«Ал-Васатия» ғояси: ҳақиқат ва уйдирмалар

«Ал-Васатия» ғояси россиялик мусулмонлар ўртасида тез-тез қулоққа чалинадиган бўлиб қолди. «Мўътадилликка», «ўртача йўлга» чақирувчи бу ғоя Қуръон ва суннатда ҳам бор бўлиб, бунга ҳеч ким шубҳа қилмайди. Айни пайтда ушбу концепциянинг хусусиятлари ҳали тўлиқ ўрганиб чиқилмаган. Шу муносабат билан доктор Али Вячеслав Полосиннинг мазкур мавзуга оид мақоласини эътиборингизга ҳавола қиламиз. Муаллифнинг қарашлари сайтимизнинг фикрига тўлиқ мос келавермаслиги мумкин.

Сўнгги пайтда исломий оммавий ахборот воситаларида «ўртача йўл»дан бориш зарурлиги ғояси илгари сурила бошланди («васат» сўзининг араб тилидаги бир неча маъноларидан бири «ўрта»дир). Дунёнинг бир қатор мамлакатларида васатияни ўрганиш марказлари ташкил қилинмоқда, халқаро анжуманлар ўтказилмоқда, адабиётлар нашр қилинмоқда. Саудия Арабистонидан йирик олимлар, қиролнинг оила аъзолари ҳам радикал оқимлар билан бўладиган мунозаларда бу атамани кўп ишлатмоқдалар.
Радикал салафийлик вакиллари эса бу янги ғояни норозилик билан қарши олдилар, бу ердан ҳам ғарбнинг «Исломни либераллаштириш»га қаратилган навбатдаги ғаламислигини топишга уриндилар. Аммо бу сафар масала жиддийроқ бўлиб чиқди – исломий таълимот ва анъаналарга асосланган бу ғояни мусулмонларнинг ўзлари илгари сурдилар.
Мазкур ташаббуснинг мақсади Исломда Аллоҳ Таоло берган ўзгармас ғояни ўзгартириш эмас, балки «инсон омили»ни – мусулмонлар орасида Ислом таълимоти ҳақида тарихан шаклланиб қолган баъзи қарашларни танқидий муҳокама қилиш, Қуръони Карим оятларининг янада теран илоҳий ҳикматларини англаш ва уларни бугунги, замонавий ҳаёт тарзига татбиқ қилиш, Исломга хос бўлган ғоявий баркамоллик ва инсонпарварлик салоҳиятини янада кенгроқ очиб беришдир.
Ислом ҳақида бирёқлама, тор тушунчалар бугунги куннинг ибораси билан айтганда «форс-мажор» вазиятлар, масалан урушлар узоқ вақт тўхтамай давом этган пайтларда, Қуръони карим асосан ҳарбий вазият тақозосидан келиб чиққан ҳолда таъвил қилинган, мусулмон умматига ёппасига геноцид хавфини солиб турган ташқи агрессияни даф қилиш даврида вужудга келган. Аммо урушлар тугагач, мусулмонлар мудофаа вазиятидан сулҳ асосида тинч ҳаёт тарзига қайтар эдилар. Бунга Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Мадина конституцияси» (мана шунинг биздаги номини топиш керак) ёрқин мисол бўла олади. Натижада бугунги кунда ҳам Исломда «ҳарбий ҳолат» қоидалари ҳам, «тинч-тотув ҳамжиҳатлик» қонунлари ҳам ўзаро уйғунликда сақланиб қолган.
Бироқ XIX-XX асрларда кўпгина мусулмон ўлкалар ғарб мамлакатлари томонидан босиб олинди, мусулмонларнинг ёш авлодлари исломий таълимдан маҳрум бўлди, умматнинг бирлигига путур етди. Натижада мусулмонларнинг миллий-озодлик ҳаракатлари мустамлакачиларга қарши курашда Қуръон ва суннатнинг айнан «ҳарбий» талқинларини (баъзан асосли, баъзан эса асоссиз равишда) ўзларига мафкура қилиб олганда, баъзи илмсиз доираларада бу ғоя ягона тўғри йўналиш деб қабул қилинди. Баъзи минтақаларда эса вазиятга мутлақо мувофиқ келмайдиган бундай талқинлар одатий ҳолга айланиб кетди.
