Xалқаро илмий-амалий конференция

Xалқаро илмий-амалий конференция

2017 йил 18 октябрь куни Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Ислом ҳамжиҳатлиги: Ўзбекистон ва Озарбайжон мисолида” мавзуида халқаро конференция бўлиб ўтди.

Анжуман Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Озарбайжон Республикаси диний ташкилотлар билан ишлаш Давлат қўмитаси ҳамда Кавказ мусулмонлари идораси ҳамкорлигида ташкил этилди.

Тадбирда Ўзбекистон, Озарбайжон, Россия, Германия, Туркия, Қозоғистон, Қирғизистон, Украина каби мамлакатлардан келган таниқли давлат ва жамоат арбоблари, халқаро ташкилотлар раҳбарлари, таниқли уламолар, Ўзбекистон ва Озарбайжоннинг ҳукумат ва парламентлари, шунингдек, Тошкент шаҳридаги хорижий дипломатик корпус вакиллари иштирок этди.

Анжуманда Ўзбекистон Республикаси Бош Вазири Абдулла Орипов ҳам қатнашди.

Анжуман иши Қуръон карим тиловати билан бошланди.

Анжуманни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раиси, Ортиқбек Юсупов ва Кавказ мусулмонлари идораси раиси, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги динлараро кенгаш ҳамраиси, Кавказ халқлари Олий диний кенгаши раиси, Шайхулислом Оллоҳшукур Пошшозода очиқ деб эълон қилишганидан сўнг Ўзбекистон Республикасининг давлат маслаҳатчиси Хайриддин Султонов Президент Шавкат Мирзиёевнинг анжуман иштирокчиларига йўллаган табрик сўзларини ўқиб эшиттирди.

Юртбошимизнинг табригида мамлакатимизда 130 дан зиёд миллат ва элат, 16 та конфессия вакиллари тинч-тотув, дўст-иноқ бўлиб яшаётгани, уларнинг тўлақонли маънавий ҳаёт кечириши, ўз анъана ва урф-одатларини ривожлантириши, миллий ва диний байрамларини нишонлаши учун барча шароитлар яратилгани, Ўзбекистон аҳолисининг асосий қисми сунний мазҳабида экани, шиа мазҳабига мансуб юртдошларимиз ҳам борлиги, аммо бу икки мазҳаб вакиллари ўртасида ҳеч қачон низо ва зиддиятлар юзага келмагани айтиб ўтилиб, бу масала айнан бугунги кунда, дунёнинг турли минтақаларида кескинлик ва радикализм кучайиб, диний экстремизм ва терроризм тобора авж олиб бораётган ҳозирги вақтда айниқса муҳим ва долзарб аҳамиятга эга экани таъкидланган.

Табрикда айтилганидек, бугунги кунда дунёдаги айрим доиралар Исломга қарши кайфиятни кучайтирган ҳолда, Ислом динини терроризм мафкураси билан боғлашга уринаётганини минг афсус билан қайд этишга тўғри келади. Бу эса Ислом оламини янада жипслашишга чорламоқда. Ислом ҳамжиҳатлиги жаҳондаги кескинликни юмшатишда муҳим роль ўйнаши мумкин.

Юртбошимиз табрикда жумладан шундай деган: «Биз муқаддас динимизни азалий қадриятларимизнинг мужассам манбаи сифатида беҳад қадрлаймиз. Биз буюк динимизни зўравонлик ва қон тўкиш билан бир қаторга қўядиганларни қатъий қоралаймиз ва улар билан ҳеч қачон муроса қила олмаймиз. Ислом дини бизни эзгулик ва тинчликка, ҳаётда асл инсоний фазилатларни қарор топтиришга даъват этади». Юртбошимизнинг бу сўзлари бугунги кунда ҳар бир юртдошимизнинг, ҳар бир мўмин-мусулмоннинг онгига сингиши, қалбига муҳрланиши лозимдир.

Сўнгра Озарбайжон Республикасининг Диний ташкилотлар билан ишлаш қўмитаси раиси Мубориз Қурбонўғли анжуман иштирокчиларига Озарбайжон Президенти йўллаган табрикни етказди.

