ИЙМОН САДОҚАТИ

ИЙМОН САДОҚАТИ


Истиқлол раҳнамоси, давлатимизнинг биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг вафоти ҳам ибратли бўлди. Ислом дини ҳақида юқорида намуна келтирилганидек, юксак фикрлар билдирган, бу муқаддас диннинг улуғворлигини, унинг мусаффолигини чуқур англаган Юртбошимизнинг сўнги сафарлари ҳам ўша юксак ғояларга монанд бўлди. У кишини исмларига муносиб тарзда қолдирган васиятларига кўра Ислом аҳкмоларига ва одобларига муовфиқ равишда сўнги йўлга кузатилди.


Бугунги ушбу ҳолатни фаҳмлаш учун яқин тарихимизга бир назар ташлашнинг ўзи кифоя. Мустақилликдан олдин халқимиз қанчадан-қанча мусулмон раҳбарларини, қалбида иймони жўш урган фарзандларини кофирларнинг удумига кўра: таҳорат-ғусл йўқ, қанақадир костюм-шим, галустиклар билан, аркестр шовқинлари остида, яшикка солиб кўмишга мажбур бўлганди. Иймонидан кечиб, комунист бўлганлари-ку ўз қарашларига кўра кўмилган, улар шунга лойиқ, аммо қалбида иймони бор, вақти келса, намозини канда қилмайдиганлари ҳам, юқори лавозимда ишлагани учун, ҳеч бир дуо-тиловатсиз, ўрисдек дафн этилиши мажбурий эди. Тадбирини қилганларигина яқинлари тарафидан уй ичида ювилиб, жаноза намозига мушарраф бўларди. Бугун эса халқимиз эрки ўз қўлида бўлганидан ўз раҳбарини ўз дини асосида охират сафарига кузатди.

Исломда инсон зотига эҳтиром жуда ҳам юксак. Аввало вафоти яқинлашган инсонга калима талқин қилиш, устида Қуръон ўқиш тавсия этилади. Бу униннг Аллоҳнинг ҳузурига иймон билан кетишига, жони ором олишига ёрдам беради. Вафот этганидан сўнг, уни покиза қилиб, ниҳоятда эҳтиёткорлик билан, юксак эҳтиром билан покланади. Унга таҳорат ва ғусл қилдирилади. Кейин покиза матога кафанланади. Таҳорат, ғусл ва кафаннинг қандай бўлиши кераклиги ҳам белгилаб берилган. Кафанланган жасад тобутга солиниб, қибла тарафга қўйилади-да, марҳумга мағфират сўраб жаноза намози ўқилади. Жаноза тўрт такбирдан иборат бўлиб, такбирлар ўртасида махсус дуо ва зикрлар қилинади. Кейин эса маййитни елкаларда кўтариб, сўнги манзилга етказилади. Дафндан сўнг яна тиловату дуолар, ўз вақти билан ва имконга қараб хайру эҳсонлар қилинади. Қисқа сатрларда айтилган ушбу жараёнга доир исломий аҳком ва одобларни уламоларимиз алоҳида бобларда, махсус китобларда батафсил баён қилганлар. Уларни ўрганар эканмиз, Исломда инсон қадри қанчалар юксак эканини, исломий дафн маросими барча замон ва маконларда инсон учун фақат шараф ва эҳтиром манбаи бўлишини англаб етамиз. Бундай эҳтиромни бошқа бирор дин, бирор тузумда учратмайсиз. Ҳамма-ҳаммаси мантиқли, асосли, бирорта ҳам беҳуда иш йўқ. Муҳтарам Юртбошимиз мана шу ҳақиқатларни яхши билганлари боис ўзларининг дафн маросимларини исломий йўсинда бўлишини васият қилганлар ва бу васиятнинг чин ихлос ва самимият билан, тўла-тўкис адо топиши эса ҳамма учун яна бир ибрат бўлди. Туғилганида қулоғига «Ислом» дея озон айтилган бу инсоннинг дунё билан хайрлашуви ҳам исмига монанд бўлди.

