Усмонлилар даврида жорий қилинган Рамазонга оид ажойиб амаллар

Усмонлилар даврида жорий қилинган Рамазонга оид ажойиб амаллар

Усмонли давлати олти аср давомида дунёнинг энг қудратли мусулмон салтанати бўлган. Ислом бу мамлакатнинг ажралмас қисмига айланган бўлиб, ҳаётнинг барча жабҳаларига ўз таъсирини ўтказган. Ўша даврларга хос баъзи бир урф-одатларни эътиборингизга ҳавола этамиз.

Ойлар султони

Усмонли давлатида Рамазон ойига тайёргарлик Шаъбон ойининг 15 чи кунидан бошланарди. Шу куни “Султон ҳадялари карвони” Макка ва Мадина шаҳарларига юборилиши анъана тусига кирган эди. Мамлакат масжидларда шарбат ва луқум улашилиб, одатда қоронгу бўлган кўчалар ёритиларди. Масжидларда ўрнатилган байрамона ёритгич ва чироқлар бутун Рамазон ойи бўйлаб ўчирилмасди. Минора ва баланд тепаликларда ҳилолни кузатишга тўпланган одамлар янги ой туғилишини кўриши биланоқ, дўмбиралар чалиниб, барчага Рамазон кириб келгани эълон қилинарди. Ҳилолни кўрган биринчи инсонга маҳсус совға топшириларди. Бизни даврга келиб бу анъана фақатгина Мисрда сақланиб қолган бўлиб, ҳукумат янги ой кўрган одамни муносиб тарзда тақдирлайди. Ҳозирги кунда Туркияда дўмбирадан саҳарликка уҳлаб қолганларни уйғотишда фойдаланилар экан. Усмонли давлати даврида эса одамлар тонггача ибодат қилиб, бомдоддан кейингина уйқуга кетишаркан.

 

Ифторга келган Аллоҳнинг меҳмони

Туркларда “Рамазонда ўзинг ҳам ейгин ва бошқаларни ҳам унутма” қабилида мақол бор. Унга кўра, ифторлиқ пайтида ҳамма уйларнинг эшик ва дарвозалари очиқ бўлиб, биронта йўловчи келиб: “Аллоҳнинг меҳмони оғиз очмоқчи” иборасини ишлатса, ўша заҳоти шу одамни алоҳида ёзилган дастурхонга таклиф қилиб, унга ҳурмат-иззат кўрсатиларкан. Султон саройида эса бутун Рамазон ойи бўйлаб ифториклар ташкил қилиниб, у ерга обрў-эътибори ва мавқеига қараб меҳмонлар таклиф этиларкан. Биринчи навбатда шайхул-Ислом ва уламолар, кейин ҳарбийлар , давлат хизматчилари ва сўнгги ўринда сарой ҳизматкорлари вазирлар назорати остида ёзилган дастурхон атрофида йиғилишаркан.  

Ноз-неъматлар мол-кўллигидан тўлиб тошган ифторликлар уюштиришни олдини олиш ва исрофга йўл қўймаслик мақсадида Султон Маҳмуд II даврида маҳсус фармон қабул қилинди. Унга кўра, саҳарлик ва оғиз очишга ёзилган дастурхонларда фақатгина еттита таом бўлиши белгиланган экан. Бурса шаҳрида эса Рамазон пайтида ажойиб одат жорий қилинган бўлиб, ифторликка келган меҳмонларга Қуръони Карим суралари битилган қошиқчалар тарқатиларди. Таваккалига олинган қошиқ соҳиби сура номи қайд этилган жойга ўтириши шарт бўлган. Бундан мақсад, бир дастурхон атрофида жамиятнинг ҳар ҳил қатламларига мансуб одамларни тўплаш эди. Ифторликдан сўнг қошиқчалар ёқиб юборилиб, кули атиргул боғларида ўғит сифатида ишлатиларди.

 

Рамазон бошланиши

Аввалроқ айтганимиздек, Рамазон кириб келиши дўмбиралар ёрдамида эълон қилинарди. Ифторлиқ вақти эса Қиз минорасидаги замбаракдан ўқ отилиши билан маълум қилинган. Қизиқ жиҳати шуки, Рамазондан бошқа ойларда бу замбарак ишлатилмасди. Рамазоннинг биринчи жумъа намози Айа София, иккинчиси Айюб Султон, учинчиси Султон Фотих, тўртинчиси эса Султон Сулаймон масжидларида адо этиларди. Бой-бадавлат нсонларнинг уйларида таровеҳ намози учун алоҳида намозхоналар мавжуд бўлиб, у ерга хоҳлаган одам келиб, уй соҳиби таклиф этган қори тиловатидан баҳраманд бўлиб, биргалашиб намоз ўқиш имкониятига эга бўлган. Истанбулнинг деярли ҳар бир сабили (муздек сув ичиш учун мўлжалланган жой) ёнида мевали яхна ичимликлар тарқатилиши йўлга қўйилган эди. Султон Аҳмад майдонида жойлашган Немис булоғидан эса бутун Рамазон ойи давомида шарбат оқиб турган.

 

Тишимни бераман, аммо ижарага

Усмонли давлати даврида яна бир қизиқ анъана бўлиб, уй соҳиби ифторликка келган меҳмонларга пул ва ҳар ҳил совғалар улашарди (Аллоҳ шу одат бизда жорий қилинишидан асрасин). Ўша даврдаги расм-русмга кўра, меҳмон мезбонга ўз тишларини ижарага берган бўлиб, ифторлик якунланганидан сўнг ижара тўлови олишга ҳақли эди. Ушбу одатни биринчи бўлиб жорий қилган инсон бу Фотиҳ Султон Маҳмуднинг вазири Маҳмуд Пошшо бўлган. Унинг кўрсатмаси билан тайёр ошга нўхатдек келадиган тилла солиниб, шу тариқа паловдан тановул қилган меҳмонга тиш ижараси тўланарди.   

back to top