Замонавий кўпхотинлилик: унинг интиҳоси қандай?

Замонавий кўпхотинлилик: унинг интиҳоси қандай?

Яқинда сўровномалар ўтказиш бўйича ChoicyMe хизмати кўп хотинлилик ва “эркин муносабатлар”ни қўллаб-қувватлаш мақсадида митинг ўтказиш учун Овропа давлатларидан бирига ариза билан мурожаат қилди. Бу хабарни шаҳар аҳолиси кулгу билан кутиб олдилар.

Ташкилотчиларнинг талаблари эса “Озод мамлакатда − эркин муносабатлар” ,“Маблағ барчага етса, кўп хотинлик гуноҳ эмас” каби расмий петиция ва шиорлар кўринишида қолиб кетди.

Овропа давлатларидаги бир неча мухтор республикаларда кўп хотинлилик реал ҳодиса ва меъёр ҳисобланади. Уни қонунийлаштириш ва амалиётга тадбиқ қилиш бўйича эса турли сиёсатчилар ва давлат арбоблари турлича муносабатлар билдириб келмоқда. ChoicyMe кўп хотинлиликни замонавий ҳаётга дунёвий ҳуқуқий тамойилларга асосланиб татбиқ қилиш ташаббуси билан чиққани эътиборни тортади. Хўш, бунинг охири нима билан якун топади?

Занжир ҳодисаси

Бу каби ижтимоий ҳодисаларнинг ташаббускорлари кўп хотинликни “эркин муносабатлар” тушунчаси билан боғлашлари бежиз эмас. Зеро, дунёвий тушунчаларга кўра кишининг бир неча хотинга эга бўлиши муносабатлардаги эркинликка асосланган бўлиб, мусулмон оламидаги оилавий муносабатларга умуман алоқаси йўқ. Шунинг учун, ҳар қандай “демократик” давлатда эртами, кечми, кўп эрлилик масаласини кўтариб чиқувчи ҳуқуқ ҳимоячилар доимо топилади. Чунки эркаклар ва аёлларнинг тенг ҳуқуқлиги турмуш ўртоқ танлашдаги ўзаро эркинлигида акс этади.

Замонавий суд тизимидан фойдаланган ҳолда полигамия (кўп никоҳлилик) тарафдори эканлигини исботлаб берувчи аёллар ҳам пайдо бўла бошлайди. Шубҳасиз, уларга бу борада ёрдам берувчи ҳамда аёлларда “кўп эрлилик табиати” борлигини “статистик” маълумотлар ва “илмий” асосларга таяниб, исбот қилиб бера оладиган “мутахассислар” ҳам топилади. Тарихчилар эса кўп никоҳлилик, кўп хотинлилик, кўп эрлиликнинг инсоният учун ҳаётий ва самарали тизим эканлигини исботлаб берувчи “далиллар”ни кашф этади. Жамоатчилик фикри аста-секин ўз аҳамиятини йўқота боради, чунки бу нарса қонунда норма сифатида кўрсатилиб ўтилса, ҳаётий меъёрга ҳам айланади. Оқибатда, аёлларга ҳам, эркакларга ҳам, бир неча киши билан оила қуришга рухсат берилади.

Турмуш ўртоқларнинг сони нечта бўлиши кераклиги ҳақида ўз-ўзидан савол туғилади: эрлар ва хотинлар сони қонун билан иккита қилиб белгилаб қўйиладими ёки бу инсон ҳуқуқларининг топталишими? Нега энди иккита эр ёки хотин, учта эмас, бешта эмас ёки ўн иккита эмас? “Турмуш ўртоқлар”нинг меъёрий сони қандай қилиб аниқланади ахир? Бу фуқароларнинг шахсий ҳаётига аралашиш бўлиб қолмайдими?

Ва ниҳоят, икки хотинлилик ёки икки эрлилик қонунийлаштирилгач, “жуфтлар” жуфтлик мақомини йўқотадилар, улар шунчаки охири йўқ ва ахлоқий бузуқ “оилавий занжир”га айланиб қолади. Эркак икки аёлни никоҳига олади, бу аёлларнинг эса яна биттадан эри ва бу эрининг эса яна биттадан хотини бўлади. Занжир шу тарзда чексиз равишда давом этиб кетаверади. Эрлардан исталган бирининг фамилиясига ўтишлик натижасида бир неча йилдан кейин “яқин қариндошлар” чангалзорида изсиз ғойиб бўламиз.

