Қиёмат куни аниқ бўлдими?

Қиёмат куни аниқ бўлдими?

Қиёмат куни аниқ бўлдими?

Қиёмат, охират билан боғлиқ тасаввурлар ва қўрқувлар инсоният яралгандан буён мавжуд десак, хато бўлмайди. Ер юзидаги ҳаёт қачон тугайди? Охирзамон аломатлари намоён бўлмоқдами? Қиёмат қачон? Бу каби саволлар дини, миллати ва ирқидан қатъи назар, ҳар бир инсонни ўйлантириши шубҳасиз…

“УЗР, АДАШИБМИЗ, 2013 ЭКАН…”

Сўнгги йилларда қиёмат, 2012 йилнинг охирги йил эканлиги хусусидаги турли миш-мишлар, изланишлар, асарлар, ҳаттоки бадиий фильмларгача пайдо бўлаётганига аслида нима сабаб бўлди? Асосий сабаб битта: Майялар тақвими!
 
Қадим замонларда Шимолий Америка ҳудудида яшаган, ўзига хос қадимий маданиятга эга бўлган ва аксарият аҳолисини кучли башоратгўйлар ташкил қилган майяларнинг тақвими 2012 йил 21 декабрда тугаши анча олдин тадқиқотлар натижасида олимлар томонидан аниқланганди. Бу санани олимлар Григорян тақвими бўйича ҳисоблаб чиқишганди. “Хайриятки”, яқиндагина америкалик олим Жерад Аланд томонидан тақвим қайта ўрганилди ва аввалги ҳисобда хатоликларга йўл қўйилгани ва “сўнгги кун” 2012 йил декабр ойида эмас, 2013 йилнинг илк ойларида бўлиши “аниқланди”. Агар майялар “адашган”, ва қиёмат улар айтган вақтда бўлмай қолса, бошқа тахминлар ҳам йўқ эмас, охирзамон 2015 йил 3 июнь ё 2021, 2060 (бунисини Исаак Нютон башорат қилган экан), 2098, борингки, 2797 йилга ҳам “кўчирилиши” мумкин экан. Ҳа, энди, Али бўлмаса Вали-да, шошиб қайга борамиз…
 
“ЎХШАМАЙ ҚОЛГАН” БАШОРАТЛАР

Фақатгина майялар эмас, турфа давр ва замондаги “башоратгўйлар” ва “башоратгўйлар гуруҳлари” ҳам қиёмат кунларини ўзларича белгилашган, турли ваҳималар тарқатишиб охир ўзлари шарманда бўлишганди.
 
Қиёмат ҳақидаги ёлғон башоратлар Чарлз Тес Рассел томонидан асос солинган "Иегова шоҳидлари” таълимотини ҳам эсга солади. Уларнинг фикрича, Исо 1878 йилда зуҳур этиши, яъни дунё охирига етиши керак эди. Аммо бу тахмин ўз исботини топмади. Кейин Рассел қиёмат қойим 1914 йида юз беражагини эълон қилганди. Аммо ўша йили Исо Масиҳ ҳам зуҳур этмади, маҳшар ҳам воқеъ бўлмади. Ҳозирга қадар Рассел издошлари ўз чиқишларида қиёматнинг илк аломатлари 1914 йилдан бошланганини уқдириб келадилар.
 
Расселнинг издоши Резерфорд қиёмат қойимнинг иккинчи жаҳон уруши пайтида рўй беражагини айтган эди.. Аммо бу каромат ҳам амалга ошмади. Резерфорддан кейин етакчиликни қўлга олган Конер қиёматнинг 1975 йилнинг ёз ойларига кўчирилганини баён қилди.
 
Бу каби “ўхшамаган” башоратлар бундан неча-неча йиллар олдин ҳам бўлган, мана улардан бир нечтаси:
 
- насронийлар Исо Масиҳ кўкка оғгач 33 йилда қиёмат бошланади деб ўйлашган ва унга қизғин ҳозирлик кўришган. Орадан минг йил ўтиб, 1033 йилда ҳам Европада яна шундай ваҳима оралаган. Аммо дунё бутунлигича қолган. Шунингдек, 666, 1666 йилларда ҳам одамлар қиёмат юз беришини кутишган;
 
