Замонавий тиббиётнинг асоси бўлган мусулмонлар қаламига мансуб бешта китоб

Замонавий тиббиётнинг асоси бўлган мусулмонлар қаламига мансуб бешта китоб

Агар сиз соғлом ҳаёт тарзи, тўғри овқатланиш ва жисмоний машғулотлар ҳақидаги тавсия ва маслаҳатлар замонавий тиббиётнинг кўрсатмалари десангиз, қаттиқ янглишасиз.

Замонавий тиббиёт бу тўхтамга келишидан бир неча асрлар аввал тиббиёт илми Ислом тамаддунининг фикри-зикри эди. Минг йил олдин мусулмонлар ҳозирги кундаги инсон саломатлигига оид долзарб муаммоларни тавсифлаб берувчи бешта китоб тақдим этишган. Инсониият тарихида одамларнинг сиҳат-саломатлиги ҳақида қайғуриш катта аҳамиятга эга бўлган. Аксарият ривожланган мамлакатлар соғлиқни сақлаш ва тиббиёт соҳаларига ўз ҳиссаларини қўшган. Аммо Ислом тамаддунинг ҳиссаси беқиёс ва ноёбдир. Мусулмон давлати таракққиётининг Олтин асрида беморларга қараш ва даволаш бепул бўлган. Ислом мамлакатининг кўплаб шаҳарларида касалхоналар барпо этилган бўлиб, у ерда ўз замонасининг энг илғор муолажа ва даволаш услублари қўлланилган. Касалхоналарда кўз гавҳарининг хира тортишини жарроҳлик орқали тузатиш, мунтазам эмлаш тадбирлари, чиққан суякларни ўрнига солмоқ ва тиббий таълим каби амалиётлар одат тусига кирган эди. Шунингдек, фуқароларнинг узоқ яшаши ва соғлиқларини сақлаши учун уларга тўғри овқатланиш ва жисмоний машғулотлар муҳимлиги ҳақида маълумот бериш давлат сиёсати даражасига кўтарилган эди. “Тиб бу инсон танини ўрганувчи илм бўлиб, унинг асосий мақсади соғ танни баҳоли қудрат сақлаб қолиб заифини эса тўғрилашдир” (Ибн Сино, “Тиб қонулари”, XI аср). Аксарият олимлар пала-партиш овқатланишнинг салбий таъсири ҳамда саломатликни асрашда жисмоний машғулотларни бажариш, парҳезкорлик ва уйқунинг муҳимлигини эътироф этишган. Бу тамойиллар замонавий тиббиётнинг соғлиқни сақлаш ва касалликларни олдини олиш борасидаги қоидаларига жуда ўхшашдир.

Эътиборингизга ўша даврнинг сара китобларини ҳавола этамиз.

  1. Ибн Сино. “Тиб қонунлари”, XI аср.

Авиценна номи билан бутун дунёга танилган буюк ватандошимиз Шайхул-Раис Шарафул-Мулк Абу Али ал-Ҳусайин ибн Абдуллоҳ ибн ал-Ҳасан ибн Али ибн Сино 980 йилда Бухоро шаҳри яқинида туғилган. Тиббиёт ва фалсафа соҳаларига оид асарлари Ибн Сино бобомизга оламшумул машҳурлик олиб келди. Айниқса, тиббиёт йўналишида ёзилган “Ал Қонун фи-т-тиб”(“Тиб қонунлари”) китоби XII аср охирларида лотин тилига таржима қилиниб, Европанинг илғор тиббиёт дорилфунунларида асосий ўқув қўлланмаси сифатида фойдаланилган. Китобнинг учинчи қисмида ортиқча вазн муаммоси ёритилган бўлиб, муаллиф ҳаддан ташқари семириб кетишни касаллик деб таърифлаган. Ибн Сино бобомиз ушбу дардни даволаш учун оғир жисмоний машғулотлар билан шуғулланиш ҳамда ёғсиз озиқ-овқатлар тановул қилишни тавсия этган.