 

Оталикнинг номаълумлиги

Замонавий қонунчилик эр ва хотинларга тенг ҳуқуқ ва мажбуриятлар юклар экан, улар хоҳишларига кўра оилада кимлар “таъминотчилар”, кимлар эса “уй бекалари” бўлишини, “жуфт” бўлиб катта бир хонадонда бирга яшайдими ёки алоҳида уйда, хотинларнинг ёки эрларнинг барчасини моддий жиҳатдан таъминлайдими ёки улар орасидан “севимлиларини” танлаб оладими... каби бир неча масалаларини ўзлари ҳал қилади.

Баъзи эрлар барча хотинини моддий жиҳатдан таъминлаб қўйса, баъзилари эса хотинларининг бошқа эри уларнинг таъминотини қилишларига мойиллик билдиради. Аёллар муносабатларни бошқаришда ва “қабилани” моддий жиҳатдан таъминлашда умуман ён бермайдилар. Оила бошлиғи, таъминотчиси, ҳимоячиси роли баъзан бир эрнинг зиммасига тушса, баъзан бошқасининг бўйнига “илинади”. Бошқа ҳолларда эса барчаси бирдек масъул бўлади. Оқибатда ўзи шундоқ ҳам чалкаш бўлган тизим оилавий ҳаёт, фарзандлар, ота ва она тушунчаларини бутунлай чиппакка чиқаради.

Оилада икки ва ундан ортиқ эр бўлса, оталикни аниқлаштириш жуда мушкул кечади. Баъзи эрлар бошқаларнинг зурриётларини тарбия қилишга рози бўлса, баъзилари ўз фарзандига масъул бўлишни хоҳламайди, фарзанд эса ўз отаси ким эканни ҳеч қачон билмайди. 

Бу ҳодиса келажакда қонларининг аралашувига олиб келади, чунки келиннинг ёки куёвнинг келиб чиқишини аниқлаш жуда мушкул вазифа бўлиб қолади. У ёки бу авлодга тегишли эканлилик оқибатда она орқали аниқланадиган бўлади.

 

Ўтмиш асоратлари

“Оталар” ва “оналар” доимий равишда ўзгариб турувчи, оилавий алоқалар бетартиб бўлган, бир никоҳлик муносабатлар “ўтмиш сарқити” сифатида баҳоланадиган оилаларда, соғлом турмуш муносабатлари ва оила муқаддаслиги тушунчаси ҳам аҳамиятини йўқотиб бораверади. Оиланинг ҳар бир аъзоси демократик давлатнинг фуқароси сифатида ўзи хоҳлаганчалик янгидан-янги никоҳ алоқаларига киришаверади. Замонавий дунёвий мантиққа кўра эса, никоҳсиз жинсий алоқалар қонунийлигича қолаверади.

Оила эндиликда эр ва хотин ўртасида тузилган ва авлодларни тарбиялаш, руҳий-маънавий кўмак берувчи “муқаддас иттифоқ” мақомидан тушиб бораверади. Никоҳ эса эр ва хотин муносабатларини қонунийлаштириб берувчи бир восита сифатида баҳоланади ва вақт ўтиши билан бундай келишувга бўлган эҳтиёж ҳам йўқ бўлади.

 

Оилавий қадриятларни ҳимоя қилиб

Нега полигамия қонунлаштирилган мусулмон давлатларида юқоридаги ҳолатлар кузатилмайди? Мана неча асрлар давомида мусулмонлар кўп хотинлиликка амал қилиб келади, лекин уларда кўп эрлилик, оиладаги рўлларнинг тақсимланиши, оталикни ёки никоҳнинг моҳиятини аниқлашга эҳтиёж бўлмаган.

Биринчидан, кўп хотинлилик мусулмон ҳуқуқининг бош манбалари − Қуръон ва Суннатга асосланган. Мусулмон эркакнинг “иккита, учта, тўртта” аёлга никоҳланишига Аллох таолонинг Ўзи рухсат берган. Демак, бунда эркак ва аёлнинг табиати, инсоний туйғулар, Ердаги ижтимоий тартиб, қисқаси, Аллох таоло яратган барча нарсалар хусусиятлари ҳисобга олинган.

Аёлларнинг сони ҳақида ҳам муаммо пайдо бўлмайди: улар тўрттадан ошмаслиги керак. Ўз ўрнида мусулмон эркакка битта аёл билан яшаш қулай бўлса, у полигамик оила қуришга мажбур эмас. Ҳеч бир муслима ҳам кўп хотинлиликка мажбурланмайди. Якка никоҳ ёки кўп хотинлилик − бир хил тамойилларга асосланган икки тенг ҳуқуқли тизимдир.

