Берни Сандерс Саудия ҳукмдорларини Фаластин борасида кескин танқид қилди

AFP/ file photo AFP/ file photo

АҚШ Сенатори Берни Сандерс Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад ибн Салмонни Ғазо секторидаги гуманитар бўҳронга етарлича эътибор қаратмаётгани учун кескин танқид қилди.

Ўзини Исроил ва тинчлик тарафдори деб билган яҳудийларнинг J Street ташкилоти 16 апрел куни уюштирган йиғилишда сўзлаган Берни Сандерс фаластинликларни етарлича қўллаб-қувватламаётгани учун Саудияни кескин танқид қилди.
“Мен валиаҳд шаҳзодага ва минтақанинг мулти-миллиардер бошқа етакчиларига, Ғазо секторидаги қашшоқлик ва кулфатлар ҳақида қуруқ гаплар айтишни тўхтатинг. Унинг ўрнига қандайдир фойдали иш қилинг деб айтмоқчиман”, - дея баёнот берди АҚШ сенатори.
“Саудия Қироли фаластинликларга инсонпарварлик ёрдами кўрсатадиган БМТ ташкилотига 50 миллион АҚШ доллари беришни ваъда қилганини кеча эшитдим. 50 миллион доллар оз пул эмас. Аммо бу валиаҳд шаҳзода ўз яхтаси учун тўлаган пулнинг атиги 10 фоизини ташкил қилади”, - дея Саудия ҳукмдорларини истеҳзо билан танқид қилди сенатор Сандерс.
Миддлийстай нашрга кўра, Саудияда коррупцияга қарши кураш кампанияси етакчиси бўлган валиаҳд шаҳзода катта пул сарф-ҳаражат қилмоқда. У ўтган йил Да Винчи мўйқаламига мансуб бўлган суратни 450 миллион АҚШ долларига сотиб олган.
Нашрга кўра, бин Салмон шу ой АҚШга сафари чоғида Америка ширкатлари билан миллиардлаб долларга шартномалар имзолагани эълон қилинган.
АҚШ президенти лавозими учун собиқ даъвогар Берни Сандерс Ирсоил ҳукуматини ҳам фаластинликлар нобуд бўлган Ғазо Секторидаги тинч намойишчиларга қарши ўқотар қурол қўллаганини қоралади.
Берни Сандерс фикрича, ўтган ой давомида Исроил раҳбарлари намойишга чиққан фаластинликлардан хаддан зиёд хадиксираб куч қўллаган.
Сандерс, намойишчилар орасида Ҳамас аъзоларининг ҳам бўлгани қуролсиз намойишчиларни ўққа тутиш учун баҳона бўла олмайди, дея таъкидлаган.
Ғазо Секторида яшайдиган фаластинликлар 30 март куни намойишлар бошлаганидан бери Исроил кучлари намойишда қатнашган ўнлаб фаластинликни, жумладан, болалар ва журналистларни отиб ўлдирди.
Зўравонликлар оқибатида 34 фаластинлик нобуд бўлди, 2000 нафар намойишчи ярадор бўлди.
Прогрессив демократ Берни Сандерс Исроилни “Ғазони ғайриинсоний тарзда қуршовда ушлаб тургани” учун кескин қоралади.
БМТ, ёшлар орасида ишсизлик 60 фоиздан юқори бўлган, икки миллион аҳоли истиқомат қилаётган Ғазо Секторида “яшаш имконсиз бўлиб қолгани”ни билдирган.

16 апрел куни “J Street” ташкилоти уюштирган йиғилишда сўзлаган миллий хавфсизлик бўйича АҚШ президентининг собиқ маслаҳатчиси Сюзан Райс ҳам Исроил ҳукуматини мустақил Фаластин давлати тузилишига қаршилик қилиб келаётгани учун қоралади.
Райс хоним АҚШ президенти Доналд Трамп Исроилдаги вазиятни оғирлаштиргани ва Фаластиндаги вазиятни “ундан ҳам баттар қилгани”ни сўзига қўшимча қилди.
Можарони ҳал этиш учун Трамп илгари сурган “аср келишуви”ни фаластинликлар инкор қилган.


Йиғилишда сўзга чиққан Фаластиннинг Вашингтондаги элчиси Ҳусам Зомлот Фаластин мухторияти икки мустақил давлат бўлишига қарши эмаслигини аммо Қуддус шаҳридан ҳеч қачон воз кечмаслигини таъкидлади.
“Шарқий Қуддус ва фаластинлик қочқинлар муаммоси ҳал этилмасдан ҳеч қандай давлат бўлмайди”, - дея баёнот берди Фаластиннинг Вашингтондаги элчиси Ҳусам Зомлот.

back to top