Бағрикенглик намунаси

Бағрикенглик намунаси

Турли дин вакилларининг бир-бирига бағрикенглиги интернет оламида шов-шув бўлиб кетди.

Нью-Йоркда яшовчи, эътиқоди даосизм бўлган Жеки Саммерс якшанба куни, пасха байрами куни поездда кетаётган эди. У эр-хотин яҳудий хасидларни кўриб, ўрнидан туриб, уларга жой берди. Улар эса ёнларида ўтирган муслима жувон чақалоғини эмизмоқчи бўлаётганини кўриб, бироз сурилишди. Саммерс турли дин вакилларининг бир-бирига бундай бағрикенглик, хайрихоҳлик билан қилган муомаласидан  таъсирланиб, бу ҳолатни суратга олади ва интернетга жойлайди. Буни қарангки, бу сурат қисқа муддат ичида Facebookда 30 000 мартадан, Twitterда эса 4000 мартадан кўпроқ улашилган. 

Суратга ёзилган изоҳларнинг аксарида айтилишича, сиёсатчиларнинг ўзаро нафрат уйғотувчи хатти-ҳаракатларига қарамай, одамлар ўзаро янада жипслашиб, дини ва миллатидан қатъи назар, бир-бирига дўстона муносабатда бўлишяпти, деб ёзади Islam-news. 

Аллоҳ таолонинг суннати ана шундай: ғаразли, ичи қора одамларнинг макрини уларнинг зарарига, мўмин-мусулмонларнинг фойдасига буриб юбораверади. Бир эътиқод вакили бошқа бир дин вакилларига жой берибди, улар эса яна бир бошқа дин вакиласига қулайлик яратишибди. Нима учун шу кичик бир воқеа интернетда шунчалик шов-шув бўлиб кетди? Чунки аслида бундай илиқ муомала инсоннинг асл фитратида бор, чунки барча самовий динлар инсонларни бағрикенгликка, ҳамжиҳатликка чақиради. Аммо баъзи қора кучларнинг усталиги, макр-ҳийласи туфайли дунё аҳолисига кимдир яхши, кимдир ёмон қилиб кўрсатилаверганидан, бу каби оддий инсоний муносабатлар ҳам нодир нарсага айланиб, худди камдан-кам учрайдиган ҳодисадек дув-дув гап бўлиб кетибди. Ваҳоланки бундай муомала Ислом дини учун, мўмин-мусулмонлар учун табиий ҳол ҳисобланади, таниган-танимаган одамга салом бериш, табассум қилиш, каттани ҳурмат, кичикларни, аёлларни иззат қилиш эса садақа, ибодат саналади.

Юқорига