Никоҳ тузилиши жараёни ҳам қатъий тартибга солинган: қариндошлик алоқалари аниқланади, аёлнинг розилиги керак бўлади, никоҳ гувоҳлар иштирокида тузилади, аёлга молиявий кўмак сифатида маҳр берилади ва никоҳ жараёнида қариндошлар ҳам қатнашадилар. Тарафлар тушиб қолган жанжалли ҳолатларни ҳисобга олган ҳолда ажрим жараёни ҳам қатъий тартибда амалга оширилади. Агар никоҳланишнинг қоидаларига тўла амал қилинадиган бўлинса, юқоридаги чора-тадбирлар “тасодифий” ёки “вақтинчалик” эр-хотинлик муносабатларининг шаклланишининг олдини олади.

Учиндан, мусулмон эркак барча аёлларини ва фарзандларини ҳамда ажрашган ҳолда аёлида қолган фарзандларини ҳам моддий жиҳатдан таъминлаш мажбуриятини олган. Ҳар бир аёлга алоҳида уй-жой берилиши керак. Эр аёлларига муносабатда адолатга амал қилиши; аёлларига тенг моддий таъминот қилиши, совғалар, вақт ва эътибор бериши керак.

Муслима эса, хоҳ у эр никоҳидаги якка аёл бўлсин, хоҳ икки, уч ёки тўрт аёлдан бири бўлсин, ишлашга мажбур эмас. Ўзини оилага бахш этиши мумкин бўлгани ҳолда эрининг розилигига кўра ўз ишини йўлга қўйишга ҳам ҳаққи бор. Лекин аёл ва унинг қариндошларининг молиявий ҳолатига қарамасдан, оилада бошлиқлик вазифаси доимо эркакда бўлади ва фақат угина барча муҳим қарорларни қабул қилади.

Никоҳсиз барча алоқалар шаръий жиҳатдан тақиқланади. Мусулмон оиласидаги фарзандлар оталари кимлигини аниқ билишади. Улар эр-хотинлик садоқати, муҳаббати, ўзаро ҳурмат-эҳтиром бўлган оилада тарбия топадилар, вояга етгач эса, бундай соғлом оилавий алоқаларни келажакда ўзларининг ҳаётларига ҳам татбиқ этади.

 

Шариатга кўра

Ушбу барча қоидалар ва исломий оила “тартиби” замонавий дунёвий жамиятда инсон ҳуқуқларининг чекланиши сифатида баҳоланади: эркак “ташқарида” алоқага кириша олмайди, аёл эса бир неча эрга эга бўлолмайди, эр ва отанинг “бошлиқлиги” золимлик ва аёллар ҳуқуқларининг поймол қилади. Афсуски, бундай баҳо бериш ярамайди. Фақатгина шариатимиз қонун-қоидасига кўра қурилган  оила жамиятда соф оилавий қадриятларнинг сақланиб қолишига ва келажак авлоднинг баркамол бўлишига хизмат қилади.

 

Хулоса

Бугунги кунда “демократия” ҳукмрон бўлган, дунёвий мантиқ, эркинлик ва тенгҳуқуқлиликка асосланган давлатларда бир жинсли никоҳларга ва гомосексуал жуфтликлар томонидан фарзандликка олиш ҳолатларига рухсат берилаётганининг гувоҳи бўлиб турибмиз. Ҳайвонлар, ва ҳатто, жонсиз буюмлар билан ҳам никоҳни қонунлаштиришга бўлган интилишлар ҳам авжига чиқиб бормоқда. Гендерлик муносабатлари оқибатида адашган фарзандлар ҳамда “фарзандсиз” оилалар сони ортиб бормоқда.

Шариатга асосланмаган, “демократик” тамойилларга кўра кўп хотинлиликнинг қонунийлаштирилиши кўп эрлиликнинг қонунийлаштиришга олиб келади. Кейинчалик эса юқорида санаб ўтилган салбий оқибатлар бўй кўрсата бошлайди. Кўп хотинлилик ҳақида сўз борар экан, оиланинг муқаддаслиги фақатгина шариатга кўра сақланиб қолиниши мумкин. Зеро, бу муносабатларнинг барча нозик нуқталари мукаммал ишлаб чиқилган бўлиб, жамиятда соғлом оилавий муҳит шаклланишига сабаб бўлади.

Юқорига