“Мен жамиятни ва дунёни яхши томонга ўзгартирмоқчиман, бу ишни Флинтдан бошлайман”

 Леон Алямин Ислом дини ҳақида турмада эканлигида биринчи бор эшитди. У наркотикларни ва қурол-яроғни ноқонуний сақлаганлик моддалари билан жиноий жавобгарликка тортилган. У 2003−2010 йиллар давомида озодликдан маҳрум этилган.

“Мен қамоқдалигимда бир мусулмон йигит билан танишиб қолдим,− деб хотирлайди Леон. − У Детройт шаҳридан бўлиб, араб миллатига мансуб эди. Баъзан-баъзан у қаергадир кетар ва ибодат қилиб келарди. У жуда ҳалим инсон эди”.

Леон унинг ибодатлари билан қизиқиб қолди ва ўзини қизиқтирган турли саволлар бера бошлади. Кейинроқ уни жума намозига таклиф қилдилар. Тез орада у шаҳодат калимасини айтиб мусулмон бўлди. У Ислом дини доирасида ҳаёт кечира бошлади. У кейинроқ Исломни қабул қилган Тимоти Абдул Матин билан танишди. “Динни қабул қилганимиздан бери Ислом бизни нафақат маънавий жиҳатдан, балки ахлоқий ва ижтимоий жиҳатдан ҳам тарбиялаб келмоқда”, деб айтади Алямин.

“Биз ҳаётнинг икки томонини ҳам кўрдик, кўча қоидалари бўйича яшадик, панжара ортига ҳам тушдик, охири Ислом дини доирасида ҳаётимизни ўзгартирдик. Бу сеҳргарлик ёки кўзбўямачилик эмас. Бу чин эътиқоддир”.

Озодликка чиққандан сўнг Ислом динини қабул қилган Илайжа Томас, икки мусулмон дўст ҳақида гапирар экан:  “Уларнинг менга таъсири жуда катта бўлди”, дейди.

Эндиликда Абдулматин, Алямин ва Томас ўзларининг Флинт шаҳарчасининг ижтимоий фаол фуқароларидан. Маълумки, Флинт шаҳри (Мичиган штати) ўткир сув етишмаслигидан азоб чекади. 2014 йили шаҳарнинг ичимлик суви тизимига қўрғошин моддаси тушиб қолганлиги ва қувурлардаги сув ичишга яроқсиз ҳолга келганлиги сабабли, аҳоли эҳтиёжини қадоқланган сув билан қондирмоқда. Қадоқланган сув эса доим ҳам топилавермайди.

Абдулматин, Алямин ва Томас қўрғошин туфайли юзага келган тери касалликлари бўйича маслаҳат бериш, таҳлиллар топшириш ва қадоқланган сувларни тарқатиш ижтимоий марказида фаолият олиб бормоқдалар.

“Бу ерга Америка Қўшма Штатларининг турли бурчакларидан мусулмонлар келиб, аҳолига ёрдам бердилар, − дейди Абдул Матин Флинт шаҳри аҳолисига мусулмонлар томонидан ҳадя қилинган миллионлаб қадоқланган сувлар ҳақида гапира туриб. − Қамоқдалигимда мен ўзимни ўзгартириш ва жамиятга фойдаси тегадиган инсон бўлиш ҳақида кўп ўйлардим”.

Илайжа Томас ўғилларининг сочлари тўкилаётганини ва териларида заҳарланган сув туфайли яралар пайдо бўлаётганини кўрганида, яна ҳам кўпроқ меҳнат ва сабр қилиши кераклигини тушунди. У: “Ҳар куни сиз қанча сувни исроф қиласиз? Ҳозирда мен ҳаттоки бир кичик идишдаги сувни ҳам бемақсад ишлатмайман”, дейди.

Абдулматин, Алямин ва Томас яқин келажакда Америкада сув билан боғлиқ муаммолар, шунингдек,  ирқчилик, камситиш ва турли тўсиқлар йўқ бўлишига катта умид билдирмоқда.

Алямин: “Мен жамиятни ва дунёни яхши томонга ўзгартирмоқчиман ва бу ишни Флинтдан бошлайман”, деб таъкидламоқда.

 

Абдулатиф Иргашев таржимаси

Юқорига