Табрикда ушбу анжуманнинг Озарбайжон Республикаси Президенти, муҳтарам Илҳом Алиевнинг 2017 йилни Озарбайжонда Ислом бирдамлиги йили деб эълон қилиш тўғрисидаги ташаббусига ҳамоҳанг эканлиги, ўзбек халқи ушбу ташаббусни юксак баҳолаши таъкидланган.

Конференция икки қардош мамлакат – Ўзбекистон ва Озарбайжонда аждодларимиз томонидан тарихан шаклланган дўстона алоқалар, миллатлараро тотувлик, тинчлик ва осойишталик, динлараро бағрикенглик ва ҳамкорлик, ёш авлодни ёт ғоялардан ҳимоя қилиш, эришилган ижобий натижаларни кенг тарғиб қилиш каби эзгу мақсадларда ташкил қилинган.

Конференциянинг асосий мақсади Ўзбекистон ва Озарбайжон давлатларининг Ислом динининг асл ғояларига, қадриятларига содиқлигини намоён қилиш, бугунги куннинг таҳдидларига қарши муштарак қарашларини изҳор қилишдир.

Конференциядан кутилган асосий мақсад икки мамлакат ўртасидаги диний, ижтимоий-сиёсий, илмий ва маданий ҳамкорликни ривожлантириш, бу борада бошқа давлатларга намуна бўлиш, жаҳон ҳамжамиятига Ислом динининг тинчликпарвар, яратувчанлик моҳиятини очиб беришдир.

Биринчи сўз Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимовга берилди. Муфтий ҳазратлари “Тинчликни қадрлаш – олий фазилат” мавзуидаги нутқини меҳмонларни юртимизга келгани билан қутлаш билан бошладилар. Сўнгра ўзбек ва озар халқи қадим-қадимдан дўстона алоқада бўлиб келгани, айниқса, икки халқ зиёлилари, ижодкору олимлари ўртасида устоз-шогирдлик анъаналари кўп асрлик тарихга эга эканига эътибор қаратдилар ҳамда тинчликнинг бебаҳо неъмат эканини ояти карималар, ҳадиси шарифлар билан таърифладилар. Маърузаси ниҳоясида меҳмонларни ташрифи билан яна бир бор қутлаб, уларни Тошкент, Самарқанд, Бухородаги қадамжоларга зиёратга таклиф қилдилар.

Туркия Республикаси Диний бошқармаси раиси Доктор Али Эрбаш “Бағрикенгликни мустаҳкамлашнинг ижтимой омиллари”;

Озарбайжон Республикасининг Диний ташкилотлар билан ишлаш қўмитаси раиси Мубориз Қурбонўғли “Ислом ҳамжиҳатлиги: Озарбайжон жавоби”;

Ислом Ҳамкорлик Ташкилоти қошидаги Ислом тарихи, маданияти ва санъати ташкилотининг Истамбулдаги (IRCICA) маркази бош директори, доктор Халит Эрен “IRCICAнинг ислом тарихи, маданияти ва санъатига доир фаолияти”;

Озарбайжон миллий академияси президенти, академик Акиф Ализода “Диний бағрикенглик – халқлар ўртасидаги тинчлик кафолати”;

Миллий Мажлис депутати, Парламентдаги озарбайжон-ўзбек дўстлиги гуруҳи раҳбари Элдор Иброҳимов “Динлараро бағрикенглик – жамиятдаги тинчлик ва барқарорлик гарови”;

Миллий Мажлис депутати, Парламент қўмитаси раиси Сиёвуш Наврўзов “Озарбайжондаги диний бағрикенгликнинг тарихий-фалсафий асослари”;

Карачаева-Черкес Республикаси мусулмонлари диний бошқармаси раҳбари, Шимолий Кавказ мусулмонларининг мувофиқлаштирувчи маркази раиси, муфтий Исмоил Бердиев “Такфирчилик” ва ундан ислом ҳамжиҳатлигига қарши сиёсий куч сифатида фойдаланилаётгани”;

Кавказ мусулмонлари идораси раиси, МДҲ динлараро кенгаш ҳамраиси, Кавказ халқлари Олий диний кенгаши раиси, Шайхулислом Оллоҳшукур Пошшозода “Тинчликни сақлашда диннинг ўрни” каби долзарб мавзуларда нутқлар сўзладилар.

