Мусулмонларнинг хозирги муаммоларида ким айбдор?

Мусулмонларнинг хозирги муаммоларида ким айбдор?

-  Зўравонлик ва тажовузлардан энг кўп азоб чекаётганлар бу мусулмонлардир. Иккинчи жаҳон урушидан сўнг дунёдаги барча тажовузларнинг манбаси − мусулмонлардир, деб ҳисоблаш одат тусига кириб қолган. Агар анча-мунча қуролли тўқнашувларни эсласак: чеки кўринмайдиган Фаластинда, Афғонистонда, Балқонда, Кашмирда, Ироқда, Ливияда, Сурияда ва Тоғли Қорабоғда... “Осетия-Ингуш можароси”, “Чечен компанияси” дейсизми... Бу жанговор ҳаракатлар иқтисодий ва сиёсий манфаатлар учун уюштирилган. Барчаси мусулмонларнинг ерларида содир бўлган бўлса-да, ҳеч бир қонли намойишларда мусулмонлар на продюссер, на режиссёр, на сценарийчи бўлган. Аммо асосий қурбонлар – тинч ва беозор мусулмон аҳолиси бўлиб келган.

  • XX асрнинг ярмига қарайдиган бўлсак, Ислом дунёсида Ғарбга нисбатан кўпроқ уруш бўлган. Эрон ва Ироқ уруши миллионлаб қурбонларга сабаб бўлди. Ҳозирда бу каби урушлар “ташқи ўйинчилар” томонидан уюштирилмоқда, деган фикрлар кенг тарқалмоқда. Аслида эса ҳолат бундан-да мураккаброқ. Мисол учун, Ливияга НАТО халқаро қонунчиликка қарши равишда аралашди, лекин ҳозир ливияликлар ўзаро уруш қилмоқда. Ироқ ва Сурияни олайлик. Америка бу давлатлар тақдирда ўта салбий рол ўйнади, аммо ҳозирда ироқликлар ва сурияликлар ўзаро уруш қилмоқда.

Ҳозирги кунда дин ички ва глобал “ўйинчилар”нинг сиёсий курашининг қуролига айланган. Афсуски, мусулмон дунёси жуда оғир ички муаммоларга тўлиб кетган, уларнинг динга ҳеч қандай алоқаси йўқ. Бу минтақадаги ижтимоий-сиёсий ҳолат билан боғлиқ.

  • Бу жуда содда қарашдир. Мамлакатнинг ўзаги у ерда яшаб келаётган аҳоли ёки миллат эмас, балки элитадир. Агар Ислом элитаси кучли бўлганида эди, юқорида келтирилган урушлар бўлмас эди. Урушларнинг асосий қисми бу элиталар тимсолидаги сиёсий режимларни сақлаб қолиш учун қилинади.

Икки нарсани фарқига бориш лозим: элиталар бўлиниши ва ресурслар учун кураш. Сурия мисолида ушбу элиталарнинг ресурслар учун кураши яққол кўриниб турибди. Бу бутун минтақа учун муҳим хисобланган геосиёсий майдондир, унга эгалик қилганлар минтақанинг тақдирини ҳал қилади.

Ташқи “ўйинчилар” мусулмон мамлакатларда йиғилиб қолган қарама-қаршиликлардан фойдаланмоқда. Уларнинг мақсади, маҳаллий аҳолини ночор ва “дунёдаги саҳна ортида”гиларга боғлиқ қилиб қўйиб, ривожланишдан ортда қолдиришдир. Бу кучлар бутун дунё бўйича ўз манфаатларини кўзлаб иш тутмоқда, натижада катта ва кичик мамлакатларни қурбон қилмоқда. Уларнинг даъват қуроли эса – рақибларини ёвуз кўрсатишдир. Бунинг тарихи жуда узун. Бу инсоният пайдо бўлганидан бери давом этмоқда...

  • Катта бир муаммо бор: Ислом цивилизацияси умумжаҳон ривожланишидан сезиларли даражада орқада қолган. Гап фақат иқтисодда эмас, балки мусулмонларнинг фикрлашларидадир, бу нафақат ХХ асрда, балки ундан олдин ҳам кузатилган. Сўнги юз йилликларда аста-секин деградация бошланган. Бунга сабаблар кўп, аммо асосий сабаблардан бири бу XVII-XVIII асрларда ягона Ислом дунёси элитаси йўқ бўлиб кетишидир.

Бу асосий сабаб бўлган. Ислом дунёсининг мамлакатларга, миллатларга, халқлар ва қабилаларга бўлиниши элитанинг бўлиниб кетиши юзасидандир.  Элиталар ўзларининг “миллий чегараларида”  қолиб кетганлар. Уларнинг “сифат” даражалари кескин тушиб кетган. Мусулмон давлатлар элиталари Ислом динининг қадриятларига таянмай қўйганлар. Бу, ўз навбатида, ХХ асрда ўзининг “қонли меваси”ни берди.

