Аҳли сунна вал жамоа САВОДУЛ АЪЗАМ

Аҳли сунна вал жамоа САВОДУЛ АЪЗАМ

Аҳли сунна вал жамоа
Саводул Аъзам


Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Умматим залолат узра жамланмайди». Термизий ривояти.


 Саодат асридан икки юз йил ўтгач ақидада бидъатлар тарқалди. Бу бидъатларни  юзага келтирган мўътазилийлар, мушаббаҳалар ва ҳашавийлар бўлиб, уларга қарши илмий раддиялар асосида шаклланган собит ақидавий илмий жамао Аҳли Сунна вал Жамоа дейилади. 
Бу Ислом умматининг нажот топувчи жамоаси ҳисобланади.
Аҳли суннанинг илмий асослари шаклланиб тасниф топишига асосан икки улуғ имом, Имом Абул Ҳасан Ашъарий (324 в.) ва Имом Абу Мансур Мотуридий (333 в.) раҳимаҳумаллоҳлар туртки бўлишган. 
Улар янги пайдо бўлган фирқаларга қарши саҳобалар ва уларга эргашган ҳақ йўлдаги зотларнинг ақидаларини нақлий ва ҳам  ақлий далиллар билан баён қилиб беришган. Бу икки улуғ зотнинг фаолиятига назар солсангиз асосан мўтазилала ва мушаббаҳа каби бидъат аҳли шубҳаларига қарши раддияларини кўрасиз. Ўша даврларда бидъат аҳли урчиб, ҳар айниган тоифа ўз фалсафасига кўра янги ақида ўйлаб топаётганида уларга қарши турган уламолар жамоасини Аҳли Сунна вал Жамоа дейиларди. Аҳли Сунна вал Жамоа дейилганда эса асосан ашъарийлар ва мотуридийлар тушунилган.

  Имом Байҳақий раҳимаҳуллоҳ айтади:
- Абул Ҳасан Ашъарий раҳимаҳуллоҳ Аллоҳнинг динида янгилик пайдо қилмаган, динда бидъат тўқиб чиқармаган, балки саҳоба ва тобеъийларнинг ҳамда уларга эргашган Ислом имомларининг дин усули борасидаги сўзларини олиб, замонасидаги бидъат аҳлига қарши муносиб шаклда шарҳлаган ва асл ҳақни баён қилиб берган... Ибн Асокирнинг “Табйину кизбил муфтарий фима нусиба илал имам Абил Ҳасан Ашъарий” китоби, 103 саҳифа. (Яъни китобнинг номи “Бўҳтончининг Имом Абул Ҳасан Ашъайрийга нисбат берган ёлғонини баён қилиш”. Ибн Асокир раҳимаҳуллоҳнинг ўз китобини бундай номлашидан кўриниб турибдики, ўша даврларда ҳам Исломдаги эътиборли шахсиятларга қарши туҳматлар уюштириш, уларни обрўсини тўкишга уриниш, бу билан Исломга таъна етказиш учун туйнук очишга уринганлар бўлган экан. Шу билан бирга ўша бўҳтон эгаларининг асоссиз гапларини ўз ҳолига ташлаб қўймай, уларга қарши уламолар алоҳида асосли раддиялар ҳам ёзишган экан.)

     Иззуддин ибн Абдуссалом раҳимаҳуллоҳ зикр қилади:
- Ашъарий ақидаси шофеъийлар, моликийлар, ҳанафийлар ва ҳанбалийларнинг улуғларида жам бўлган эди. Ўз даврида моликийларнинг шайхи бўлган Абу Амр ибн Ҳожиб, ханафийларнинг шайхи Жамолиддин Ҳусайрийлар ҳам ашъарий ақидасига мансуб бўлишган, Тақий Субкий ҳам шу ақидага иқрор бўлган. 