Юртбошимизнинг дафн маросими исломий йўсинда ўтиши нафақат юрт ичида, балки бутун минтақа, бутун дунё аҳли учун ибрат ва жасорат рамзи бўлди, десак, муболағаси йўқ. Бу ҳолат ўзлигини унутган, инсонни маймундан паст санаган чиркин фалсафанинг малайи бўлган, бошқаларга тиз чўккан, фикрий тутқунликда эсини еган сафсатавозларга ёқмаган бўлса ҳам, ўзини билган, ўзлигини ҳурмат қилган барча инсонлар қошида Юртбошимиз учун фақат ва фақат шараф келтирди. Ўзбекистоннинг биринчи Президенти Ислом Каримовнинг исломий анъанага кўра дафн этилиши барча-барчага дин ва эътиқодга садоқатнинг намунаси бўлди. Мусулмон киши ўз дини ва қадрятлари билан фахрлана билиши, уларни эҳтиром қилиши лозимлигини ва бу иш ҳар қандай инсон зоти учун шон-шараф келтиришини амалда кўрсатиб қўйди. Агар кузатилса, ҳақиқатан ҳам шу кунларда Юртбошимизга Аллоҳ бутун дунё бўйлаб, хоссатан, ўз халқи қошида шу пайтгача кузатилмаган ҳурмат ва муҳаббатни шундоқ тўшаб қўйди. Буларнинг ҳеч бири бежиз эмас, албатта.

Президент Ислом Каримов Самарқандаги ўз ота ҳовлисида ювиб, кафанланди. Тобут Регистондаги «Тилла Кори» масжидига пиёда олиб келинди. Масжидда хорижий меҳмонлар, қўшни мамлакатлар Президентлари ва Вазирлари, Ўзбекистон давлати намоёндалари, имом домлалар ва бошқалар жамланди. Тобут қўйилган жойда ярим соатдан зиёд тиловати Қуръон қилинди. «Ҳазрати Имом» масжиди ноиби имоми Ҳабибуллоҳ қори Фотиҳа сураси, Бақарадан беш оят ҳамда Ёсин сурасини ўқиб берди. Ортидан Ҳасанхон қори Яҳё Мулк, Набаъ, Ихлос, Фалақ ва Ан-Нос сураларини тиловат қилди. Шундан сўнг Муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари қисқача маъруза қилиб, жаноза намозини ўқиб берди.

Жанозадан сўнг тобут «Ҳазрати Хизр» масжиди ёнига, масжид саҳнисида ковланган қабрга олиб келинди ва марҳум шу жойга дафн этилди. Қабр лаҳад қилиб ковланган. Дафндан сўнг Ҳабибуллоҳ қори Мулк сурасини ўқиб берди, ортидан Ҳасанхон қори Хатми сағир қилиб, Муфтий Усмонхон домла бошчилигида умумий дуога қўл очилди. Кейин ота ҳовлида фотиҳахонлик кузатилди.

Дафн маросимининг эртасидан Тошкентда ва Республиканинг барча вилоятларида фотиҳахонлик ташкил қилинди. Муҳтарам Юртбошимизнинг руҳларига бағишлаб тиловату дуолар қилинди, хайру эҳсон тадбирлари уюштирилди. Аллоҳ бу хайрли амалларининг савобидан у кишининг руҳларини баҳраманд этсин!

Юртбошимиз чиндан ҳам халқнинг юрагидан жой олган экан. У киши бемор бўлган кундан бошлаб, халқнинг қўли дуодан тушмай қолди. Вафот этганларида эл ич-чидан йиғлади, қонли ёшларини яшира олмади. Миллионлаб мусулмонлар кўзларида ёш билан тиловату дуога юзланди. Масжидларимизда намозхонларимиз ҳар қачонгидан ҳам тўлиб, ғоибона жаноза намозларини адо этдилар. Бу дегани юз минглаб мусулмонлар қиблага юзланиб марҳумнинг ҳаққига Аллоҳдан мағфират сўраб дуо қилди, демакдир. Қориларимиз тарафидан хатми Қуръонлар бағишланди, тиловатлар қилинди. Бу ишлар ўз-ўзидан эмас, албатта, зеро, қалбга муҳаббатни мажбурлаб суқиб бўлмайди. Буларнинг барчаси халқимизнинг олийжаноблиги, ўз Юртбошисига бўлган меҳр-муҳаббатининг намуналари бўлди.

Аллоҳ таоло ўтган барча азизларимизни Ўз раҳматига олиб, охиратларини обод қилсин! Хусусан, марҳум Юртбошимизнинг иймонини, хайрли амалларини ўзларига ҳамроҳ айлаган бўлсин ҳамда қолган оила-аъзолари, яқинлари ва бутун халқимизга сабри жамил ато қилсин!

Ушбу бўлимдаги бошқа мақолалар: « ХАЛҚСЕВАР РАҲБАР Амал қилинг савоб олинг! »
Юқорига