Ислом ҳамжиҳатлиги мавзуидаги халқаро конференция мамлакатимизда ўтказилаётгани бежиз эмас. Буюк ипак йўлининг марказида жойлашган юртимизда қадимдан турли миллат ва дин вакиллари аҳил-иноқ яшаган, бир-бирининг маданиятини бойитган. Имом Бухорий, Имом Мотуридий, Имом Термизий, Маҳмуд Замахшарий, Бурҳониддин Марғиноний, Муҳаммад Қаффол Шоший, Абдулхолиқ Ғиждувоний, Баҳоуддин Нақшбанд, Хожа Аҳрор Валий, Муҳаммад Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий каби буюк мутафаккирларимиз жаҳон илм-фани, ислом дини ривожига улкан ҳисса қўшган.

Мустақиллик йилларида диний қадриятларимиз тикланди. Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонун асосида виждон эркинлиги кафолатланди. Диний билимларни ўрганиш, диний амалларни бажариш учун кенг эркинлик ва шароитлар яратилди. Қуръони карим ва унинг тафсирлари, ҳадислар ва бошқа муқаддас китоблар ўзбек тилида минглаб нусхаларда нашр этилмоқда. Улуғ аждодларимиз қадамжолари обод этилиб, таваллуд айёмлари халқаро миқёсда нишонланмоқда.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан халқимизнинг маънавий меросини қадрлаш, маърифий ислом динини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Буюк алломаларимиз асарларини ўрганиш ва чоп этиш, қадамжоларини обод этиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Сурхондарё вилоятидаги Имом Термизий, Қашқадарё вилоятидаги Абу Мўъин Насафий мақбаралари, Навоий вилоятидаги Нурота зиёратгоҳи ва бошқа қадамжолар қайтадан тўлиқ таъмирланди.

Самарқандда Имом Бухорий номидаги халқаро илмий-тадқиқот маркази, Сурхондарёда Имом Термизий илмий-тадқиқот маркази ташкил этилди. Самарқанддаги Имом Бухорий илмий марказида ҳадисшунослик, Имом Мотуридий маркази қошида калом илми, Фарғонадаги Марғиноний илмий марказида фиқҳ мактаби, Бухородаги Баҳоуддин Нақшбанд марказида тасаввуф, Қашқадарёдаги Абу Мўъин Насафий марказида ақида илми мактаби ташкил этилмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 23 июндаги қарорига мувофиқ бунёд этилаётган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ислом цивилизацияси марказида аждодларимизнинг улкан маънавий мероси, жаҳон илм-фани ривожига қўшган ҳиссасини ўрганиш ва илмий тадқиқ қилиш ишлари бошлаб юборилди.

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувликни мустаҳкамлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган. Бу борада амалга оширилаётган ишлар жамиятимиздаги ҳамжиҳатлик, меҳр-оқибат муҳитини янада мустаҳкамламоқда.

Президентимиз Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида Маърифат ва диний бағрикенглик деб номланган махсус резолюцияни қабул қилиш таклифини билдирди. Бу резолюция бағрикенглик ва ўзаро ҳурматни қарор топтириш, диний эркинликни таъминлаш, эътиқод қилувчиларнинг ҳуқуқини ҳимоя қилиш, уларнинг камситилишига йўл қўймасликни таъминлашга қаратилган.

Яқинда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг дин ва эътиқод эркинлиги масаласи бўйича махсус маърузачиси Аҳмад Шаҳид мамлакатимизда бўлиб, Ўзбекистонда фуқаролик жамиятини ривожлантириш, бағрикенглик ва виждон эркинлигини таъминлаш, динга эътиқод қилувчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича амалга оширилаётган ўзгариш ва ислоҳотларни юксак баҳолади.

Мамлакатимиз ислом анъаналарини қўллаб-қувватлаш билан бирга, ислом оламидаги ҳамкор давлатлар билан алоқаларни ривожлантириб келмоқда. Жумладан, Ўзбекистон билан Озарбайжон ўртасидаги муносабатлар тарихий илдизлар, яқин миллий анъаналар, тил ва дин бирлигига асосланади.

