Исломни исломофоблардан «тортиб олиш» даври келди

Исломни исломофоблардан «тортиб олиш» даври келди

Ислом – дунёдаги энг жадал ўсаётган диндир. Шунга қарамай, бу ерда, Америка Қўшма Штатларида, Ислом ҳаддан ортиқ умумлаштиришлар ва адашишларнинг бош мавзусига айланди.

2001 йилнинг 11 сентябрь воқеалари нафақат ҳар бир америкаликнинг ҳаётини ўзгартирди, балки барча америкалик мусулмонлар турмушига жиддий таъсир кўрсатди.
11 сентябрдан кейинги кунлар мен умримда диний мансублик ортидан камситишга учраган илк давр бўлди. Жиноятчиларнинг номлари эълон қилиниши билан синфдошим мени террорчи деди. Ўшанда бери ўзларини Исломга тааллуқли деб даъво қилувчи Ал-Қоида ва ИШИД каби ташкилотларнинг ҳар бир қилмиши оқибатлари менга таъсир қилмай қолмади.
Мен ёшлигимдан тарбиям асосини ташкил этган дин қандай қилиб шундай даҳшатли ишларга сабаб бўлиши мумкинлиги ҳақида узоқ ўйладим. Жаҳонда 1,8 млрд одам эътиқод қилувчи дин қандай қилиб тажовузкор аталиши мумкин?
Мен билган Ислом тинчликсевар, меҳрибон ва очиқ бўлишга ўргатади, у ота-онани ва катталарни ҳурмат қилиш, билимга интилиш, оламни тўғри англаш тарафдори. Шунга қарамай, мен Америка Қўшма Штатларида аксилмусулмон ва аксилислом даъватлари кучайиб бораётганига гувоҳман.
Университетда ўқиб юрганимда, Муҳаммад исмимнинг ўзиёқ турли баҳслар бошланишига сабаб бўлаётганини сезиб қолдим. Мен ўз-ўзидан стереотиплар, умумлаштиришлар ва нотўғри маълумотларга қарши курашувчи инсонга, Ислом ҳимоячисига айландим. Исломни «ўғирлашаётганини» тушундим, менинг вазифам бу вазияни тўғрилашдир.
Президентликка номзодлар очиқдан очиқ мусулмонлар президент бўлмаслиги, АҚШга киритилмаслиги ҳақида айта бошладилар ва бу гапларидан бирон жиддий зарар ҳам кўрмадилар.
Шу сабабли айни даъватларга қарши олимлар, зиёлилар ва оддий мусулмонлар Ислом ҳақида холис маълумотлар ҳамда аниқ фактларга асосланган конструктив баҳсга киришишлари жуда муҳимдир.
Мусулмонлар ёлғон асосига қурилган ва тобора авж олиб бораётган исломофобияга қарши курашишлари, Ислом ҳақида маълумотга эга бўлмаганлар эса холис нуқтаи назардан уни ўрганишлари вақти етди.
Фақат таълим, ҳамдардлик ва ҳамжиҳатлик орқали жамият динлараро кўприқ қура олиши мумкин.

Юқорига