Ижтимоий уйдирмалар гирдобида

Ижтимоий уйдирмалар гирдобида

Кундан кунга мобиллашиб бораётган дунёда умримиз қизиқарли ўтмоқда. Мобил алоқалар, мобил учрашувлар, мобил мулоқот,  мобил назар, мобил муаммолар ва ҳаттоки, уларнинг мобил ечими ҳам бизларни ўраб олган.

Устига устак, қаторда хато бўлмасин деб мобил таҳлил ҳам ҳозиру нозир. Таҳлил ҳам мобил бўларкан-да дейдиган одамнинг ўзи йўқ! Майли, балки биз замондан орқада қолгандирмиз, аммо вақтнинг баракаси учиб кетаётгани бор гап. Баъзи одамларнинг наздида ҳозирги кунда вақт торайиб, бошқаларнинг фикрича эса тезлашиб бормоқда. Аммо мантиққа зид бўлса-да эътироф этишимиз керакки, вақтнинг торайиши унинг кўпайишига сабабчи бўларкан. Бу эса, ўз навбатида, бўш вақтимиз ва имкониятларимиз кенгайишига олиб келмоқда. Хўш, биз бўш вақтимизни нимага сарфлаяпмиз? Имкониятларимиздан қандай фойдаланяпмиз? Мисол тариқасида мобил мулоқотини олайлик. Кўз ўнгимизда мулоқот тушунчасининг моҳияти шу даражада ўзгариб кетдики, статус, фотосурат ва смайликларнинг ўзаро алмашуви оддий инсоний муносабатлар ўрнини эгаллади. Масалан, сиз янги жойга боришингиз биланоқ ижтимоий тармоқдаги саҳифангизга статус, расм ва кайфиятингизни акс эттирувчи смайликлар жойлаштириш ҳаркатига тушасиз. Виртуал оламдаги “дўстларингиз”нинг завқини келтирган бу ишингиз лайклар орқали олқишланади. Турли ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларнигизни мунтазам кузатиб бораркансиз,  сиз ҳам “қарс икки қўлдан чиқади” деган нақлга амал қилиб “дўстларингизнинг” ҳаётида рўй бераётган ўзгаришларига смайл ёки лайк ёрдамида ўз муносабатингизни билдириб турасиз. Шу билан бирга, ора-чорада янгилик ва хабарларга ҳам кўз югуртиришга улгурасиз. Осиёда қочқинлар тўла қайиқ чўкиб кетганидан, Европада навбатдаги террор ҳужуми содир бўлганидан, АҚШда йўловчиларнинг устига ўз уловини ҳайдаган ҳайдовчига қарата ўқ узилганидан хабардорсиз-ку, бироқ бу воқеалар хусусида ўйлашга на вақтингиз, на хоҳишингиз бўлади. Фаровон Европадаги айримачилик ва Жанубий-Шарқий Осиёдаги қирғинбарот ҳақидаги янгиликларга эътибор қаратишингиз билан бир қаторда, ижтимоий сўровнамаларда иштирок этишни ва шоу-бизнес вакилларининг учрашувидан олинган репортажга изоҳ қолдиришни ҳам уддасидан чиқишингиз керак. Дарҳақиқат, бугунги кундаги мобил ҳаётдаги тўхтовсиз ҳаракатланиш жараёнида жиддий воқеалар бачкана аҳамиятсиз нарсалар билан аралашиб кетди. Дарвоқе, биз ҳамма нарсадан хабардормиз, аммо ҳеч вақо билмаймиз. Кўп ҳолларда фойдасиз ва беҳуда, аммо баъзида муҳим янгиликлар келтирувчи улкан маълумот оқими ичида бўлсак-да, афсуски, уни кўздан кечириб синчиклаб ўрганишга ва мағзини чақишга ҳафсала қилмаймиз. Ундан кўра биз учун биринчи навбатда трендда бўлиш (ҳамма нарсадан бохабар) ва мобил ҳудуддаги воқелик билан ҳамнафас бўлиб ундан ортда қолмаслик муҳимроқдир. Ҳозирги кунда дўппини ерга қўйиб атрофда рўй бераётган ҳодисаларга назар солиш, уларни теран ўйлаб тўғри хулоса чиқариш каби ёндашув анқонинг уруғидек бўлиб қолгандек. Калтафаҳмлик, таффакур чекланганлиги ва дунёқараш торлиги тобора чуқур илдиз отиб бораётганидан парвоимиз фалак. Бизларга қочқинлар ҳақида ўйлашдан, террор ҳужумлар сабабини излашдан, айримачилар ортида ким тургани тўғрисида фикр юритишдан кўра янгилик ва хабарлар билан юзаки танишиш ўнгайроқ. “Дўстлар” ва “фолловерлар” даврасида бўлиб яна бир статус ёки расмга муносабат билдириш ва изоҳ қолдириш билан кунларимиз ўтмоқда. Шундай ҳаёт кечириш тўғримикан?   

Умар Одил

Юқорига