Телефон зомбиларининг жамияти

Телефон зомбиларининг жамияти

Кўпчилик менинг “компютерчи” эканимни билади. Технологияларни ўлгудек ёмон кўраман, десам уларнинг кўпчилиги хайрон бўлишади. Ҳа, балки мен бундай деганимда озгина муболаға қўшиб юборган бўлишим ҳам мумкин. Аслида эса технологияларнинг ҳаётимизга қай шаклда кириб келишига бироз ғашим келади-да...

Агар сиз одам лиқ тўла кўчадан сайр қилган бўлсангиз, мен нима ҳақида гапираётганимни яхши тушунасиз. Сўнги уч-тўрт йил ичида атроф оламдан мутлақо узилган ва смартфонлари “ичига кириб кетганлар” жуда кўпайиб кетди. Агар одам ўз вақтини ўлдиришни истаса у "фейсбук", "твиттер" ва "одно" каби саҳифаларнинг ниҳояси йўқ фидларига ғарқ бўлиб кетади. Субҳаналлоҳ, мен баъзи одамлар хафталаб кутган ТВ-шоуларида ҳам телефонларидан чиқиб кетаолмаётганининг гувоҳи бўлдим.

Мени нотўғри тушунманг, технологиялар – бу улкан имкониятлар, у орқали биз юқори чўққиларга чиқдик (ой сатҳига ҳам қадам қўйилди). Шундай бўлишига қарамай, сўнгги кашфиётларимиз яшаш (ҳаёт) сифатини яхшилаш ўрнига, уни анча пастга тушириб юборди. Биз ёниб турган экранларга бош эгиб, бемаъни ва ниҳоясиз ахборот ҳажмларининг истеъмолчиларига айланган телефон зомбилари бўлиб қолдик.

Бунга сўнгги пайтларда мобил алоқа қурилмалари сони ортганининг сабаб бўлгани эҳтимоли кўп. Pew Internet томонидан ўтказилган тадқиқотга кўра, АҚШ катта ёшдаги аҳолисининг 56 фоизи смартфонларга эга. Бу жуда кўп сондаги одамлар бўлиб, уларнинг чўнтакларида исталган вақтда интернетга чиқиш имкониятига эга бўлган қурилмалар бор. Шунинг ўзиёқ суиистеъмолликлар учун шароит туғдиради, бироқ боғланиб қолишнинг ўзаги – биз ўз қурилмаларимизда нима билан банд бўлишимиздир. Apple, Samsung ва HTC каби компаниялар сиз қандай қурилмалардан фойдаланишингиз учун курашаётган бир пайтда, бунданда муҳимроқ нарса – сизнинг диққат-эътиборингиз учун беллашаётган компаниялар ҳам талайгина. Бундай компанияларнинг кўплари реклама орқали даромад кўришади, шундай қилиб, сиз уларнинг иловаларидан имкон қадар кўп вақт фойдаланишингиздан манфаатдордирлар. Facebook, Twitter ёки, масалан, Buzzfeed каби компаниялар ҳақида ўйлаб кўринг. Булар даромадлари ўз фойдаланувчиларининг қизиқишига пропорционал тарзда ўсиб бораётган компаниялардир. Муаммо шундаки, бизнинг диққат-эътиборимизни жалб қилиш – жуда ҳам осон вазифа, ва буни улар ўзларининг тўлиқ назоратларига ола билдилар.

Бу ҳақида бир ўйлаб кўринг. Кўп эҳтимолга кўра, қўлингизда ёки қўлингиз етадиган бир жойда Интернет билан боғланган қандайдир ускуна бор бўлиши мумкин. Мазкур ускуна доим ишга шай бўлиб, қандайдир муҳим воқеа ёки сизга тегишли бирон нара бўйича овоз чиқариши, зириллаши, хуллас сизга хабар қилиши мумкин. Сиз эса, истаган вақтингиз ўша хабар билан дарҳол танишиб чиқишингиз ёки уни ўчириб юборишингиз мумкин. Бунинг устига молиявий тарафдан сизни доим ускунангиз билан боғлиқ ҳолда ушлаб туришни ҳамда бунинг орасида рекламаларини кўрсатишни истайдиган компаниялар бор. Ҳолат шу тарзда давом этар экан, телефонларга муккасидан кетган жамиятга айланиб бораётганимиздан ажабланиш керакми? Бизнинг диққат-эътиборимизни кундалик турмушдан кўра, айнан ахборот чиқиндилари ва тезоб кўнгилочарликлар манбаи саналган қимматбаҳо мобил телефонлари ўзига қаратиб олди, дея ишонч билан айта оламан. Ярим дақиқа зерикиб ўтиргандан кўра чўнтакдан телефонни чиқариб, “прикол” гифка (уяли телефонга жойлаштириладиган gif форматидаги расм) устидан кулган яхши эмасми? Биз атрофимиздаги реал одамлар ва реал ҳаётдан завқланиб яшаш ўрнига, доимо телефонларидан кўнгилочарликлар излаётган ва интернетга қарам бўлиб қолган одамлар жамиятига айланиб қолдик.

Менга кўра, муаммонинг ечими икки қисмдан иборат. Биринчи – биз ўзимиз. Агар мен юқорида зикр қилган нарсаларда ўзингизни кўрган бўлсангиз, интернет ва телефондан қандай фойдаланаётганингиз ҳақида бир ўйлаб кўринг. Кейинги сафар телефонгизни қўлингизга олганингизда сизга буни нима мажбур қилди, шу ҳақида бир ўйлаб кўринг. Наҳотки, сабаб шу қадар жиддий бўлиб, у сизни атрофда бўлаётган нарсалардан чалғита олса? Мен танишларим ва дўстларим билан учрашганимда телефонларини яшириб қўйишларини илтимос қиламан. Яқинда дўстларим билан учрашганимда, ҳаммасининг телефонларини олиб қўйдим, уларни ўчириб ташладим. Аввалида менинг бу қилиғим барчанинг жаҳлини чиқарди. Кимдир буни билдирди, кимдир эса ичидан ғазабланиб турди. Шундай бўса ҳам ўтиришимиз сўнггида уларнинг баъзилари келиб телефон бўлганида бунчалик мириқиб ўтира олмаслигини тан олишди. Ўтиришдагиларнинг барчалари яқин дўстларим бўлгани учун бу қилганларим уларни унчалик хафа килгани йўқ. Агар сиз ҳам мен каби ишни амалга оширмоқчи бўлсангиз, бу ишингиздан кейин сизга нисбатан нафрат уйғониб қолмаслигига тўла амин бўлинг, чунки бундай иш учун сизни тириклайин “еб қўймоқчи” бўлганлар ҳам топилиб қолади.

Сўнггиси – агар менга ишонмасангиз, ўзингиз бир синаб кўринг. Телефонингизни бир соатга, бир кунга, умуман олганда муддат муҳим эмас, асосийси, уни ўчириб қўйишингиз керак. Бор диққатингизни ибодатлар, атрофингиз, оилангиз, дўстларингиз ва ишларингизга қаратинг. Телефон таклиф қилган нарсалардан кўра вақтингизни анча кўп фойдали нарсага сарф қилганингиздан мамнун бўласиз. Қора экранчаларни тарк қилар эканмиз, биргаликда атрофимиздаги оламни янада гўзал қилишга хисса қўшамиз, иншаАллоҳ.

Интернет маълумотлари асосида 
Абу Муслим тайёрлади

Юқорига