Жаҳоннинг энг диндор ва динсиз давлатлари харитаси тузилди

Жаҳоннинг энг диндор ва динсиз давлатлари харитаси тузилди

Британиянинг Telegraph нашри дунёнинг турли мамлакатларида диндорлик даражасини кўрсатувчи харитани тузди.

Харита WIN/Gallup International ташкилотининг 2008, 2009 ва 2015 йилларда ўтказган уч сўровномаси натижаларига кўра тузилди. Сўралганларнинг ҳар бири «Диндормисиз?» деган саволга «ҳа» ёки «йўқ» деб жавоб берган. Бу ҳақида Yenicag.ru хабар берди.
Харитада энг диндор ҳудудлар дея Африка ва Яқин Шарқ кўрсатилган, Жануби-Шарқий Осиё ҳамда Лотин Америкаси ҳам улардан қолишмайди.
Эфиопия диндорлик бўйича энг етакчи мамлакат экан, у ерда 99 фоиз аҳоли динга эътиқод қилади, мамлакатда насронийлар ҳам, мусулмонлар ҳам кўп. Шунингдек, Малави, Нигер, Шри-Ланка, Яман давлатларида ҳам кўрсаткичлар шунга яқин. Сомалида 98 фоиз, Афғонистонда 97 фоиз аҳоли диндор.
Ғарбий, Шимолий ва Марказий Европа кўпроқ атеистлар макон тутган ҳудуд бўлса ҳам, улар орасида Полша юқори диндорлик кўрсаткичи билан ажралиб туради (86 фоиз).
Жанубий Европа мамлакатлари учун ҳам дин анча аҳамиятли экан. 74 фоиз италияликлар ва 71 фоиз греклар ўзларини диндор ҳисоблайдилар.
Ўзбекистон аҳолисининг 51 фоизи динга амал қилишини баён қилган.
Бошқа томондан қараганда, динга кам эътиқод қилувчи мамлакатлар қаторида Япония (13%), Эстония (16%), Швеция (19%), Норвегия (21%) ва Чехия (23%), алоҳида ажралиб турибди, аммо Хитой баридан ўтиб тушган, бу мамлакатда диндорлик даражаси бор-йўғи 7%.
Россияда 70%, Украинада 73% аҳоли диндор бўлгани ҳолда, қўшни Белоруссияда кўрсаткичлар кескин фарқ қилади – бор-йўғи 34%. АҚШ эса 56% кўрсаткич билан харитада қайд этилган.

Юқорига