Футбол: Туркия Германияни енгиб “Евро 2024” га мезбон бўлмоқчи

Футбол: Туркия Германияни енгиб “Евро 2024” га мезбон бўлмоқчи

Туркия 2024 йилда ўтказиладиган футбол бўйича Европа чемпионатига мезбон бўлиш истаги билдирилган аризасини УЕФА га топширди.

Нюс обзервер нашри хабарига кўра, чемпионатга мезбонлик қилишга даъвогар бўлган Германияни доғда қолдириш учун Туркия футбол федерациясига “ҳукумат томонидан мислсиз дастак кўрсатилмоқда”.
“Бизнинг бу галги уринишимиз энг муваффақиятлиси десак бўлади. Чунки биз 10та стадион, жумладан, Истанбул шаҳридаги икки стадионда ҳам мусобақа ўтказилишини таклиф қилдик”, - дея тушунтириш берди Туркия футбол федерацияси президенти Йилдирим Демирорен.
Туркия 2008 йилги Европа чемпионатига мезбон бўлиш учун Греция билан рақобатлашиб мақсадига ета олмаган. Кейинроқ 2012 ва 2016 йиллардаги еврочемпионат учун мезбонликка даъвогар бўлмаган.
Туркия йирик футбол мусобақасига ҳеч қачон мезбон бўлмаган.
1988 йилда саккиз жамоа иштирок этган Европа чемпионатининг финал ўйинлари Ғарбий Германияда ўтказилган.
1989 йилда Берлин девори қулаб икки немис давлати бирлашганидан кейин 2006 йилда футбол бўйича жаҳон чемпионати Германия Федератив Республикасида ўтказилган.
УЕФА 2024 йилги Европа чемпионатига ким мезбон бўлишини 2018 йил 27 сентябр куни Швейцариянинг Нион шаҳарчасида бўладиган йиғилишида расман эълон қилади.

back to top