- Американи кашф этагн Христофор Колумб ўз қайдларида маҳшар санасини 1658 йил деб белгилаган экан, бироқ... Мормонлар сектаси асосчиси Жозеф Смит эса 1835 йилда қиёмат бошланишини “ваъда қилган”. 1881 йилда астрономлар тез орада, аниқроғи 1910 йилнинг 19 май куни Ер Галлей кометаси билан тўқнашиб кетишини хабар қилишади. Хайриятки, комета Ерни четлаб ўтди. 1980 йилда америкалик руҳоний Пат Робертсон телеэкран орқали чиқиш қилиб, 1982 йилда охирзамон бошланишини эълон қилади. Сан-Диегодаги "Осмон Дарвозаси” сектаси бу кунни янада “аниқлаштирди”: 1997 йил 26 март! Худди шу куни сектанинг ҳамма аъзолари ўз жонларига қасд қилишади. Не ажабки, қиёмат бу гал ҳам юз бермади.
 
НОЪМАЛУМ САЙЁРА ХАВФИ ҲАҚИҚАТМИ?

“Нибиру планетаси ерга келиб урилади ва ер парча-парча бўлиб кетади”. Бу ваҳимали башорат ҳам айнан ўша, 2012 йилнинг “машъум кунига” бориб тақалиши ҳанузгача кўпчиликни ваҳимага солиб келяпти десак адашмаймиз. “Ҳажми ердан анча-мунча катта бўлган ва ҳозирда бошқа бир сайёранинг ортига “беркиниб” турган” Нибиру сайёраси ҳақидаги ваҳима ва миш-мишлар жаҳон оммавий ахборот воситаларини ҳам қамраб олганди: Нибиру планетаси борми ўзи? Қаердан пайдо бўлди? Тўқнашув хавфи қанчалик ҳақиқатга яқин?
 
Шумерларнинг башорати туфайли юзага келган ва бутун дунёга ваҳима солаётган ушбу сайёра ҳақидаги шубҳа ва ваҳималарга АҚШ космик агентлиги жавоб қайтарди: “Ҳеч қандай Нибиру номли ўнинчи сайёра мавжуд эмас ва бўлмайди ҳам. Бу шунчаки ўйлаб топилган афсона, холос”.
 
БАШОРАТЧИЛАРНИНГ ОХИРЗАМОН ҲАБАРЛАРИ

Дунёнинг энг “улкан” башоратчилари – Болгариялик Ванга (Вангелия Пандеева) ва ўн бешинчи ўн олтинчи асрларда яшаб ўтган Нострадамуснинг башоратларида ҳам охирзамон ҳақида айрим тахминлар айтиб ўтилган. Ванга қиёмат куни ҳақида аниқ бирор санани айтмаган бўлсада, ўз башоратларида икки марта ўша кун ҳақида тўхталиб ўтган. Унинг қиёмат куни ҳақидаги биринчи башорати қуйидагича эди: “Ўша кун ер қуёшга тескари бўлади ва дунёнинг энг иссиқ минтақалари ҳам муз остида қолади. Жамики жонзотлар ҳалок бўладилар” Иккинчи гапи эса биринчисидан ҳам ваҳималироқ эди: “Ўшанда бутун ер юзи ва ер аҳли сув остига ғарқ бўлади, уч йил мобайнида ерга қуёш нури тушмайди, бу ҳодиса фалакдан ёт жисмнинг ерга келиб урилиши натижасида юз беради”
 
Ванганинг мухлислари унинг ушбу иккинчи башоратини 2012 йилда “содир бўлиши кутилаётган” Нибиру сайёраси билан тўқнашувга боғлайдилар. Ванга келажакдаги ҳар бир йил учун башорат қилар экан, негадир 2012 йил ҳақида ҳеч нима демагани ва бирданига 2013 йилга ўтиб кетгани ҳанузгача турли музокараларга сабаб бўлиб келмоқда.
 
Нострадамуснинг охирзамон ҳақидаги башорати эса Майяларнинг башоратларига анча яқинроқ. Чунки у қиёмат кунини икки вақтга башорат қилган: бири 2010 йил иккинчиси эса 2012 йил.
 
ТАЙЁРГАРЛИКМИ Ё НОДОНЛИК?

Ёлғон башоратлар ва сафсаталарга ишонганларнинг ичида “Барибир бу йил қиёмат бўлар экан” деб банкдан катта миқдорда кредит олганлар, бор мол-дунёсини кўкка совуриб “беш кунлик дунёсида роҳатда яшаб қолишни” бошлаб юборганлар, ҳаттоки “эртага қиёмат бўлиши мумкин экан” деб зиёфат чақириб ҳушдан айрилгунча кайф-сафо қилганларнинг кўпчиликни ташкил этишини кўриб кулишни ҳам, куйишни ҳам билмайсан киши. Қиёмат – бу шунчаки бу ҳаётнинг ниҳоя топиши эмас, ҳаёт давомида қилинган ишларнинг жавобини, ҳисоб-китобини берар кун эканлигини наҳотки улар билишмаса?
 
