Иймон ва ҳаёт

Иймон ва ҳаёт

Иймон ва ҳаёт

Илм-фан (яъни дунёвий илм) қанчалар равнақ топмасин, майдонлари қанчалар кенгаймасин, у барибир инсонлар учун хотиржамлигу саодатни рўёбга чиқариб беришга қодир эмас. Чунки бу илм ҳаётнинг фақат моддий томонини тараққий эттиради. Бу илм узун масофани яқин қилиб, узоқ муддатни қисқартириб берди. Шунинг учун бу асрни “тезлик асри”, “масофаларни кесиб ўтиш асри” деб номлашди.

Лекин бирор кимса бу асрни “фазилат асри”, “хотиржамлик асри” ёки “инсоният учун саодат асри” дея оладими?!.
Бу илм инсон ҳаёти учун янги-янги қулай воситаларни муҳайё қилди. Лекин ҳаётдан кўзланган асл мақсадлар сари бошлай олмади. Ҳаётнинг зоҳирини зийнатлаб кўрсатди, лекин унинг моҳияти томон олиб бормади. Воситаларга берилиб, асл мақсадни унутган, сатҳига чалғиб, маъдандан ғафлатда қолган, пўсти билан овора бўлиб, мағзидан бебаҳра қолган инсон – қандаям бахтсиз инсондир!

Бу илм инсонга кўплаб қулайликларни тақдим қилди. Лекин унга у учун яшаб, у учун жон беришга арзийдиган буюк қадр-қиммат ва олий мақсадни тақдим қилгани йўқ. Ҳа, аслида буларни тақдим қилиш дунёвий илмнинг вазифаси ҳам хусусияти ҳам эмасдир. Буларни дин тақдим қилади ва бу диннинг вазифасидир!
(Шайх Юсуф Қарзовий).

Ҳа, фарзандларимизга таълим-тарбия берар эканмиз, фақатгина дунёвий таълим бериш билан чекланиб қолмаслигимиз лозим. Уларнинг тарбиясида диний билимнинг алоҳида ўзига хос ўрни бўлиб, бу ўринни ундан бошқа бирор нарса, бирор тушунча тўлдира олмайди. Шундай экан, фарзанд тарбиясида диний билимнинг қанчалар зарур эканини бир лаҳза ҳам унутишга ҳаққимиз йўқ!. Акс ҳолда, фарзандларимиз ҳаётнинг зоҳири билан овора бўлиб, унинг асл моҳиятидан ғафлатда қолишади, пўстлоғи билан овора бўлиб, мағзидан бебаҳра қолишади. Бу эса ўз натижасини кўрсатмасдан қолмайди. Турли фаҳш-мункарлар, бузғунчилик ҳамда жиноятларнинг урчишига ҳам айнан шу нарса сабаб бўлади. Бугунги кунда бу исбот талаб қилмайдиган ҳақиқатга айланиб улгурди. Диний билимдан воз кечиб, фақат дунёвий билимнинг ўзи билан тараққий топаётган юртлар аҳолисининг ҳаётига назар солсак, бунга амин бўламиз...

Қудратуллоҳ Сидиқметов

Юқорига