Али Банат ким?

AboutIslam.net AboutIslam.net

Али Банат ким?

Тобора шиддатлашиб кетаётган замонамизда инсон ва унинг қадри пасайиб бораётгани ҳеч кимга сир эмас. Шундай эмасми!? Ана шундай бир вақтда инсонларга яхшилик улашгувчи, қалбларни забт этувчи, дилларга умид кўчатларини экувчи инсонлар ҳам бор албатта.

Ҳозирда сизларга таништирмоқчи бўлганим узоқ Австралияда истиқомат қилган, ўз вақтида ёш миллионерлардан бўлган, шу билан бирга Роббисига қулликнинг юқори наъмунасини кўрсатиб бера олган биродаримиз Али Банатдир.
Али умри давомида бир киши эришиши мумкин бўлган моддий нарсаларнинг ҳаммасига эга эди. Ҳашаматли уй, қимматбаҳо машина, ҳамда миллионлаган пуллар шу жумладандир. Аммо, Аллоҳ таоло бандасига Ўзини эслатиш учун унга турли хил синовларни юборувчи ҳикматли Зотдир.

Кунларнинг бирида Алига саратон касаллиги ташхиси қўйилди. Шу кундан бошлаб Алининг ҳаёт йўлида кескин бурилиш юз берди. Ўлими яқинлашган Али бор будини камбағалу бева-бечоралар, ҳамда етимларга сарфлашга аҳд қилди.
У бу аҳдига кўра Африка сари йўл олди.
Али Африкада бир қишлоққа асос солади. Унга кўра қишлоқда икки юз бева аёллар ва олти юз етим болалар учун уйлар қурдиради. Бундан ташқари Али қишлоқ аҳолиси учун касалхона ва ишсизларни иш билан таминлаш мақсадида бизнес-маркази қурдиради.
Али Банат «Аллоҳ менга бу касалликни инъом этди. Биласизми нима учун!? Мен ўлимим тобора яқинлигини, тез орада ёлғиз қолишимни ва менга солиҳ амаллардан ўзга ҳеч нарса ёрдам бера олмаслигини англашим учун» дер эди.
Қадари Илоҳи ўз ишини бажарди. Юзлаб етимларни ўз қарамоғига олган, миллионлаб инсонларнинг эса қалбидан жой олган Али шу йили, муборак Рамазон ойининг ўн учунчи куни Роббиси дийдори сари, ўткинчи дунёдан абадий манзили сари кўчди.

Қисқа умрин яшаб ўтиб,
Манзил сари бугун етди.
Минг дилларга меҳр ёқиб,
Орамиздан Али кетди.
Неча-неча етимларни,
Бошин силаб ҳасталарни,
Эзиб бугун юракларни,
Орамиздан Али кетди.
Дунё унга бағрин очса,
Устидан дур-гавҳар сочса,
Яхшиликлар сари қочиб,
Орамиздан Али кетди.
Ўзиб кетди у бизлардан,
Солиҳ амал, савоблардан,
Боғлар қурди хароблардан,
Орамиздан Али кетди.
Робби сари ошиқди дил,
Тинмай зикр қиларди тил,
Жаннат бўлсин сўнгги манзил,
Орамиздан Али кетди.


Аллоҳим! Биродаримиз Али Банатни гуноҳларини авфу эт, солиҳ амалларини ўзига ҳамроҳ айла, ётган жойларини Жаннат боғларидан бир боғ айла. Бизларни эса ана шундай бандаларинг ортидан эргаштир...

Юсуф Муҳаммад тарёрлади

back to top