Туркия бош вазири: АҚШ ҳудудимизда тинчлик ва барқарорликка ёрдам бермаяпти

Туркия бош вазири: АҚШ ҳудудимизда тинчлик ва барқарорликка ёрдам бермаяпти

АҚШ сиёсати ҳудудда тинчлик ва барқарорликни таъминлашга ҳисса қўшмаяпти.

Yenicag.Ru нинг Anadolu га таяниб маълум қилишча, бу ҳақида Туркия бош вазири Бийнали Йилдирим CNN телеканалига берган интервьюсида айтган.
«Курд гуруҳлари, марксча-ленинча йўналишлар Туркия учун хавф туғдиради. Аммо терроризм билан курашда АҚШ айнан ИШИД билан ҳамкорлик қиляпти. АҚШнинг ҳозирги сиёсати ҳудудда тинчлик ва барқарорликни таъминлашга ёрдам беради, деб ўйламайман», – деди Бийнали Йилдирим.
Туркия ва Эрон муносабатларини шарҳлай туриб Йилдирим сўнгги 500 йилда ушбу қўшни давлатлар орасида бирон уруш бўлмаганини таъкидлади.
«Анқаранинг ҳудудий масалаларга ёндашуви аниқ. Биз Исломнинг у ёки бу йўналишини тарқатишга уринишни нотўғри деб баҳолаймиз, чунки айнан шу туфайли ҳудудда тинчлик ва барқарорликка путур етиши мумкин. Шунинг учун шиаликнинг тарқалишини хавфли деб биламиз. Чунки бундай вазиятда диний зиддиятларнинг миқёси ва давомийлигини олдиндан тахмин қилиш жуда мушкул. Шу сабабли Туркия вақти-вақти билан Эронга бундай ташаббусларни қўллашдан воз кечишни дўстона тарзда эслатиб туради», – деди Йилдирим.
Вашингтоннинг Теҳронга оид сиёсати масаласида тўхталиб, Йилдирим АҚШ ва Эрон муносабатлари АҚШнинг Ироққа биринчи ва иккинчи марта бостириб кирганидан сўнг таранглашганини эслатиб ўтди.
«Барак Обама президентлиги даврида АҚШ БМТ ХКнинг бошқа аъзолари, шунингдек, Германия биан биргаликда Эронга оид санкцияларни қайта кўриб чиқиш масаласида келишувга келди. АҚШнинг Дональд Трамп бошчилигидаги янги маъмурияти эса Эрон Ислом республикасининг ядро дастурига доир келишувни йўққа чиқариб, Эрон билан янада қаршиликка боришга уриняпти. Вашингтон ҳуқуқий нуқтаи назардан бунинг уддасидан чиқади деб ўйламайман, чунки гап кўп томонлама келишув устида кетяпти», – деди Туркия бош вазири. Шунингдек, у Европа давлатларининг бу масалада Трамп билан якдил эмаслигини ҳам эслатиб ўтди.
Туркия бош вазири АҚШнинг сўнгги пайтларда ҳудудда янги коалиция яратишга уринаётганини таъкидлади.
«Ар-Риёднинг Теҳрон билан муносабатлари узоқ вақтдан бери яхши эмаслиги ҳаммага маълум. Шу билан бирга, қатор майда давлатлар Қатарга қарши бирлашиш ҳаракатида», – деди Йилдирим. Унинг сўзларига кўра, бундай ёндашувлар замирида катта хавф бор, айниқса, давлатлар шундоқ ҳам Сурия ва Ироқдаги урушлар ҳамда ИШИД хавфи каби йирик муаммолар билан курашаётган бир пайтда.

Юқорига