Дунё бўйлаб глобал рақобат кучайиб, бўлинишга вақт келганида Ислом дунёси энг заиф бўғин бўлиб қолди. Шунинг учун ҳам мусулмонлар ўзаро тўқнашган, улар душман бўлганлари учун эмас, балки мусулмон элиталари бир-бири билан тўқнашгани учундир. Бу муаммо ҳозирги кунда ҳам мавжуд. Ҳозирда Туркия, Эрон, Покистон элитаси мавжуд, аммо ягона Ислом элитаси ҳақида сўз бўлиши ҳам мумкин эмас.

Мисол учун, Ғарб элитаси бор. Британия, Германия ва Америка элитасидан ташқари ягона Ғарб элитаси мавжуд. У етарли даражада интеграллашган ва ўз манфаатларига эга. Хитой глобал элитаси ҳам мавжуд. Лекин Ислом элитаси йўқ.

Глобал Ислом элитасининг йўқлигига Қуръон қадриятларидан четлашиш асосий сабабдир. Оқибатда минтақавий элиталарнинг манфаатлари омма манфаатларидан устун бўлиб қолган. Умумисломий элита йўқ бўлиб кетишига қабилалар ва табақалар шахсий манфаатларини кўзлаб, Ислом динида кўрсатилган инсон манфаатларини иккинчи даражага суриб қўйганларидир.

Аммо ҳар бир динда ижтимоий ва диний қадриятлар ўртасида қаршилик борлигини ҳам ҳисобга олиш лозим. Ислом дунёси инсоният ичида илғор бўлган бир пайтда улар ўртасида мувозанат мавжуд бўлган, кейинчалик эса ижтимоий манфаатлар устун кела бошлади. Элитанинг вазифаси ушбу мувозанатни сақлаб қолиш эди, афсус ундай бўлмади.

Ислом динининг асосий тамойили бу – ўз ичига ижтимоий ва метафизик ҳолатларни қамраб олувчи адолатдир. Адолат тамойили ҳам вақт ўтган сари ўзгара бошлади. Жамият закот шакллари ва хайрия институтлари ривожланаётганини ўзи етарли деб ҳисоблай бошлади ва бу адолатдан деб тан олинган эди. Аслида адолат тушунчаси жуда кенг бўлиб, пайғамбар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Ислом динини мерос қилиб қолдирганларидан сўнг уч юз-тўрт юз йил ичида сақланиб қолган холос.

Ундан ташқари таълим даражаси ҳам кескин тушиб кетган. Бу XI– XII асрларда ўзаро чамбарчас боғлиқ бўлган таълим тизими ва дин ажралиши натижасида юзага келган. Кейинчалик дин ўзича, илм-фан ўз ўзича ривожлана бошлади.

Бу ҳолат айниқса, турклар Константинополни фатҳ қилганларида Византия элитасининг асосий қисми Исломга кириб келганида авжига олди. Улар янги халифаликнинг муҳим қисмига айланди. Бир неча юз йил давомида Византия империясининг мақсади Ғарбга қаршилик билдираолиш бўлган, натижада дунёвий қонунлар диний қонунлардан устун турувчи таълим тизими юзага келди.

Ушбу вазият адолат тушунчаси ўзгариб кетганлиги билан биргаликда ижтимоий табақаланиш Ислом цивилизациясини мутлақо четга суриб қўйишига олиб келди. Биринчи ўринга бойлик, шахсий ва қабилалар мол-мулкини кўпайтириш мусулмонлар ҳаётида авжига олганида барчаси барбод бўлди.

  • Ислом билан боғлиқ можаролар, жумладан, мусулмон дунёсида, мусулмонлар ва бошқалар билан можаролар бўлган, яна бўлади, деган ҳақиқатни айтиш керак. Бундан қандайдир фожеа ҳам ясаш керак эмас. Бу одат бўлиб қолган.

Хозирда Ислом – энг сиёсийлаштирилган дин. Ислом дунёси заифлик компексини бошидан кечирмоқда.  Ислом − энг мукаммал дин, аммо иқтисодий мусобақа бутунлай бой берилди, умуман олганда, сиёсий мусобақа ҳам?!

Мусулмонлар бор куч-ғайратлари билан ўзларига ўзлари ёмонлик қилишмоқда. Бу ерда икки маданият можароси мавжуд деб ҳисоблаш ноўрин. Чунки бу табиийдир. У ҳар доим бўлган. Ҳозир эса авжига чиққан. Ҳар бир маданият ўзини устунлигини исботламоқчи бўлади ва ҳар бирида бунга асослар бор.

Ҳамма Исломга зарар келтириш билан овора деб ўйлаш керак эмас. Мусулмонларнинг ўзлари буни ўта “моҳироналик” билан бажаришяпти. Ўзини камситилгандек ҳис қилиш ҳам керак эмас. Ислом – бу улуғ дин, буюк маданият. Фақатгина ҳақиқатни гапириш керак ва холисона ҳаракат қилиш керак.

Юқорига