Шу тариқа Қуръони каримнинг адолатли урушга оид ҳикматларининг музокаралар йўли билан сулҳ тузиш имконияти мавжуд бўлган вазиятга номувофиқ талқин қилиниши турли сиёсий экстремистларнинг (баъзан ҳатто исломга мутлақо алоқаси бўлмаган оқимларнинг ҳам) мафкураси ва амалиётига асос қилиб олинди. Оммавий ахборот воситалари ёрдамида эса бутун Ислом таълимотига радикализм, шафқатсизлик, муросасизлик деган айблар тиркалди.
Ваҳоланки Қуръони Каримда «Шунингдек, сизларни одамлар устидан гувоҳ бўлишингиз ва Пайғамбар сизларнинг устингиздан гувоҳ бўлиши учун ўрта миллат қилдик.» (Бақара сурасининг 143-ояти) дейилган.
Шунинг учун ҳам илмли мусулмонлар орасида юзага келиб қолган мавжуд вазиятни бартараф қилиш ва «анъанавий Ислом»га қайтишга, яъни Қуръони Карим оятларини бугунги вазиятга мувофиқ тўғри талқин қилишга қаратилган ҳаракат шакллана бошлади.
Бу ташаббусни илк бор Кувайт ҳукумати илгари сурди. Лойиҳанинг етакчиси этиб вақфлар ва диний муносабатлар вазирининг биринчи муовини доктор Одил ал-Фалах тайинланди, унга машҳур аллома, бир пайтлар Суданда дин ишлари вазири бўлган шайх Айсам Башир ёрдам бермоқда.
Энг муҳим нарса шуки, васатия, яъни мўътадиллик тушунчаси бидъат, яъни диндаги янгилик эмас, бу ғоят Қуръони Карим оятлари билан собит бўлган, мусулмонлар учун лозим ва лобуд бўлган нарсадир. Бироқ нима учун айнан бугунги кунга келиб бу тушунча ислом умматининг диққат марказида туриб қолди? Ислом уламоларини бу ғояга алоҳида диққат қилишлари, унга ҳамманинг эътиборини тортишларига нима сабаб бўлди? Нима учун радикализм ва экстремизмга айнан васатия қарши қўйилмоқда?
Бу саволларга жавоб бериш учун Ислом тарихига, мусулмонлар умматининг етакчиси ҳазрати Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳал қилиб берган мақсад ва вазифаларга бир назар солиш, сўнг эса бу ҳолатни бугунги кунимизга қиёслаш ҳамда ана шу мақсад ва вазифаларга ҳозирги кунда эришиш учун қандай воситаларни қўллаш мақсадга мувофиқлигини аниқлаб олиш лозим.

1. Бугунги кунда асри саодат, яъни Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам яшаган даврга нисбатан қандай ўзгаришлар содир бўлди?

Ўрта асрларда бирорта қабила, салтанат, вилоятдаги сиёсий ўзгаришлар, ёки қабилалараро урушлар шу жойнинг ўзидагина бўлиб ўтар, айтайлик, юз километр нарида яшовчи халқларга мутлақо таъсир қилмас эди. Тоғли жойларда яшовчи аҳоли эса бундай воқеаларни ўша атрофдан ўтиб қолган сайёҳлардангина эшитиб қолар эдилар. Бундай урушларда душманнинг ҳужумга тайёрланаётганлиги ҳақида хабар нариги томонга камида уч кундан сўнг етиб борар эди.