  1. Ибн Ан-Нафис. “Тиб маҳорати”, XIII аср.

Ибн Ан-Нафис номи билан дунёга танилган Алоуддин Абдулҳасан Али Абу Хазм ал-Қурайший ад-Дамашқий XIII аср бошларида Дамашқ ёнида туғилган. У Ан-Нур тиббиёт мактабида машҳур олим Муҳадабиддин ад-Даҳвардан таълим олган. Кўплаб китоблар ёзган Ибн Ан-Нафис ўзининг “Китабул Шомил фил Сина ат-Тиббийна” (“Тиб маҳорати”) асари билан шуҳрат қозонган. Ўзининг “Ал-Мўъжиз фи-т-тиб” (“Тибнинг мухтасар китоби”) асарида муаллиф ортиқча вазн билан юрак-томир, ички безлар ва нафас олиш йўллари касалликлари ўртасида боғлиқликни аниқлаган”.

  1. Ибн Ҳубал. “Тиббий тўплам”, XII аср.

Ибн Ҳубал Ал-Бағдодий (1121–1213) – араб олими ва шифокори. 1165 йилда Ироқнинг Мосул шаҳрида ёзилган “Китаб ал-мухтатарат фи-т-тиб” (“Тиббиёт бўйича мухтасар қўлланма”) асари билан Ибн Ҳубал бутун дунёга донг таратди. Ўз китобида муаллиф ҳаддан ташқари семириб кетган одамларда турли хил касалликларга мойиллик мавжудлигини таъкидлаган. Муолажа сифатида ортиқча вазнни йўқотиш учун оч қоринга оғир жисмоний машқлар бажариб аста-секинлик билан машғулотлар ҳажмини қўпайтиришни тавсия этган.

  1. Ар-Розий. “Ал-Ҳави” (“Тиб илмини қамраб олувчи китоб”), Х аср.

Абу Бакр Муҳаммад ибн Закариё Ар-Розий Теҳрон яқинида туғилиб, 30 ёшида тиб илмини ўрганиш учун Боғдодга боради. У ерда аъло даражали таълим олгач, тез орада моҳир шифокор сифатида танилади. Унинг кўплаб китоблари лотин тилига ўгирилиб бир неча асрлар давомида Европа шифокорларининг қўлланмаси сифатида фойдаланилган. У ўз ҳаётий тажрибаси ва шифокорлик амалиёти ҳамда ўтмишдошларининг ўй-фикрларини чуқур таҳлил қилиш натижасида ортиқча вазн тўғрисидаги ўз даврига оид турли хил маълумотларни тақдим этган. Шу билан бирга, у соғайиб кетган тоши оғир беморларнинг қандай қилиб шифо топганларини уларнинг касаллик варақаларида қайд этиб борган. Батафсил ёритилган муолажа парҳезкорлик, дори-дармонлар қабул қилиш, жисмоний машқлар бажариш, силаб-уқалаш ва сув билан даволаш сингари усуллардан иборат бўлган. Қолаверса, “Китаб Манафи ал-Аъдийа ва Дафи Дадарриҳа” (“Овқатланишнинг зарарларини даф этиш ҳақида”) ҳам Ар-Розий қаламига мансуб.

  1. Самарқандий. “Соғлом одамнинг емоғи ва ичмоғи”, XII аср.

Нажбиддин Ҳамид Муҳаммад ибн Али ибн Умар Самарқандий. Бу ватандошимиз қисқа умр кўрганига қарамай, тиббиёт илми бўйича кўплаб китоблар ёзишга улгурган. Жумладан, “Сабаблар ва аломатлар китоби” Самаркандийнинг энг машҳур асари ҳисобланади. “Доривор воситалар ҳақида” – муаллифнинг яна бир сара асаридир.  Унинг китоблари замондошлари орасида катта шуҳрат қозонган.

 

back to top