Ишни ибодатга айлантиринг!

Ишни ибодатга айлантиринг!

Пулнинг мусулмон ҳаётидаги ўрни қандай? Шубҳасиз, пул ҳаётимизда муҳим вазифа бажаради. Аммо биз уни ишлаб топишда қай даражада эътиборли бўлишимиз керак? Пул топиб, моддий таъминотни яхшилашга интилишда шариат белгилаган чегарадан чиқмаслик йўллари қандай? 

Ислом – васатийлик (ўрта меъёналик) динидир. Иймонли киши аҳли ва ўз ризқини ҳалолдан таъминлашга интилиши лозим, шунингдек, Аллоҳ учун садақа бериш билан уни баракали қилишга уриниши ҳам зарур.Қўлимиздаги пулларни ақл билан, на исроф ва на бахиллик қилмасдан сарфлашимиз даркор. Аллоҳнинг неъматларидан фақат ўзимиз фойдаланмай, ўзгаларга ёрдам учун ҳам ишлатишимиз керак. Кундалик фарзларни адо этган ҳолда ҳалол йўл билан пул топиш ибодат саналади. Мусулмон учун ҳаётининг ҳар бир жиҳати савоб маъносида аҳамиятлидир. Пул топиш ҳам бундан мустасно эмас. Иймонли киши учун даромад манбаи бўлган ишининг шариатга зид бўлмаслиги, аксинча, хайрли ва Аллоҳга яқинлаштирувчи бўлиши жуда муҳим. Катта бойликка эгалик Исломда таъқиқланмаган. Аммо янада бойиш учун фақатгина пулнинг орқасидан қувиш яхши эмас. Агар охиратни унуттириб, Аллоҳдан узоқлаштирса, ундай бойликда хайр йўқ. Ўзи ва аҳлининг ҳаётини фаровонроқ қилиш нияти ёмон эмас. Лекин дунё ва охират учун ҳаракат мувозанатини унутмаслик керак. Доимий даромад – инсонга ҳузур-ҳаловат бахш этади, ишдан бошқа нарсаларга ҳам вақт ажратиш учун фурсат беради. Лекин бу – албатта, кўп бўлиши шарт, дегани эмас, балки ҳамма гап тўғри сарфлашдадир. Доимий иш инсонни ноҳақ ва нопок йўллар билан пул топишдан, қарзга ботишдан ва оқибатда гуноҳга кўмилишдан сақлайди. 

Бир ривоятда айтилишича, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:  «Эй бор Худоё, албатта, мен Сендан гуноҳдан ва қарздан паноҳ тилайман»

Бас, у зотга бир одам: «Бунча ҳам қарздан кўп паноҳ сўрайсиз?!» деди.

«Агар киши қарздор бўлса, гапирса – ёлғон гапиради, ваъда берса – хилоф қилади», дедилар Набий алайҳиссалом. 

Имом Бухорий, Имом Муслим ва Имом Абу Довуд ривоят қилишган.

 

Юқорига