Халқларимизнинг ҳамжиҳатлиги, бир-бирига ҳурматини маданий-гуманитар алоқалар ривожидан ҳам билса бўлади. Боку шаҳрида Алишер Навоий ҳайкали, Тошкент шаҳрида Низомий Ганжавий ҳайкали ўрнатилган. Озарбайжон пойтахтидаги кўчалардан бирига буюк бобокалонимиз Мирзо Улуғбек номи берилган. Ўзбекистон пойтахтидаги кўчалардан бири озарбайжон халқининг атоқли фарзанди Гейдар Алиев номи билан аталади. Озарбайжон миллатига мансуб юртдошларимиз мамлакатимиздаги кўплаб миллат ва элатлар билан бирга тинч-тотув яшаб, Ўзбекистон тараққиётига муносиб ҳисса қўшмоқда.

“Ислом ҳамжиҳатлиги: Ўзбекистон ва Озарбайжон мисолида” мавзуидаги халқаро конференция икки қардош халқнинг менталитети, интилишлари ҳамоҳанг эканини яна бир бор намоён этди.

Мазкур анжуман Ўзбекистон ва Озарбайжонда тарихан шаклланган диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувлик, тинчлик ва осойишталикни қадрлаш, динлараро бағрикенглик ва ҳамкорлик ғояларини оммалаштириш, халқларимиз, айниқса, ёш авлодни ёт ғоялардан ҳимоя қилиш, эришилган ижобий натижаларни кенг тарғиб этиш мақсадларига қаратилди.

Конференцияда Ўзбекистон ва Озарбайжон мисолида дин ва эътиқод эркинлиги, динлараро мулоқот, диний ва миллий қадриятлар, экстремизм ва терроризмнинг оғир оқибатлари, уларнинг жаҳон ҳамжамияти тинчлик ва барқарорлигига таҳдиди ҳамда уларга қарши курашиш асослари каби мавзулар юзасидан маъруза ва муҳокамалар бўлиб ўтди.

Анжуман мамлакатларимизнинг ислом динининг бағрикенглик ва ҳамжиҳатлик ғояларига, динлараро мулоқот анъаналарига содиқлигини намоён этиб, бугунги куннинг долзарб хавф ва таҳдидларига қарши муштарак муносабат ишлаб чиқилди.

Халқаро конференция Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги илмий-маданий ва диний-маърифий соҳалардаги ҳамкорликни янада юксак даражага кўтаришга хизмат қилади. Дунё жамоатчилигига ислом динининг тинчликпарвар, яратувчанлик моҳиятини етказишга ҳисса қўшади.

Тадбир доирасида Ўзбекистон ва Озарбайжон давлатлари мисолида дин ва эътиқод эркинлиги, динлараро мулоқот, диний ва миллий қадриятлар, диний экстремизм ва терроризм салбий оқибатлари, уларнинг жаҳон ҳамжамияти тинчлик ва барқарорлигига таҳдид ҳамда уларга қарши кураш асослари каби мавзулар юзасидан маъруза ва муҳокамалар бўлиб ўтди.

Халқаро конференция якунида “Ислом ҳамжиҳатлиги: Ўзбекистон-Озарбайжон мисолида” деб номланган Халқаро Конференция якунларига бағишланган расмий баённома ишлаб чиқилди.

Маърузалар тинланганидан кейин ярим соат муҳокамага вақт ажратилди ва анжуманнинг биринчи қисми ниҳоясига етди.

Анжуман иштирокчиларини Тошкент шаҳар ҳокимияти “Наврўз” ресторанида тўкин дастурхон безаб меҳмон қилди. Анжуман қатнашчилари тушликдан сўнг тоза ҳавода эркин суҳбат қилиб, эсдалик учун суратга тушдилар.

Конференция доирасида юртимизда чоп этилаётган диний-маърифий адабиётлар, даврий нашрлар ва бошқа асарлар кўргазмасини ўтказиш ҳам режалаштирилди.

Анжуманнинг иккинчи қисмига Аҳаджон Ҳасанов ва Салмон Мусаев бошчилик қилдилар.

