли учоғида сафарга отланиб, 19 декабрь саҳар чоғи Керала штатининг маркази Каликут шаҳрига етиб келдилар.

Шаҳар аэропортида шайх ҳазратларини Керала Ислом маркази аъзолари кўпчилик бўлиб кутиб олиб, бу ерда ўтказиладиган байрам тантаналарида қатнашиш учун таклиф қилинган меҳмонлар учун ҳозирлаб қўйилган  меҳмонхонага жойлаштиришди. Шундан сўнг шаҳарнинг диққатга сазовор жойлари билан, хусусан, «Сунний маданият маркази» деб аталмиш бош ташкилотнинг фаолияти билан танишиш бошланди.
Дастлаб марказ қароргоҳида «Сунний маданият маркази» раҳбари, шу диёрдаги мусулмонларнинг пешвоси, машҳур олим, фазилатли шайх Абу Бакр Аҳмад жаноблари билан суҳбат қурилди.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари шайх Абу Бакр Аҳмад билан кўп йиллардан буён яқиндан хамкорлик қилиб келадилар, бу сафар ҳам «Сунний маданият маркази»га қарашли университет талабаларининг битирув маросими ва бошқа бир неча тадбирларда иштирок этиш учун таклиф қилинган эдилар.
«Сунний маданият маркази» кенг кўламли, кўп тармоқли фаолият олиб бораётган етакчи исломий ташкилотлардан бири бўлиб, марказ қошида ташкил этилган университетда диний фанлар билан бир қаторда дунёвий илмлар ҳам ўқитилади. Марказ қошида бир неча хайрия ташкилотлари, жумладан, етимпарварлик шуъбаси ҳам фаолият кўрсатиб келмоқда. Меҳмонлар марказнинг жомеъ масжиди билан, бу ерда меҳрибонлик уйи талабалари ўртасида олиб борилаётган тадбирлар билан танишдилар.
Бу йил «Сунний маданият маркази» қошидаги унверситетнинг қурилганига ўттиз етти йил тўлади. Ҳар икки йилда университетда таҳсилни тамомлаган  талабаларга битирув шаҳодатномаларини тақдим қилиш маросими халқаро миқёсда, кўплаб нуфузли меҳмонлар иштирокда ўтказиладиган улкан фестивалга айланиб кетади. Бу хайрли фестивалларда баъзан миллионга яқин киши иштирок этади. Бу йилги битирув маросими 19 декабрь кунига белгиланган бўлиб, анъанавий фестиваль дастурига биноан катта тадбир бўлиб ўтди. 
Меҳмонлар «Сунний маданият маркази» ва унинг шохобчалари фаолияти билан танишдилар. Университетда 22000 талаба таҳсил олади, эркак ва аёллар учун алоҳида ётоқхона, ошхона ва бошқа барча керакли шарт-шароитлар муҳайё қилинган. Талабалар орасида чет эллардан келиб ўқиётганлар ҳам кўп. Хусусан, Кашмирда фожиага учраган оилаларнинг болалари учун алоҳида ётоқхоналар ташкил қилиниб, ўқув машғулотлари уларнинг ўз тилларида олиб борилаётгани меҳмонларни мамнун қилди. 
Шундан сўнг ҳамма меҳмонлар марказ жомеъ масжидига келиб, жумъа намозини улкан жамоат билан ўқидилар. Намоздан кейин бу йил Қуръон ёдлаш факультетини тамомлаган олтмишга яқин талабага кийдириладиган битирувчилар кийимини кийдириш азиз меҳмонлардан илтимос қилинди. 
Шундан сўнг анжуман меҳмонлари марказ учун алоҳида ажратилган 100 фадданлик майдонда шайх Абу Бакр Аҳмаднинг саъй-ҳаракатлари билан бунёд бўлаётган шаҳарча қурилишини бориб кўрдилар. Меҳмонлар қурилиши якунланган тиббиёт марказининг очилиш маросимида иштирок этдилар. Бу ерда даволаш ишлари ўзига хос тарзда йўлга қўйилган бўлиб, беморларга юнон табобати ва яна бошқа бир неча хил услубларда муолажа қилинар экан. Очилиш маросимига Ҳиндистон соғлиқни сақлаш вазири ҳамда бошқа бир гуруҳ расмий шахслар ҳозир бўлишди. Дарвозадаги рамзий боғич кесилди, бош бино пештоқидаги лавҳанинг пардаси очилиб, тантанали очилиш маросими бошланди. Меҳмонлар кенг сайҳонликда бунёд этилган саҳнага таклиф қилиндилар. Тиббиёт марказининг очилишига бағишланган мажлис бошланди. Сўзга чиққанлар «Сунний маданият маркази»га, хусусан, унинг қошида очилган мазкур тиббиёт марказининг фаолиятига Аллоҳ таолодан хайр-барака тилаб, дуолар қилишди. Хусусан, Соғлиқни сақлаш вазири ҳамда шайх Абу Бакр Аҳмад ҳазратлари сўзга чиқиб, улкан қурилиш ишларига ёрдам бераётган ҳомийларни номма-ном зикр қилиб, уларнинг ҳақларига дуо қилишди.
Аср намози ўқилгач, меҳмонлар янги қурилаётган иншоотлардан бирига таклиф қилиндилар. Мезбонларнинг илтимосига биноан шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари дуо қилиб, ушбу бино қурилишини бошлаб бердилар. 
Шундан сўнг меҳмонлар шаҳарга қайтиб келишди ва шом намозидан сўнг таҳфизул Қуръон факультети талабаларининг битирув маросимида иштирок этишди. Қориларга шаҳодатнома бериш маросимига ниҳоятда кўп томошабин тўпланди. Меҳмонлар биринчи қатордан махсус ҳозирлаб қўйилган ўриндиқларга жойлашгач, маросим давом этди. Сўзга чиққанлар ичида марказ раҳбарларидан бири бундан икки ой муқаддам Ўзбекистонга келиб, имом Бухорийни зиёрат қилгани ҳақида узоқ ва ҳаяжон билан гапирди. 
Тадбирда табрик сўзи учун шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларига ҳам навбат берилди. Шайх ҳазратлари маросим ташкилотчилари ва битирувчиларни муборакбод этиб, уларга имом Бухорий набираларининг саломини етказдилар, юртимиз буюк муҳаддислар, улуғ алломалар юрти экани, жумладан, имом Термизий, Насоий, Ибн Ҳиббон Бустий, Доримий Самарқандий каби муҳаддислар, Мотуридий, Абу Лайс Самарқандий, Замахшарий, Насафий каби муфассирларнинг, Марғилоний, Сарахсий, Косоний каби улуғ фақихларнинг ватани эканини айтиб ўтдилар. Сўнг Қуръон ёдлаш бўлимининг битирувчиларига, аҳли Қуръонларга санад хақида, олинадиган санаднинг аҳамияти хақида тўхталиб ўтдилар. 
Шундан сўнг битирувчиларга шаҳодатномалар, баъзи бир фаолларга эсдалик совғалари топширилди. 
«Сунний маданият маркази» томонидан ташкил қилинган халқаро анжуман иши яна бир неча кун давом этади.

Юқорига