Мўътабар меҳмонлар

Мўътабар меҳмонлар

Мўътабар меҳмонлар

Қадим Мовароуннаҳр тупроғига Миср диёридан азиз меҳмонлар ташриф буюришди.  Муҳтарам меҳмонларимиз – нафақат Миср диёри, балки бутун Ислом оламида тенгсиз ақийда олими бўлган устоз аллома Тоҳа Ал-Дассуқий Ал-Ҳубайший ҳамда кўзга кўринган ҳанафий олими Шайх Жамолиддин Ҳошим ҳазратлари юртимизга қадам ранжида қилиб, Бухоро ва Самарқандга сафар қилиб, буюк алломаларимизни зиёрат қилишди.

Бугун эса Шайх Зайниддин қабристонига бориб, устозимиз шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларини ҳам зиёрат қилиб, сўнг у зот асос солган илм маскани – «Ҳилол» нашриёт-матбаасига ташриф буюришди. Юртимизнинг пешқадам уламолари, аҳли илмлар, имомлар ва бошқа дин ходимлари, нашриёт ва матбаа ходимлари аллома Тоҳа Ал-Дассуқий ҳамда шайх Жамолиддин Ҳошим ҳазратларини қучоқ отиб кутиб олдилар. Қуръони Карим тиловати ва комил дуолардан сўнг, Ҳусайнхон қори Абдулмажид мажлис аҳлига меҳмонларимизни қисқача таништириб, сўзни Тоҳа Ал-Дассуқий ҳазратларига бердилар. Тоҳа Ал-Дассуқий ҳазратлари «Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг рисолатларида Қуръони Каримнинг ўрни» деган мавзуда ажойиб маъруза қилиб бердилар.
Шом намозидан сўнг маърузага якун ясалгач, шайх Жамолиддин Ҳошим ҳазратлари сўз олиб, юртимизда юз бераётган улкан ижобий ўзгаришлардан бениҳоя хурсандчилик изҳор этиб, шукроналар айтдилар, шайх ҳазратларини эслаб, у зотнинг буюк хизматларини эътироф этдилар. Хусусан, меҳмонимиз шайх ҳазратларининг Ислом оламида бугунги кунда энг долзарб муаммолардан бири бўлиб келаётган муаммога бағишланган «Мазҳаблар – бирлик рамзи» деб номланган асарларининг аҳамияти ва минтақада тинчлик ва барқарорликка эришишга қўшган ҳиссаси ҳақида алоҳида тўхталиб ўтдилар.
Мажлис якунида Тоҳа Ал-Дассуқий ҳазратлари комил ва шомил дуолари билан барчани мутаассир этиб, суҳбатни эртага давом эттириш истагини билдирдилар.
Меҳмонларимизнинг ташрифига оид батафсил маълумот ва тасжиллар билан тез кунда порталимиз орқали танишишингиз мумкин.

back to top