Аммо юксак технологиялар ривожланиб кетган бугунги кунда, масофалар енгиб ўтилди, қабила деган тушунчанинг ўзи деярли йўқолиб кетди, глобаллашув эса чегараларни аста-секин йўқотиб бормоқда. Минтақавий урушларда минглаб одамларни қурбон қилиб, миллиардлаб даромад топиш учун юмшоқ креслода ўтириб, интернетга уланган ноутбукка қўл чўзсангиз кифоя бўлиб қолди.
Бугунги ахборот технологиялари ўзининг таъсир доираси жиҳатидан атом бомбасидан қолишмайди, улардан фойдаланиш учун эса ҳеч қандай махсус тайёргарлик талаб қилинмайди. Шунинг учун Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Мадинада мушриклар билан тузган сулҳ шартномасида кўрсатилган талабларни бажариш ҳамда умматнинг барқарорлиги ва хавфсизлигини таъминлаш учун бугунги кунда еттинчи асрдагидан мутлақо фарқ қиладиган бошқа технологиялар керак бўлади. У пайтларда қуроллик тўқнашувлар қилич билан ҳал қилинган бўлса, бугунги кунда энг кичик қуролли тўқнашув оқибатида бутун бир халқ ва ҳатто бутун инсоният қирилиб кетиши мумкин.
Бинобарин, ҳарбий тўқнашувга йўл қўймаслик мақсадидаги самарали сулҳ шартномасининг аҳамияти бир неча баравар ортиб кетади. Бундай шартномалар нафақат сиёсий масалаларни, балки иқтисодиётни ҳам, маданиятни ҳам, динлараро муносабатларни ҳам қамраб олади, чунки улар ўртасидаги номувофиқлик ички сиёсий ҳамда давлатлараро низоларга ҳам олиб келиши мумкин (бунга мисол тариқасида Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбатан чизилган карикатураларни ёки Рим Папасининг Регенсбургдаги нутқини келтириш мумкин).
Худди шунингдек, ўрта асрларда Ислом даъватини етказишда ҳам бегона мамлакатларга ойлаб ва йиллаб давом этадиган хатарли саёҳатлар қилишга тўғри келган бўлса, бугунги кунда бирор мамлакат ёки халқни Исломга чақириш учун ундан минглаб километр масофада туриб, ахборот маконини керакли маълумотлар билан тўлдириб юбориш мумкин.
Модомики бугунги глобаллашув даврида на сиёсий, на ахборот, на маданий ва на диний жиҳатдан алоҳида, ажралган ҳолда яшаш мумкин эмас экан, эътиқоди ва миллати бошқа бўлган халқлар билан муомалада, ўзаро муносабатларда яшашга тўғри келар экан, демак, муросада ва тинч-тотувликда яшаш йўлларини қидириш лозим. Шишадан ясалган уйда ўтирган икки рақиб бир-бирига тош отиши мумкин эмас – шиша синса, иккови ҳам уйсиз қолади, биринчи бўлиб тош отган томон ҳам рақибининг, ҳам ўзининг жонига қасд қилган бўлади.
Ахборот ва ҳарбий технологиялар гуриллаб ривожланаётган бугунги дунёни ҳам ана шундай шишадан ясалган уйга ўхшатиш мумкин. Бу омонат, мўрт уйнинг мустаҳкамлиги унда яшаётган турли дин ва миллат вакилларининг аҳиллиги, инсонпарварлиги, олижаноблигига боғлиқдир. Мусулмонлар эса Аллоҳнинг омонатини ўз зиммасига олган уммат сифатида бундай олижанобликда бошқаларга фақат намуна ва ибрат бўлишлари лозиму лобуддир.

2. Васатия – иттифоқ ҳудудидир (дорул-иттифоқ)

Аллоҳ Субҳанаҳу ва Таоло Ўзининг илоҳий ҳикмати билан башарни турли миллат ва элатларга мансуб қилиб, уларни турли урф-одат ва анъаналарга, хусусан диний анъаналарга амал қиладиган қилиб яратди.
