"ИШИД" тўдаси

"ИШИД" тўдаси

Ҳар ким улардан огоҳлантириши ва уларнинг залолатини тушунтириши шарт

Маккаи мукаррамадаги масжидул ҳаром имоми, шаърий билмлар доктори шайх Моҳир Муъайқилий айтади:
"Муҳтарам биродарлар... Кимнингки дийдаси қотса, қон тўкса ва одамларни сўйишни бошласа, - Аллоҳга қасамки, Ла илаҳа иллаллоҳ, - у Исломдан чиққан, залолатдаги ва бидъатчидан ўзгаси эмас.
Булар раҳмсизликларидан, амалларида тавфиқсиз экани ва Тўғри йўлдан тойганлари учун бу ишга қўл урдилар. Бунга ҳужжат Аллоҳ таолонинг Қуръони каримда айтганларидир.

"Иймон келтирганлар учун Аллоҳнинг зикрига ва нозил бўлган ҳаққа қалблари юмшаш, айни чоқда, олдин китоб берилган, сўнг муддат ўтиши билан қалблари қотиб қолган, кўплари фосиқ бўлганларга ўхшамаслик вақти келмадими?!" (Ҳадид сураси, 16)
Шундай қилиб, қалблари ҳаққа юмшамагани боис, уларнинг қалблари қотиб қолди. Сўнг, улар қон тўкиш ва қотилликка берилиб кетдилар.
"Улар мўмин ҳақида на аҳдга ва на бурчга риоя қилмаслар". (Тавба сураси, 10)
Замонамизда пайдо бўлганлар худди ўшаларнинг ўзидир. Уларнинг салафлари анча олдин Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламга қарши чиққан эдилар. Ҳамда рошид халифа бўлган Али розияллоҳу анҳуга ҳам қарши чиққан эди. Ундан олдинроқ эса, Усмон розияллоҳу анҳуга ҳам қарши чиққан эди.
Масалан, Зулхувайсира. «Биз Набий алайҳиссалом билан бирга эдик. У зот мол тақсимлаётган эдилар. У зотнинг ҳузурларига Зулхувайсира келди. У Бани Тамимлик бир одам эди. Бас, у:
«Эй Аллоҳнинг расули Адолат қилинг!» деди.
Шунда Расулуллоҳ алайҳиссалом:
«Шўринг қурсин! Мен адолат қилмасам, ким адолат қилади?! Агар адолат қилмасам, ноумид бўлибман, хусронга учрабман!» дедилар.
Яна бир мисол, рошид халифа Усмон розияллоҳу анҳу даврларида, бунга ўхшаш манфур кимсалар унга қарши чиқиб, уни шаҳид этишади. Ҳамда улар Али розияллоҳу анҳуни ҳам шаҳид қилишган. Улар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг асҳобларини ҳам куфрда айблашган, қон, жон ва молларини ҳалол санашган. Улар жуда қаттиқ залолатда эдилар.
"Улар Абдуллоҳ ибн Хаббоб розияллоҳу анҳуни ва у кишининг аёлларини тутиб қамаб қўйишди. Хаворижлар у кишидан Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг баъзи ҳадиси шарифлари ҳақида сўрашди.
У киши уларга:
«Мен отамдан эшитганман, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Келажакда фитна бўладир. Унда ўтирган тургандан яхшидир, турган юргандан яхшидир, юрган саъйи қилгандан яхшидир, деган эканлар», дедилар.
Улар у кишидан ҳазрати Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу ҳақида сўрадилар. У киши яхши гапларни айтдилар. Шунда хаворижлар ғазабланиб Абдуллоҳ ибн Хаббоб розияллоҳу анҳу ва у кишининг аёлларини ҳайдаб кета бошладилар.
Йўлда кетаётиб хурмо дарахтидан бир дона хурмо узилиб тушди. Хаворижлардан бири уни олиб оғзига солиши билан бошқаси унга қараб, эгасидан сўрамай туриб ёки нархини бермай туриб ейсанми, деб бақирди. Наригиси шоша-пиша оғзидаги хурмони олиб қўйди ва қаттиқ надомат қилиб, истиғфор айта бошлади.
Улар бир неча қадам юриб туриб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари Абдуллоҳ ибн Хаббоб розияллоҳу анҳуни ҳузур қилиб сўйдилар. Сўнгра, у кишининг аёлларига ташландилар. Аёл розияллоҳу анҳо «Мен ҳомиладорман! Аллоҳдан қўрқинглар!» деб ёлборса ҳам, хаворижларнинг бурунларига пашша қўнганчалик ҳам таъсир қилмади. У аёлни ҳам бўғизладилар".
Бугунги кунда улар қилаётган мудхиш жиноятларига бир назар солиб кўринг! Уларнинг "салаф"лари ва йўлбошчилари худди шунга ўхшаш нарсаларни Расулуллоҳ салаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларига нисбатан ҳам қилганларини кўрасиз.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобалардан ҳам ортиқ фазилатли бўлган бирон бир кимса бор эканини биласизми? Валлоҳи, йўқ! Улар ҳаётлик вақтида Аллоҳ таоло уларга жаннат башоратини берганлар. Улардан ҳам афзал яна ким бор? Ёки Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламдан ҳам кўра билимдон бўлган бирон кимса борми? Аллоҳга қасамки, бундай одам йўқ!
Шунинг учун ҳам муҳтарам биродарлар, озгина илмдан насибаси бор ҳар кимга ушбу адашган оқимнинг залолати ҳақида одамларга тушунтириш мажбурияти бор! Ёшларни уларнинг йўллари ва қилаётган мудхиш жиноятларидан огоҳлантириш лозим!
"Аллоҳга ва Унинг Расулига итоат қилинг. Ўзаро низо қилманг, у ҳолда тушкунликка учрайсиз ва куч-қувватингиз кетади. Ва сабр қилинг. Албатта, Аллоҳ сабр қилувчилар биландир". (Анфол сураси, 46)
Улар уммат орасига тафриқа уруғини сочдилар... Аллоҳ таолодан уларнинг ҳалокатини тезлаштиришини, суннат ва жамоат аҳлига нусрат беришини, уларнинг зараридан халос қилишини ёлвариб сўраймиз.

Аллоҳ таоло барчамизнинг Ўзи севган мўътадил бандаларидан бўлишимизни насиб этсин! Омийн!

Интернетдан
Абу Муслим (эркин таржима)

Юқорига