Ижтимоий тармоқларда мусулмоннинг 10 та одоб қоидаси

Ижтимоий тармоқларда мусулмоннинг 10 та одоб қоидаси

Ислом – ҳаётнинг ҳар бир жабҳасига тегишли йўриқларни тақдим этган мукаммал диндир. Аллоҳ таоло марҳамат қилади: 

«Ҳар бир умматга ўзидан гувоҳ олиб келган кунимизда сени анавиларга (умматингга) гувоҳ қилиб келтирамиз. Сенга Китобни ҳар бир нарсани баён қилувчи этиб, мусулмонларга ҳидоят, раҳмат ва хушхабар қилиб нозил этдик» (Наҳл сураси, 89-оят).  (Яъни, қиёмат куни ҳар бир умматга пайғамбарини гувоҳ этганимиздек, сени ҳам умматингга гувоҳ қилиб келтирамиз. Сенга Қуръони Каримни нозил қилишдан мақсад ҳар бир нарсани баён қилиб беришдир. Қуръон мўминлар учун Аллоҳнинг раҳматидир, мусулмонлар учун ҳидоятдир. Қуръони Карим мўминлар учун хушхабардир, уларга иймонлари орқасидан келадиган яхшиликлар хушхабарини беради.) «Албатта, инсонни Биз яратганмиз ва унинг нафси нимани васваса қилишини ҳам билурмиз. Ва Биз унга жон томиридан ҳам яқинмиз. Икки кутиб олувчи ўнгда ва чапда ўтирган ҳолларида кутиб олурлар. Бирор сўз айтмас, магар ҳузурида ҳозиру нозир борлар. Ўлимнинг мастлиги (талвасаси) ҳақиқат бўлиб келди. Сен қочиб юрган нарса шулдир» (Қоф сураси,16–19-суралар).Бу ояти карималар бизга ҳар бир айтган сўзимиз ёзиб борилаётгани ва қиёмат кунида улар устидан жавоб беришимиз ҳақида эслатмадир. Аллоҳ таолонинг ушбу огоҳлантириши фақатгина оғзаки сўзларгагина оид эмас. Ижтимоий тармоқларнинг фаолияти тобора кенг ва оммавий тус олаётган бу замонамизда ушбу оятлар янада катта аҳамият касб этади. Албатта, мусулмоннинг одобига тегишли илоҳий қоидалар (ёлғон гапирмаслик, сўкиш, ғийбат ва бошқалар) виртуал дунёга ҳам тааллуқлидир. Мен ижтимоий медия – мусулмонларга салбий таъсир қилувчи, динидан узоқлаштирувчи омил, дейишдан йироқман. Ичида яшаётганимиз замонавий дунё воқелигининг ажралмас бир бўлаги сифатида мусулмонлар бошқа бир қисми бўлмиш ижтимоий тармоқларни инкор қилолмайди. Улар ҳам бошқа воситалар каби фойдали ёки зарарли тарафга ишлаши мумкин. Аслида ижтимоий тармоқлардан қариндошчиликни мустаҳкамлаш, дўстлар билан мулоқот, хайрга чорлаш каби кўплаб савобли мақсадлар йўлида фойдаланилса, мақсадга мувофиқ бўлади. Лекин, афсуски, баъзан уларнинг мақсад ва ролини яхши тушунмаймиз.  Ижтимоий тармоқлар – кўп йиллаб ўқиб, илм олишни ва етарли илмий савияни талаб қилувчи исломий таълим, чуқур диний мунозара ва муноқашалар учун платформа эмас. Ижтимоий тармоқлар қанчалик жазосиз майдон бўлиб кўринмасин, мусулмон киши шуни унутмаслиги керакки, ҳар бир ёзгани ва оғзидан чиққан сўзи учун масъулдир, ҳатто хаёлимиздаги нарсалар Аллоҳга махфий эмас. Бир нарсани тарқатишдан олдин у маълумот тўғри эканига амин бўлиш керак. Ва, албатта, ҳеч қандай «Агар Аллоҳни севсангиз, ушбу маълумотни ........ жўнатинг» кабиларга ўрин йўқ.  Мусулмоннинг ижтимоий тармоқ одоблари:

Улардан фойдаланиш асносида Аллоҳ сизни кўриб, эшитиб ва ҳаммасини билиб турганини ҳамда фаришталар барча амалларимизни ёзиб бораётганини унутмаслигимиз керак.

1. Хушфеълликни сақланг. Чунки қиёмат куни тарозида хушфеълликдан кўра оғирроқ келадиган амал йўқдир.  

2. Бошқаларни ҳурмат қилинг. Ҳадисларда мусулмонинг тилидан ва қўлидан бошқа мусулмонга зарар етмаслиги айтилган. 

3. Инсонларнинг шаънини ҳақоратламанг. Чунки Аллоҳ ҳақоратловчиларни суймас. 

4. Ижтимоий тармоқларда хитоб қилаётган одамимизга худди ёнимизда эканида қандай бўлса, шундай муомала қилишимиз керак. Инсонга айтилиши хуш кўрилмаган нарсаларни ёзиш ҳам мумкин эмас.

5. Инсонларни ҳақорат қилманг, камситманг, устидан кулманг.

6. Ёлғон гапирманг. Ёлғон далил келтирманг.

7. Ғийбат қилманг. «Эй иймон келтирганлар! Кўп гумонлардан четда бўлинглар, чунки баъзи гумонлар гуноҳдир. Жосуслик қилманглар. Баъзиларингиз баъзиларингизни ғийбат қилманглар. Сизлардан бирорталарингиз ўзининг ўлган биродарининг гўштини ейишни яхши кўрадими? Ҳа, ёмон кўрасизлар. Аллоҳдан қўрқинглар! Албатта, Аллоҳ тавбани кўп қабул қилувчи ва раҳмлидир» (Ҳужурот сураси, 12-оят). (Маълумки, кимнинг ўйига бадгумонлик ўрнашса, у одам ўша гумонни тасдиқлаш учун ҳужжат ва далил қидира бошлайди. Натижада гумон остидаги одамнинг ўзига билдирмасдан айбини ахтаришга тушади. Буни эса «жосуслик» дейдилар. Одатда, жосуслик деб бировга ёмонлик етказиш ниятида айбларини ва заиф жойларини ўзига билдирмай, яширинча ахтаришга айтилади. Бу иш ҳам катта гуноҳлардандир. Чин мусулмон кишининг қалби бу каби жирканч одатлардан пок бўлмоғи зарур.) 

8. Меҳрли, мулойим ва раҳмли бўлинг. Ҳадисларда ўз ғазабини жиловлай олганларгина ҳақиқий кучли экани айтилган.

9. Ўз бахтингизни асранг. Сизга ато этилган яхшиликларни кўз-кўз этиб, бошқаларнинг ҳасад қилишига сабабчи бўлманг. Ижтимоий тармоқларнинг ҳамма нарса очиб ташланса, инсонни ўзига хос шахсий махфийликдан маҳрум қилиш хусусиятини унутмаслик керак. Ўзингиз ва бошқаларнинг шахсий ҳаётини асранг. 

10. Камтар бўлинг. Камтарлик – мусулмоннинг виртуал воқеликда ҳам ажралмас сифатидир.

 

Ушбу бўлимдаги бошқа мақолалар: « Уч нарса борки… (26-қисм) Уч нарса борки… (27-қисм) »
Юқорига