Исроил фаластинлик маҳбусларни «палатка»ларга жойлаштирмоқчи

Исроил фаластинлик маҳбусларни «палатка»ларга жойлаштирмоқчи

Айни пайтда Исроил айрим фаластинлик маҳбусларни қамоқхона камераларидан «палатка»ларга кўчириш имкониятларини ўрганиб чиқмоқда, деб хабар беради ОАВ Исроил ички хавфсизлик вазири Гилад Эрданга таяниб.

Бу таклиф Исроил Олий судининг қамоқхоналар тўлиб кетгани муносабати билан июнь ойи ўрталарида чиқарган қарорини бекор қилиш мақсадида илгари сурилмоқда.
Олий суд қарори айрим инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотлари томонидан илгари сурилган маҳбуслар учун камералар майдонини киши бошига мавжуд 3 кв метрдан 4 кв метргача катталаштириш талаби ортидан қабул қилинган эди. Яъни суд бу талабни қондириш тўғрисида ҳукм чиқарган.
Бундан ташқари, суд Исроил турмалари «одам яшаши учун ярамайди» деган хулоса берганди, деб ёзади ОАВ.
Фаластин маҳбуслар қўмитасининг маълумотларига кўра, айни пайтда Исроил қамоқхоналарида 6500 га яқин фаластинлик бор, улардан 57 нафари аёллар ва 300 нафари ёш болалардир.

Юқорига