    Имом Ҳофиз Тожуддин Субкий раҳимаҳуллоҳ ўзининг “Маъийдун неъам ва Мабийдун ниқам” китобининг 75 саҳифасида айтади:
- Ҳанафийлар, шофеъийлар, моликийлар ва ҳанбалийларнинг фозиллари ақидада бир тану бир жон бўлишган. Уларнинг барчаси Аҳли Сунна вал Жамоанинг ақидасини ташкил қилишган.  Улар динларига амал қилишда Аҳли Суннатнинг шайхи Абул Ҳасан Ашъарий раҳимаҳуллоҳнинг йўлини тутишган...

Сўнгра яна айтади:
- Бир жумла билан айтганда ашъарийлик ақидаси  Абу Жаъфар Таҳовий раҳимаҳуллоҳнинг ақида матнида  тўлалигича ўз ифодасини топган. Имом Таҳовийнинг ақида матнини эса барча мазҳаб уламолари бир овоздан   Аҳли Суннанинг ақида матни сифатида қабул қилишган, соф ақидавий матн сифатида рози бўлишган.

Ҳофиз Муртазо Зубайдий раҳимаҳуллоҳ «Иҳё»нинг шарҳида айтади:
- Иккинчи фасл: агар Аҳли Сунна вал Жамоа деган жумла мутлоқ истеъмол қилинса бундан ашъарий ва мотуридийлар назарда тутилган бўлади.

Шайхул ислом Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳнинг ақидаси борасида шикоят кўпайгач, ўз даври қозилари маҳкама қилишиб, у зотни ақидасини ўзидан сўрашган. Шунда Ибн Таймия:
- Мен Ашъарийман! -деган эди.

Ибн Ҳажар Асқалоний раҳимаҳуллоҳнинг “Ад Дурарул Комина фий аъяанил миатис саамина” яъни “Саккизинчи аср кўз ўнгида яширин марваридлар” номли асарида  ушбу ҳодисани Ибн Таймиянинг тавбаси сифатида келтирган. Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳнинг даврлари Ислом умматининг забардаст уламолари билан қайнаган давр бўлган. Ўша даврда уламолар Ибн Таймияни чақиришиб, унинг ақидаси борасида тафтиш ўтказишгани ва Ибн Таймия, ақидада ашъарийман, дея эълон қилганининг ўзи ашъарийлик ақидасининг Аҳли Сунна вал Жамоа ақидаси эканини кўрсатади. Шу билан бирга агар фаразан, ўша маҳкамада Ибн Таймияни рофизийлик, ботинийлик, мўътазилийлик каби бирор залолатдаги тоифанинг ақидасига мажбурланганда эди Шайхул Ислом ҳаргиз, мен рофизийман ёки мен мўътазилийман, демас эди, балки бундай дейишдан кўра қамоқни ва ёхуд ўлимни маъқул кўрган бўларди. Ибн Таймиянинг ўзини ашъарийлигини айтиши ҳам бу ақиданинг айнан Аҳли Сунна ақидаси эканига далолат қилади. 
  