Унда академик Неъматулло Иброҳимов “Ўзбек ва рус тилларида Ислом энциклопедиясини тузиш бўйича таклиф ва мулоҳазалар”;

Германия Республикасининг Франкфурт шаҳридаги Европа-турк мусулмон уюшмаси президенти Мусо Сардор Чалабий “Бугунги исломий дунёқарашда диний бағрикенглик муаммолари”;

Тошкент ислом университети ректори Равшан Абдуллаев “Ўзбекистондаги диний таълимнинг бугунги ҳолати”;

Россия мусулмонлари диний ташкилоти раиси, Москва шаҳри муфтийси Альбир Крганов “Дин ва ижтимоий ҳамкорлик”;

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари, Шайх Абдулазиз Мансур “Тинч-тотув яшашнинг мусулмонча модели, ўзаро ҳурмат-эҳтиром ва маданий алоқалар”;

Шимолий Осетия-Алания Республикаси муфтийси Ҳожимурод Гацалов “Ислом ҳажиҳатлигининг янги, хатарли даврдаги роли”;

Тошкент ва Ўзбекистон митрополити Викентий “Православ черковининг дўстона муносабатлар ва ёшларнинг тарбиясига доир фаолияти”;

Кавказ мусулмонлари бошқармаси раисининг биринчи ўринбосари, муфтий Салмон Мусаев “Диний ва ижтимоий ҳамкорлик”;

Ўзбекистондаги Ислом тараққиёти маркази раҳбари Шоазим Мунавваров “Ислом ҳамжиҳатлиги: Ўзбекистон тажрибаси”;

Озарбайжон Республикаси Диний ташкилотлар билан ишлаш қўмитаси раиси ўринбосари Гундуз Исмоилов “Озарбайжонда давлат ва дин муносабати”;

Украина мусулмонлари диний бошқармаси раиси, муфтий Аҳмад Тамим “Ислом ҳамжиҳатлигини мустаҳкамлашда халқаро илмий ҳамкорликнинг роли”;

Рим-католик черкови епископи Ежи Мацулевич “Ўзбекистондаги Рим-католик черковининг тўлақонли фаолият юритиши учун яратилган шароитлар”;

Рус православ черковининг Боку ва Озарбайжон Епархи Архиепископ Александр “Диний бағрикенглик ва янгича дунёқараш муаммолари: ўтмиш ва бугун”;

Ўзбекистон Библия жамияти бош котиби Холматжон Аширов “Ўзбекистон Республикасида диний бағрикенгликнинг таъминланиши”;

Халқаро ислом миссияси президенти, муфтий Шафиқ Пшихачев “Ёш авлод тарбияси муаммоси ва маърифат тарқатиш борасида ҳамкорликда фаолият юритишнинг аҳамияти”;

Ўзбекистон Дин ишлари бўйича қўмита раисининг ўринбосари Ўткир Ҳасанбоев “Ёшлар ўртасида диний экстремизм мафкураси тарқалишига қарши”;

Озарбайжон тоғли халқи яҳудийлари жамоаси раҳбари Милих Евдаев “Толерантликни шакллантиришда интегратив функциянинг роли” мавзуида маърузалар қилди.

Аллоҳ таоло бу каби хайрли ишларни бардавом айлаб, барчамиз учун манфаатли қилсин, мўмин-мусулмон бандаларини Ўзининг ҳифзу ҳимоясида асрасин!

 

Раҳматуллоҳ САЙФУДДИНОВ

Юнусобод тумани бош имом-хатиби,

Тошкент Ислом Институти ўқитувчиси,

«Мирза Юсуф» жоме масжиди имом-хатиби

 

АНЖУМАН ИШТИРОКЧИЛАРИНИНГ ТААССУРОТЛАРИ:

 

Қирғизистон Республикаси муфтийси Максатбек Токтомешов:

– Бу анжуманга келганларнинг аксари бир-биримизни танидик. Чунки илгари муфтиятимиз битта эди. Бизнинг ота-боболаримиз шу маконда – Тошкентда, Бухорода таълим олган. Биз ўз мамлакатимизда янги диний таълим муассасалари очишни режалаштиряпмиз. Аммо ҳозирги вақтда ана шу заминдаги ўқув даргоҳларидан фойдаланмоғимиз керак. Негаки, бу ерда азалий диний тажриба, катта илмий база бор. Ҳозир анжуманда ўтириб туриб ана шуларни ўйладим. Муфтиятимиз ажралиб кетганидан сўнг маслаҳатлашиб туришлар ҳам камайиб кетди. Анжуман ана шу илиқ муносабатларимизни қайта тиклаш сари қўйилган дадил қадам бўлди.