ИСЛОМ НИМА ДЕЙДИ?

Сўнгги юз йилликка назар ташлайдиган бўлсак давлатлар ўртасидаги турли низоларга, урушларга, ер силкинишлари, тошқинлар, айрим минтақаларда экологик муҳитнинг ўта аянчли ҳолга келиши ва бошқа табиий офатларнинг кўплаб содир бўлганига (бўлаётганига) гувоҳ бўламиз ва яна ўзимизча тахмин қиламиз “қиёмат яқин шекилли…” Аслида-чи? Бу аломатлар хусусида бизнинг динимизда нималар дейилган?
 
Ҳузайфа ал-Ғифорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам олдимизга чиқиб келдилар. Биз гаплашиб ўтирган эдик. Бас, у зот: «Нимани гаплашмоқдасизлар?» дедилар. «Қиёматни гаплашмоқдамиз», дейишди. «Албатта, у ундан олдинги ўнта аломатни кўрмагунингизча қоим бўлмас», дедилар ва Тутунни, Дажжолни, Доббани, қуёшнинг мағрибидан чиқишини, Ийсо ибн Марям соллаллоҳу алайҳи ва салламни нозил бўлишларини, Яъжуж-Маъжужни, учта ер ютишни; машриқдаги ер ютишни, мағрибдаги ер ютишни ва араб жазирасидаги ер ютишни ва охири Ямандан чиқиб одамларни маҳшарга қувлайдиган ўтни зикр қилдилар». Муслим, Термизий ва Абу Довуд ривоят қилган.
Бу ҳадиси шарифда қиёматнинг катта аломатларидан бир нечтаси ҳақида сўз бормоқда.
 
Қиёматдан олдин бир тутун зоҳир бўлади. У кофирларнинг нафасини олади ва мўминлар учун тумовдек бўлади. Ўша тутун ер юзида қирқ кун туради.
 
Дажжол. Добба. Қуёшнинг мағрибидан чиқиши. Ийсо ибн Марям соллаллоҳу алайҳи васалламнинг нозил бўлишлари. Яъжуж-Маъжуж. Учта ер ютиши; машриқдаги ер ютиш, мағрибдаги ер ютиш ва араб жазирасидаги ер ютиш. Ямандан чиқиб одамларни маҳшарга қувлайдиган ўт. Бу ўт-олов Адан шаҳри қаъридан чиқиши ҳақида бошқа ривоятлардан айтилган. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Албатта, қиёматнинг аломатларидан: Илмнинг кўтарилмоғи, жаҳлнинг зоҳир бўлмоғи, зинонинг тарқалмоғи, хамрнинг ичилмоғи. Аёллар кўпайиб, эркаклар озайиб элликта аёлга битта бошлиқ бўлмоғи», дедилар».
 
СЎНГСЎЗ ЎРНИДА

Қиёмат қойим қачон бўлади? Охирзамон яқинми? Бу саволларга жавобни сиз ҳам, биз ҳам, улар ҳам беришолмайди. Зеро, бу фақатгина Тангри таолога аён бўлган ҳақиқатдир.
 
«Сендан соат (қиёмат) қачон собит бўлиши ҳақида сўрарлар. Сен: «Унинг илми фақат Роббим ҳузуридадир. Уни фақат Ўзигина зоҳир қиладир. У осмонлару ерда оғир иш бўлади. Сизларга фақат тўсатдан келадир», деб айт. Худди сен уни билишинг керакдек, сендан сўрарлар. Сен: «Унинг илми фақат Аллоҳнинг ҳузуридадир. Лекин кўп одамлар билмаслар», деб айт», «Аъроф» сураси.
 
Келинг, биз буларга эмас, сал бошқачароқ саволларга жавоб излаймиз. Қиёмат кунига тайёрмизми? Охиратни ўйлаб нималар қиляпмиз? Кеча, бугун ва эртанги ишларимиз учун ЎША КУНда қандай жавоб берамиз? Ана бу саволларга жавобни ўзингиз, ўзингиздан топишингиз шубҳасиз.

Лобар Азизхўжаева

back to top