Ашъарийлар ва мотуридийларнинг ақидадаги усуллари бирдир. Бошқа илмлар қатори салафларимиз тутган йўлни халафларимиз оғизма-оғиз қабул қилиб олишган эди. Бидъат урчий бошлаган вақтга келиб ушбу муборак ақида йўлининг ҳақ эканини замонасидаги вазиятга муносиб шаклда шарҳлаб, ботил ақидаларга қарши қўя билган зотлар айнан Имом Ашъарий ва Имом Мотуридий раҳимаҳумаллоҳлардир.
Ашъарий ва мотуридийлик ақидаси борасидаги мақтов гапларини барчасини келтириш амри маҳол иш. Аммо бу зотларнинг бидъат аҳлига уларнинг услубида раддия берганларини танқид остига олган уламолар ҳам тарихда мавжуд. Аҳли ҳадис номи билан танилган Аҳли Суннанинг эътиборли уламолари ҳам талайгина. Бу мазҳабни ҳанбалийлар ҳам дейилади ва улар асосан Имом Аҳмад ибн Ҳанбал розияллоҳу анҳунинг шогирдлари ва издошлари ҳисобланишади. Бу зотларнинг ҳам Ислом умматига тақдим қилган хизматлари беқиёсдир. Аммо от тепкисини от кўтарар, деганларидек улуғ зотлар орасидаги ўзаро танқидларга ўша зотлар каби савияга эришмаганлар  аралашмагани маъқул, бу танқидларни ўз аҳлларига топшириб қўйилгани яхши.
 Чунки бундай танқидларда ким  ҳақ эканини аниқлашга киришсак, биринчидан кўтара олмайдиган юкнинг остига ўзимизни қўйган бўламиз. Иккинчидан эса Ислом тарихида бу каби танқидлардан омонда қолган уламонинг ўзи йўқ. Шунинг учун ҳам Ислом умматининг минг йиллик тарихи мобайнида эътибордан тушурмаган уламоларнинг ўзаро баҳсларига аралашмаган маъқул. Мабодо аралашгиси келган киши аввало уларнинг асл манбалрини яхши ўзлаштириши, ихтилофларининг аслини кўриб чиқиши, ундан кейин камида улар савиясида умматга хизмат тақдим этган бўлиши даркор. Шунда уммат унинг хизматларини қабул қилиб, унга эрашади ва бу унга ҳақли бўлади.

Аммо...
Шу кунларда ашъарийлик ва мотуридийлик борасида турли туман гап сўзлар кўпайди. Оғзига келганини қайтармай айтаверадиган, олдига келганини ҳидламай еяверадиган айрим тоифанинг вакиллари ашъарий ва мотуридий уламоларнинг рўйхатини келтирган кишиларга жавобан, бу уламолар хато қилган ва тавба қилмай ўлишган бўлса жаҳаннамга кетишади, демоқда. Бу қадар улкан ва салобатли жамоатни адашганликда айблаётган, уларни жаҳаннамга хукм қилаётган “муҳтарам зот”нинг исмлари эса номаълум эди. Умматни тўғри йўлга бошлаш маъносида қилган хизматларига келсак, ёзаётган жумлаларидан эса савиялари ҳаминқадар экан кўриниб турибди. Шевада ёзишидан қайси шаҳарда катта бўлганини билиб оласиз.  
Шу қўрқоқ, бетаъйинларни деб Ислом умматининг йўлчи юлдузларини инкор қилайликми?! 
Шу саводсизларни деб Исломнинг бой мероси бўлмиш бебаҳо кутубхоналаримизни сувга оқизайликми?!
Шу ахлоқсизларни деб умматга гўзал намуна бўлган зотлардан юз ўгирайликми?!
Шу қотилларга қўшилиб,  аждодлар  илм ва маърифат ила тирилтириб кетган дунёни қонга ботирайликми?! 
Пайғамабаримиз соллолоҳу алайҳи васалламнинг чин меросхўрларини тарк қилиб мана шу довдирларга эргашайликми?! 
Йўқ!
Асло!
Ҳаргиз!
Ислом умматининг сон саноқсиз авлоди неча асрлардан бери ботил ақидалар қаршисида айнан шу муборак зотлар тасниф ва танзим қилиб кетган ақида билан собит яшаб келмоқда.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам умматнинг етмишдан ортиқ фирқага бўлиниб кетишини ва улардан фақат биригина нажот топишини хабарини берганлар.