 

Кавказ мусулмонлари бошқармаси раисининг биринчи ўринбосари, муфтий Салмон Мусаев:

– Бундай анжуманларни кўп ўтказиш керак. Чунки мусулмон давлатлари вакиллари бирлашмоғи зарур. Бундай анжуманлар динимиз душманларига қарши курашишда ёшларни жипслаштиради. Инсон зотининг гуноҳлари кўп, улардан покланиш учун шариат ва тариқат зарур. Озарбайжон ҳам Ўзбекистонга ўхшаб авлиёлар бўстони. Давлат биз диний соҳа вакилларига ҳамма шароитни яратиб бериб турибди. Бундан оқилона фойдаланмоғимиз зарур. Шуни ёдда тутайликки, биз бўлмасак ҳам ислом гўзал бўлади. У бизга эмас, биз унга муҳтожмиз.

 

Тошкент ва Ўзбекистон митрополити Викентий:

– Озарбайжонда йилнинг “Ислом маданияти йили” деб аталиши, менимча, ҳамма динларга алоқадор. Ўзбексион ҳам шундай толерант давлат. Бу юртда динлар орасида бирор марта келишмовчилик юз бермади. Биз ана шу тинчликни сақламоғимиз, уни бошқаларга ҳам ўрнак қилиб кўрсатмоғимиз даркор. Бунинг учун айни мана шу каби анжуманлар асқатади – Бугун Ўзбекистонда, эртага Озарбайжонда, ундан Россияда... Ўзбекистон ва Россия президентлари ҳамкорликда ишлашимиз керак, бизни боғлаб турадиган муштарак бир тушунча бор. У – юксак ахлоқдир. Ахлоқли инсонларни етиштиришда исломнинг катта ўрни бор. Зотан, Ислом – бирлаштирувчидир.

 

Россия мусулмонлари диний ташкилоти раиси, Москва шаҳри муфтийси Альбир ҳазрат Крганов:

– Хотирам панд бермаса, сўнгги йигирма йил ичида бундай катта анжуман бўлмаган эди. Бу анжуманни ташкиллаштирганларга раҳматлар айтаман. Анжуманнинг динимизнинг софлигини сақлашдаги аҳамияти катта. Одамлар динни тўғри тушунса, унга оғишмай амал қилса, низолар бўлмайди. Ҳамма кўнгилсизликлар динда, эътиқодда тойиб кетишдан бошланади. Бир эсга олинг, араб давлатларида нима бўлди. Олдинига катта-кичик низолар қилди. кейин жанжал катталашди, охир-оқибат, давлатини ҳам, давлатбошисини ҳам бой бериб қўйди...

Бу ерда тажриба алмашинади, фикрлашилади, истиқболли режалар тузилади... янада муҳими, иймонлашилади, бир-бирига яқин турган дўстлар бир-бирининг юрагининг зарбини эшитади.

 

Шимолий Осетия-Алания Республикаси муфтийси Ҳожимурод Гацалов:

– Анжуман ташкилотчиларига фақат миннатдорчилик билдириш керак. Илгари мусулмонларга қарши бошқалар урушар эди. Энди эса мусулмонлар, миллатдошлар, қариндошлар ўзаро урушмоқда. Бу динимиз кўрсатмаларига мутлақо зид ҳаракат эмасми! Ҳозирги вақтда мусулмонлар қаттиқ синов остида қолган. на шу синовдан фақат бирдамлик, ҳамжиҳатлик, аҳил-иноқлик билан ўтиб оламиз. Анжуман ана шу ишларга муҳим ҳисса бўлиб қўшилди.

Юқорига