«Эй одамлар! Биз сизларни бир эркак ва аёлдан яратдик ва сизларни ўзаро танишишингиз учун халқлар ва қабилалар қилиб қўйдик. Албатта, Аллоҳнинг ҳузурида энг ҳурматлигингиз энг тақводорингиздир. Албатта, Аллоҳ билувчи ва хабардор зотдир.» (Қуръони Карим, 49:13).
«Агар Роббинг хоҳласа, одамларни бир уммат қиларди. Улар ихтилоф қилишда бардавом бўлурлар. Роббинг раҳм қилганларидан бошқалари. Уларни шунинг учун яратгандир. Роббингнинг: «Жаҳаннамни, албатта, жинлар ва одамлар билан тамомила тўлдирурман», деган сўзи батамом бўлди.» (Қуръони Карим, 11:118-119).
Шунингдек, ҳатто Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳам бирор инсонни иймонни қабул қилишга мажбурлаш ҳуқуқи берилмади:
«Агар Роббинг хоҳласа, ер юзидаги кишиларнинг ҳаммаси иймонга келар эдилар. Ёки сен одамларни мўмин бўлишга мажбурлайсанми?» (Қуръони Карим, 10: 99).
Бугунги кунда Ер юзида Исломни етказиш мумкин бўлмаган, «дорул-ҳарб» деб номлашга лойиқ макон қолмади. Бироқ ҳатто ана шундай жойларда ҳам кўпинча «дорул-сулҳ» мақомига эришиш мумкин.
«Қандай қилиб мушрикларга Аллоҳнинг ҳузурида ва Унинг Расулининг ҳузурида аҳд бўлсин?! Магар сиз билан Масжидул Ҳаром олдида аҳдлашганлар, сизга нисбатан мудом мустақим турсалар, сиз ҳам мустақим туринг. Албатта, Аллоҳ тақводорларни севадир.» (Қуръони Карим, 9: 7).
Исломга қарши бўлган кучлар мусулмонларга уруш очмаётган, мусулмон миллатга ёки унинг динига таҳдид солмаётган жойларда сулҳ имкониятларини қидириш лозимдир: «Агар улар тинчликка мойил бўлсалар, сен ҳам мойил бўл. Ва Аллоҳга таваккул қил. Албатта, У эшитгувчи ва билгувчи зотдир.» (Қуръони Карим, 8: 61).
Бошқа мамлакатлар, халқлар, маданиятлар, динлар билан тинч-тотув яшаш мафкураси бугунги кунга келиб ҳар қачонгидан ҳам долзарб масалага айланди. Бу борада Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ғайридинлар, шу жумладан мушриклар билан «Мадина конституцияси»ни тузганларидан ибрат олиш мумкин. Бу ҳужжат бугунги кундаги байналмилал жамиятларнинг илк намунаси бўлган.
Шуни ҳам айтиб ўтиш жоизки, бугунги кунда бундай шартномаларнинг шакли бироз бошқачароқ бўлади, чунки мусулмон халқлар дунёнинг турли чеккаларига тарқалиб кетган бўлиб, кўпинча ғайридинлар орасида яшамоқдалар. Бундай халқлар учун сулҳ шартномаси диний эътиқоди турлича бўлган кишиларнинг ўзаро муносабатларини тартибга солувчи маҳаллий қонунчиликнинг эътироф қилиниши шаклида бўлади.
Бундай ёндашув Қуръони Каримнинг қуйидаги оятларига тўлиқ асосланади:
«Албатта, иймон келтирган, ҳижрат қилган, Аллоҳнинг йўлида молу жонлари билан жиҳод қилганлар ва жой бериб, ёрдам кўрсатганлар, ана ўшалар бир-бирларига валийдирлар. Иймон келтирган, аммо ҳижрат қилмаганларга эса, то ҳижрат қилмагунларича, сиз ҳеч валий бўла олмассиз. Агар улар сиздан динда ёрдам сўрасалар, ёрдам бермоғингиз вожиб. Фақат сиз билан ўрталарида аҳднома бор қавм зиддига эмас. Аллоҳ нима қилаётганингизни кўргувчи зотдир.» (Қуръони Карим, 8: 72).