Имом Термизий ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
- Дарҳақиқат Аллоҳ менинг умматимни залолат узра жам қилмайди, - дедилар”.
Ибн Можа ушбу ҳадисни ривоят қилиб, ортидан қуйидаги жумлани ҳам зиёда қилган:
-  Дарҳақиқат Аллоҳ менинг умматимни залолат узра жам қилмайди. Шундай экан қачон ихтилофни кўрсанглар саводил аъзамни (яъни улкан жамоатни) лозим тутинглар- дедилар.
Бу ҳадис мавқуфдир. Абу Масъуд Бадрийнинг қуйидаги ҳадиси эса уни қувватлайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
- Жамоатни лозим лозим тутинглар, чунки Аллоҳ таоло ушбу умматни залолат узра жам қилмайди. 
Бу ҳадис борасида Ҳофиз Ибн Ҳажар: «Санади ҳасан», деган. 
  Ровийлари Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳуга бориб тўхтаган  мавқуф ҳадисда у зот айтади:
- Мусулмонлар яхши санаган нарса Аллоҳнинг наздида ҳам яхшидир, мусулмонлар қабиҳ санаган нарса Аллоҳнинг наздида ҳам қабиҳдир. Ҳ
Ҳофиз Ибн Ҳажар: «Бу мавқуф ҳасандир», деган. 
Саҳобаи жалил бу каби мавзуларни ўзидан ижтиҳот қилиб гапириши имконсиз. Буни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитган-ки, айтмоқда. Ҳадис уламолари бир овоздан саҳобаларни ишончли ровийлар эканини айтишган. Хусусан Ибн Масъуддек зотнинг ривояти улкан эътиборга моликдир. 
Ушбу ривоятларнинг маъносидан келиб чиқиб хулоса қиладиган бўлсак ашъарий ва мотуридийларнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам башорат берган улкан жамоат эканларида шак-шубҳа йўқ. Буни қуйидаги рўйхатда ўзингиз гувоҳи бўласиз.
Энди минг йиллар давомида Ислом умматининг эътиборида бўлган ва улардан ўз динларини ўрганган  машҳур уламоларнинг айримларини санаб ўтсак да, ашъарийлик ва мотурийдийлик залолатдир, деяётган ғурурга учраганлар бу гаплари билан кимларни залолатда деяётганларини кўриб қўйишсин ва тавба қилишмаса қиёмат куни кимлар билан даъволашмоқчи эканларига назар солиб қўйишсин. Ушбу зотлар мана бу бидъат аҳли бўлмиш маломатчиларнинг “бобо”ларини ўз даврида илмий майдонда ер тишлатган эди. Энди булар тавба қилмас экан қиёмат кунида ўша залолатдаги боболари каби ер тишлашга ҳозирлик кўришсин!
Ислом тарихида воз кечилмас мерос қолдирган ашъарий-мотуридий уламолар, буюк шахсиятлардан айримларининг рўйхати:

1.  Қуръон илмлари ва тафсир борасидаги ашъарий-мотуридий уламолар:
Имом Қуртубий, Имом Ибн Арабий, Имом Фахриддин Розий,имом Ибн Атийя, Жалолиддин Маҳаллий, Қози Байзовий, Имом Саъолибий, Абу Ҳайён, Ибнул Жазарий, Имом Заркаший, Жалолиддин Суютий, Олусий, Зарқоний, Насафий, Қосимий раҳимаҳумуллоҳ  ва бошқалар...;

2. Ҳадис илмлари борасидаги ашъарий-мотуридий уламолар:
“Саҳиҳ Бухорий” ва “Саҳиҳ Муслим”нинг энг мўътабар шарҳларини ёзган зотлар:
   Имом Ҳоким, Имом Байҳақий, Хатиб Бағдодий, Ибн Асокир, Имом Хаттобий, Абу Нуъайм Асбиҳоний, Қози Иёз, Ибн Салоҳ, Мунзирий, Имом Нававий, Иззуддин ибн Абдуссалом, Ҳайсамий, Миззий, Ибн Ҳажар, Ибн Мунир, Ибн Баттол раҳимаҳумуллоҳ... 

“Сунан”ларнинг мўтабар шарҳлари мусаннифлари;

Ироқий, Ибн Ироқий, Ибн Жаммоа, Айний, Алоий, Ибн Фурок, Ибн Мулаққан, Ибн Дақиқул Ийд, Ибн Замлаконий, Зайлаъий, Суютий, Ибн Аллон, Саховий, Муновий, Алий Қорий, Байқуний, Лакнавий, Зубайдий ва бошқалар...  

