Данияда мусулмонлар партиясидан номзодга босим ўтказилмоқда

Данияда мусулмонлар партиясидан номзодга босим ўтказилмоқда

Амин Женсен исмли даниялик машҳур комедия актёри Хвидовр шаҳри кенгашига сайловлар учун ўз номзодини қўйди.

Мусулмонлар томонидан ташкил этилган Миллий партия (Nationalpartiet)дан номзодини қўйган актёр кўп ўтмай ўзини жисмонан йўқ қилиш таҳдид қилинган хабарлар ола бошлади.
Женсен 21 ноябрь куни шаҳар муниципалитетига бўлиб ўтадиган сайловларга ўз номзодини қўйганини Дания ОАВларига маълум қилган эди.
Актёрнинг сўзларига кўра, шундан сўнг у ижтимоий тармоқлар орқали ватан хоини деган ҳақоратли хабарларни ола бошлаган.
Женсен Миллий партия Данияда Исломни ёйишни мақсад қилиб олгани учун ўзига нисбатан шундай таҳқирловчи хабарлар келаётганини тахмин қилмоқда. «Хабар муаллифлари шу партиядан номзодимни кўрсатиш орқали мени ҳам Данияда Исломни тарғиб қилишни истайди деб ҳисоблашяпти. Менинг фарзандларим бор, шу сабабли аллақандай телбалардан бу мазмундаги хабарларни олиш менга ёқмайди. Мен ҳатто газли баллонча ҳам сотиб ололмайман, аммо менга ҳимоя керак деб ҳисоблайман», – деди Женсен.
Дания қонунчилигига кўра, мамлакатда газли баллончаларни сотиш ва ишлатиш тақиқланган.
Актёр полицияга арз қилгани, аммо ҳозирча бирон чора кўрилмаганини айтди.
«Сиёсий фаолиятимни бошлашдан аввал мен маҳаллий партиялар ҳақида тўлиқ маълумот олдим. Миллий партия мени ҳаммасидан кўп таъсирлантирди», – деди Женсен.

Юқорига