“Европа 1”: Тарихда ИШИД каби бой террорчи гуруҳ бўлмаган

www.express.co.uk www.express.co.uk

Франция пойтахти Парижда 70дан ортиқ давлатнинг 500дан зиёд мутахассиси учрашиб ИШИД ва Ал-Қоида каби террорчи гуруҳларнинг молиявий таъминот манбаларини аниқлаб уларни қирқиш масаласини муҳокама қилдилар.

Айни пайтда разведка бўйича экспертлар, Ироқ ва Сурияда босиб олган улкан ҳудудларни ҳукумат кучларига бой берган ИШИД террорчилари яширинча қайта гуруҳларга бирлашаётгани хусусида хавотир билдирмоқда.
Франциядаги “Европа 1” радиоси маълумотига кўра, ИШИД каби молиявий жиҳатдан бой террорчи гуруҳ тарихда ҳеч қачон бўлмаган.
Экспертлар фикрича, ИШИД етакчиси Абу Бакр Ал-Бағдодий иҳтиёрида шунчалар кўп пул борки, у хатто “Франция ҳаво йўллари” каби улкан авиаширкатни ҳам бемалол сотиб олиш имкониятига эга.
Британиянинг “Экспресс” нашри маълумотига кўра, ИШИД Ироқ ва Суриянинг катта қисмини босиб олган пайтда нефт контрабандаси, ўзгалар мулкини тортиб олиш, ўғрилик ва одам савдосидан бир кунда миллионлаб доллар пул ишлаган.
ИШИД 2015 йилда фақат нефт контрабандасининг ўзидан қарийиб $ 500 миллион АҚШ доллари (£350 миллион ) миқдорида фойда кўрган.
Сурия ва Ироқ шимолида жойлашган нефт манбаларига бой ҳудудларни босиб олиб бир неча йил фойдаланган ИШИД, шунингдек, Ироқда ўстирилган буғдойнинг 40 фоизини ва Сурияда етиштирилган пахтанинг 80 фоизига эгалик қилган.
Франциянинг Ле Монд нашри маълумотига кўра, ИШИД қозонган пуллар “уддабуронлик билан” қонуний бизнесга, жумладан, Ироқдаги балиқчилик фермаларига, Яқин Шарқ давлатлари ва Туркиядаги молиявий хизматлар тизимларига ётқизилган.
Айни пайтда, 2,6 миллиард фунт стерлинг ($ 3 миллиард 580 миллион) миқдорида пул маблағига эга экани тахмин қилинаётган ИШИД нинг молиявий қудрати Ғарб давлатларида жиддий ташвиш уйғотмоқда.
Экспертлар фикрича, ИШИД ўз иҳтиёридаги маблағдан яширин фаолият юритишда, қайта гуруҳларга бирлашишда ҳамда пайт пойлаб террор ҳужумлари уюштиришда фойдаланиши мумкин.
Мутахассислар террорчи ташкилотлар халқаро пул ўтказмаларини амалга оширишда ва ноқонуний йўл орқали топилган пулларни қонунийлаштиришда тобора мураккаб усулларни ишга солаётганини айтмоқда.
Ортда қолган ҳафтада Париж шаҳрида “Террор учун пул йўқ” шиори остида ўтган халқаро анжуман ташкилотчилари йиғилиш қатнашчиларини террорчи гуруҳларнинг молиявий манбаларини қирқиш йўлида мувофиқлашган чоралар кўришга ва халқаро пул ўтказмаларининг шаффофлигини таъминлашга чақирди.
Айни пайтда, 25 апрел куни Брюссел шаҳрида йиғилган халқаро донор мамлакатлар вакиллари март ойида фуқаролик уруши бошланганига саккиз йил тўлган Сурияга молиявий ёрдам кўрсатиш масаласини муҳокама қилдилар.

back to top