Халқаро миқёсда сулҳ шартномаси мусулмон мамлакатлар томонидан халқаро ҳуқуқ меъёрлари орқали номусулмон мамлакатлар мустақиллигининг тан олиниши, уларнинг БМТ ва бошқа халқаро ташкилотларда иштирок этиши ҳамда икки томонлама дипломатик муносабатларнинг ўрнатилиши шаклида бўлади.

3. Васатия – бу мавжуд имкониятлардан энг афзалини танлашдир.

Қуръони Карим (Фурқон) – яхши ва ёмонни ажратишдир. Инсон қийин аҳволда, икки имкониятдан бирини танлаши керак бўлган барча ҳолатларда мусулмон киши «кўпроқ яхшиликни» ёки «камроқ ёмонликни» танлаши лозим бўлади.
«Ёмонликнинг жазоси ўз мислидек ёмонликдир. Ким афв этиб ислоҳ қилса, унинг ажри Аллоҳнинг зиммасидадир. Албатта, У зот золимларни севмас.» (Қуръони Карим, 42: 40).
Мавжуд барча имкониятлардан энг афзалини танлаш, тинчликка имкон қадар кам талафот билан эришиш – васатиянинг энг асосий тамойилларидан биридир.
Шуни ҳам ёдда тутиш лозимки, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари ҳам «Исломда энг афзал амал қайси?» деган саволга турли вазиятларда ва турли кишиларга турлича жавоб берганлар. Масалан, бадавлат, бироқ сал хасисроқ кишига «Энг афзал амал - садақадир» деганлар, итоатсиз йигитга «Ота-онага итоат қилиш» деганлар, дангаса ва қўрқоқроқ кишига «Аллоҳнинг йўлида жиҳод қилиш» деб жавоб берганлар. Бу уч кишига берилган жавоб уларнинг ҳар бири учун энг муҳим йўлни – кишини Аллоҳга тоат-ибодатдан узоқлаштирувчи нафси амморани енгиб, солиҳ йўлга киришнинг энг афзал йўлини кўрсатиб берган эди.
Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг жавобларидан бундай тафовут бизга, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни ўзи учун намуна деб билувчи сунна вал жамоа аҳлига, шариатга асосланган ҳолда қарор қабул қилишда мавжуд вазият ва шароитни чуқур ўрганиб, барча омилларни эътиборга олиш зарурлигини кўрсатади. Буюк мужтаҳид имом Шофеъий роҳматуллоҳи алайҳининг Мисрда ва Ироқда икки хил мактаблари бор эди, чунки бу зот ушбу икки минтақанинг маҳаллий шароитлари ва ўзига хос хусусиятларига қараб баъзи саволларга икки хил жавоб берар эдилар.
Васатиянинг энг муҳим тамойилларидан бири ёндашувнинг яхлит, тўлиқлигидир. Ақидага солиҳ уламоларнинг яхлит ижтиҳод тизим деб эътиқод қилиш ва унинг баъзи қисмларида ҳаддан ошиб, баъзи қисмларига енгил қараш мумкин эмас. Иккинчи даражали масалани деб Исломдаги асосий, муҳим нарсани четга суриб қўйиш эса мутлақо мумкин эмас.
Ислом биздан ғайридинлар билан адолат доирасида мулоқот қилишни талаб қилади. Шунга қарамай, дастлаб улар ҳақидаги барча мавжуд фикрларимиз ичидан энг афзалини танлаб олиб, «ҳусни зон»да бўлишимиз, яъни улар ҳақда яхши фикрда, яхши гумонда бўлишимиз лозим. Биз ғайридинларни ҳам Яратганга ишонади деб билсак (агар бу фикрни ўзлари ошкора рад этмасалар), аҳли китобларни эса ҳазрати Мусо ва Исо алайҳимассаломлар олиб келган ҳақ йўлда, тавҳидда собитқадам деб билсак, яхшироқ йўлни тутган бўламиз. Инсон тирик экан, унинг охиратдаги тақдири ҳали ҳал қилинмагандир, демак у ўз дунёқарашини тўғри томонга ўзгартириши мумкин, Аллоҳ Таоло унга бу йўлни ўз ихтиёри билан, бировнинг босимисиз танлаш ҳуқуқини бериб қўйган.
