«Ал-Васатия» Марказий Осиё диний уламоларини фатво беришга чақирмоқда

«Ал-Васатия» Марказий Осиё диний уламоларини фатво беришга чақирмоқда

11 ноябрь куни Россиянинг «Собрание» номли жамоатчилик бирлашмалари ассосацияси биносида меҳнат муҳожирлари орасида экстремистик ғояларнинг тарқалишига қарши чора-тадбирлар муҳокамасига бағишланган маъруза-семинар бўлиб ўтди.

Мавзу бўйича «Ал-Васатия» (Мўътадиллик) мухтор нотижорий илмий-маърифий маркази раиси Али Полосин маъруза қилди.
«Ал-Васатия» маркази Ислом маданияти, илми ва таълимини қўллаш жамғармасининг мадади билан турли тадбирлар ташкил қилади, уларда «экстремизм» касаллигини даволаш йўллари изланади. Тадбирни «Собрание» ассоциацияси раҳбари Муҳаммад Салоҳиддинов очиб берди. У сўнгги пайтларда экстремистик ғоялар кенг тарғиб қилинаётганини таъкидлади.
Экстремизм мусулмон жамоатига жуда салбий таъсир кўрсатяпти ва асосан қонунларни ҳурмат қилувчи мусулмонларнинг аҳволини ёмонлаштираяпти. М. Салоҳиддиновнинг сўзларига кўра, Россияда муҳожирлар яшаётган муҳит радикал қарашларга мойилдир. Марказий Осиё давлатларидан келган ва оиласидан узоқда яшаётган муҳожирларнинг катта қисми қашшоқ, ишсиз, маиший қийинчиликлар ва маънавий-руҳий босим остида яшайдилар.
«Ижтимоий зиддиятларни ҳал этиш учун уламолар институти ва суд тизими бор. Шариат маҳкамасининг қарори, яъни диний ҳукм саналадиган фатво тушунчаси бор. Шу сабабли мусулмон одам жамият ҳаётига у ёки бу даржада таъсир кўрсатадиган бирон ишни қилишдан аввал, шариат билимдонлари билан маслаҳатлашиши керак. Ҳозир интернетда экстремистлар томонидан амалга оширилаётган зулм Ислом учун қилиняпти дегувчилар кўп. Даҳшатли томони шундаки, уларга ишониб иш кўрган одам ҳақиқий исломий таълимотларга қарши чиқади», – деди Полосин. Муҳожирларга келсак, Полосиннинг фикрига кўра, улар билан Тожикистон ва Ўзбекистон муфтийлиги ишлаши керак. Улар учун етарлича обрўли бўлган маҳаллий ислом билимдонлари экстремистик ғояларнинг барча зарарларини кўрсатиб беришлари лозим. Бунда уларга васатия, яъни мўътадиллик услуби ёрдам бериши мумкин.
Мўътадиллик – ҳар ишда меъёр деганидир. Бу мутаносиблик ва мувозанат демак. Диний атама сифатида у мувозанатда туришни, ҳар нарса ўз ўрнида бўлишини англатади. Али Полосин Марказий Осиё диний етакчиларини экстремистик ғояларни фош қилувчи фатволар чиқаришга чақирди. Айни пайтда, Полосиннинг сўзларига кўра, Россия суд тизими мукаммал эмас ва унинг ҳали ишланадиган жойлари кўп. Жумладан, экспертиза тизими яхши йўлга қўйилмаган. Унинг сўзларига кўра, мусулмонлар ўзлари фаолроқ бўлишлари ва прокуратура ҳамда судга мурожаат қилиб, таклифларини билдиришлари лозим. Машҳур тожик инсон ҳуқуқлари фаоли Иззат Омон таъкидлаганидек, муҳожирлар орасида экстремизм ғоялари асосан ижтимоий тармоқлар орқали тарқалади. Кўпинча асл Ислом қадриятлари тарғиботчиларидан кўра радикаллар ўз ғояларини осонроқ ва кенгроқ ёйишга муваффақ бўладилар. Чунки уларнинг тарғибот материалларини профессионал тарғиботчилар тайёрлаб берадилар.
Тадбир якунида Муҳаммад Салоҳиддинов мусулмонлар ўз муаммоларини, жумладан, экстремистик ғоялар муаммосининг сабабларини учинчи шахсларга тўнкамай, ўзларидан, ўз хатоларидан қидиришлари керак, деди.

Юқорига