3. Фиқҳ ва усул  борасидаги ашъарий-мотуридий уламолар:
Ҳанафийлардан:
Ибн Нужайм, Косоний, Сарахсий, Зайлаъий, Ҳасфакий, Марғиноний, Камол ибн Ҳумом, Шурунбулоний, Ибн Амир Ҳож, Баздавий, Ходимий, Абдулазиз Бухорий, Ибн Обидийн, Таҳтовий ва бошқалар;

Моликийлардан:
Ибн Рушд, Қурофий, Шотибий, Ибн Ҳожиб, Халил, Дирдийр, Боқиллоний, Ибн Арафа Дусуқий, Зарзуқ, Лаққоний, Зарқоний, Нафровий, Ибн Жиззий, Адавий, Ибн Ҳож, Саннусий, Ибн Алиш, Иззуддин ибн Абдуссалом ... ва бошқалар.
Шофеъийлардан:
Жувайний, Ибн Жувайний, Розий, Ғазолий, Омодий, Шийрозий, Исфироийний, Абу Саъд Мутаваллий Найсобурий, Самъоний, Ибн Салоҳ, Нававий, Рофеъий, Ибн Рофъаҳ, Азраъий, Иснавий, Субкий, Ибн Субкий, Байзовий, Ҳисний, Закариё Ансорий, Ибн Ҳажар Ҳайсамий, Ромлий, Ширбийний, Маҳаллий, Ибн Муқрий, Бужайримий, Бажурий, Ибн Қосим, Қалюбий, Амийра, Ғоззий, Ибн Нақийб, Аттор, Буноний, Димётий, Оли Аҳдал ва бошқалар...

4. Луғат  борасидаги ашъарий-мотуридий уламолар:
Журжоний, Ғазвиний, Ибн Анборий, Суютий, Ибн Молик, Ибн Ақил, Ибн Ҳишом, Ибн Манзур, Ферузободий, Зубайдий, Ибн Ҳожиб, азҳарий, Абу Ҳайён, Ибн асир, Ҳамавий, Ибн Форис, Кафавий, Ибн Ожуррум, Ҳаттоб, Аҳдал ва бошқалар...

5. Ислом фатҳлари борасидаги ашъарий-мотуридий уламолар:
Нуриддин Шаҳид, Салоҳиддин Айюбий, Музаффар Қутуз, Зоҳир Бебарс, Султон Муҳаммад Фотиҳ, айюбийлар давридаги барча  султонлар, мамлукийлар давридаги барча султонлар, усмонийлар давридаги барча султонлар, Мовороуннаҳр уламоларининг деярли юзда юзи мотуридий бўлган...

Хулоса:
Хулоса қилиб айтганда, Ислом динининг асосларини Бухорийсиз, Муслимсиз, Заҳабийсиз, Ибн Таймиясиз тасаввур қилиб бўлмаганидек, ушбу рўйхатдаги зотларсиз ҳам Ислом илмлари ҳақида гапириш анча мушкул бўлади. 
Набий соллолоҳу алайҳи васаллам башорат берган жамоат, саводул аъзам мана шудир. Тарихдан бугунга қадар илмий майдонда асослари бир-бирига уйғун келган ушбу жамоа Росулуллоҳ соллолоҳу алайҳи васаллам башорат берган нажот топган жамоадир. 
"Умматим залолат узра жам бўлмайди",- деган муборак сўзларидан ҳам ушбу салобатли карвоннинг ҳақ йўлда эканини англаймиз. 
Фиқҳда ҳанафий, шофеъий, моликий ва ҳанбалий бўлган улкан жамоат, ақидада ашъарий ва мотуридий мазҳабига амал қилган. Ашъарий ва мотуридийларни адашганга чиқариш Исломнинг қоқ белидан синдиришга уринишдир. Исломни синдира олмасликлари аниқку-я, аммо бунга кучаниб уринаётганларга  раҳмимиз келади.
Зотан:
Чироғиники Ҳақ ёндирди, қўйди,
Ани ким “пуф” деди, сақоли куйди.


Аброр Мухтор Алий

Юқорига