Бундай ёндашув дўстона мулоқот эшикларини очиб беради ҳамда ҳатто фикрлар қарама-қарги бўлган тақдирда ҳам низоларнинг олдини олади. Бир тўхтамга кела олмаган томонлар музокарани тинчлик билан якунлайдилар, ижтимоий масалаларда ҳамкорлик қилувчи тинч-тотув қўшни бўлиб қоладилар, зеро бу соҳада бизнинг кўпгина қарашларимиз муштаракдир.
Шундай қилиб, гапни мухтасар қиладиган бўлсак, васатия тушунчаси диний таълимотларнинг қандайдир махсус бўлими эмас, балки Аллоҳ Субҳанаҳу ва Таолонинг ҳар биримизга тааллуқли бўлган амридир, мусулмон кишининг ички дунёсидир. Ушбу амрни адо этиш эса бизнинг Аллоҳ Субҳанаҳу ва Таолога тоатимиз, ибодатимиздир.
Радикал салафийлар адолат тушунчаси васатия тушунчасини тўлиқ қамраб олгандир, дейдилар. Бироқ бу бироз мантиқсиз қарашдир, чунки адолат алоҳида бир тушунча бўлиб, бу икки сўз бир маънони англатса, Қуръони Каримда бу икки сўз бошқа-бошқа жойларда келмас эди. Аммо бундай қараш бу қарашнинг муаллифларига қарши далил бўлиб чиқади: адолат сўзининг келиб чиқиши «тўғрилаш, тузатиш» деган маъноларга тўғри келади, бинобарин васатия сўзини бу жараённинг натижаси сифатида, яъни «ўрта, мўътадил, тўғри, адолатли, энг яхши мувозанат, афзал» деган маънода тушуниш керак бўлади. Васатия мўътадил, ўртача ҳолат бўлса, адолат ана шу ҳолатдан четлашувларни васатия ҳолатига келтириш воситасидир. Бироқ бу восита ушбу мақсаддаги ягона восита эмас, зеро Қуръони Каримда Аллоҳ Субҳанаҳу ва Таоло қуйидагича марҳамат қилган оятлар ҳам бор: «Унинг олдида ҳам, ортида ҳам таъқиб қилгувчилар бор. Улар уни Аллоҳнинг амри ила ҳифз қилиб турурлар. Албатта, то бир қавм ўзларини ўзгартирмагунларича, Аллоҳ уларнинг ҳолини ўзгартирмас. Агар Аллоҳ бирор қавмга ёмонликни ирода қилса, бас, уни қайтариб бўлмас ва улар учун Ундан ўзга валий ҳам йўқ.» (Қуръони Карим, 13:11).
Бугунги кунда васатия ғоясининг илгари сурилиши – бу ҳақиқатдан ҳам анъанавий Исломга – инсониятнинг, замон ва маконнинг ўзгаришларидан қатъи назар қандай нозил бўлган бўлса, қандай сақланиб келаётган бўлса, шундайлигича қоладиган соф Исломга қайтишдир. Биз «Исломда энг афзал амал қайси?» деган саволга бугунги кунимизга, бугунги вазиятга ва юзага келган шароитларга тўғри келадиган жавобларни ўзимиз қидириб топишимиз лозим. Фақат бу йўлда ўз ғуруримиз ва кибримизга эргашмай, Роббимиз бизга омонат топширган нарсани олишга холис ва қатъий ният қилишимиз керак, холос.

Доктор Али Вячеслав Полосин

back to top