«Hilol-nashr» III Евроосиё китоб кўргазмасида иштирок этади

«Hilol-nashr» III Евроосиё китоб кўргазмасида иштирок этади

«Hilol-nashr» нашриёти 25-28 апрель кунлари Қозоғистон пойтахти Остона шаҳрида ўтказиладиган «Eurasian Book Fair – 2018» – III Евроосиё китоб кўргазмасида иштирок этади. Қозоғистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги ҳамда Остона шаҳри ҳокимияти кўмагида «Foliant» нашриёти томонидан ташкиллаштирилган ушбу кўргазма-ярмаркада Осиё ва Европа мамлакатларида фаолият юривтувчи 120 дан ортиқ ноширлик компаниялари иштирок этиши кутилмоқда.

Кўргазмада Ўзбекистон номидан иштирок этадиган «Шарқ», «Ўзбекистон», «Ўқитувчи», «Чўлпон», «Ғофур Ғулом» ва бошқа узоқ йиллик тажрибага эга етакчи нашриётлар қаторида «Hilol-nashr»нинг ҳам мавжудлиги нашриётимиз учун янги бир қадам ва катта шарафдир.


Бу йилги Евроосиё китоб кўргазмасига Ўзбекистондан келган делегация юртимизда чоп этилган бир-биридан чиройли ва мазмунли китобларни тақдим этиш билан бирга китобхонларга турли мавзуларда маърузалар қилишни ҳам режалаштирган. Хусусан, Ўзбекистон Халқ шоири, сенатор Иқбол Мирзо «Общность мотивов дружбы в творчестве Навои и Абая» мавзусида, Олий Мажлис депутати Расул Кушербаев «Узбекистан - Казахстан: новый этап сотрудничества, основанного на исторической дружбе и стратегическом партнерстве» мавзусида ҳамда «Шарқ» нашриёти Бош муҳаррири ўринбосари Носиржон Жўраев «Энциклопедический словарь Алишера Навои: общее выражение истории тюркских Народов» мавзуларида маъруза қилишади.


Бизни қувонтирган яна бир жиҳат кўргазма давомида халқимизнинг улуғ фарзанди, «Hilol-nashr» нашриёти асосчиси шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг ҳаёти ва илмий фаолияти ҳақида «Шейх Мухаммад Содик Мухаммад Юсуф: великий представитель исламского мира» мавзусида алоҳида маъруза қилиниши режалаштирилган. Кўргазмада шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг «Hilol-nashr»да чоп этилган рус ва ўзбек тилларидаги 100га яқин китоблари ўқувчилар эътиборига ҳавола қилинади.


Бундан ташқари мазкур халқаро тадбир доирасида турли мамлакатлардан келган ёзувчи ва шоирлар билан учрашувлар, кичик ёшдаги китобхонлар учун алоҳида тадбирлар, турли халқларнинг кичик маданий-мусиқий тадбирлари ўтказилиши кўзда тутилган.
Евроосиё ҳудудида энг катта маърифий тадбирлардан бири ҳисобланган ушбу кўргазма қардош ва бошқа халқлар маърифат оламидаги янгиликлардан хабардор бўлиш, турли давлатлар нашриётлари ўртасида ўзаро тажриба алмашиш ҳамда халқлар орасидаги маданий-маърифий соҳаларда ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантиришга хизмат қилади.

Юқорига